• 26 июнь GMT +05:00
  • 3930.91
  • 4396.02
Нега ўзини машина тагига отаётганлар кўпайиб бораяпти?
13.06.2017 23:49:54
1156 Одамлар орасида

Кеча ишдан қайтсам, поччамнинг яқин ўртоқлари уйда кутиб турган эканлар. Кўринишидан содда ва қўл учида умр кечиришларини билиш қийин эмас. Маълум бўлишича, бу одамнинг ўғли 1 йил аввал Келес кўприги яқинида бир аёлни туртиб юборган экан. Жабрланувчи аёл йўлни ўтиш мумкин бўлмаган жойидан тўсатдан кесиб ўтган бўлса ҳам, машина секин ҳаракатланаётгани туфайли катта жароҳат олмаган. 2016 йилда Зангиота суди қарори асосида 12 млн сўм маблағ жабрланувчига тўлаб берилган. Ундан ташқари сўнгги бир йил мобайнида дори-дармон, озиқ-овқат, бозор-ўчар қилиб гоҳ уйига, гоҳ касалхонага олиб боришар экан. 
Шифокорлранинг фикрича, аёл мутлақо соппа-соғ. Шунингдек, ҳайдовчининг сўзларига кўра, жабрланувчи аёл уйда ёки касалхонада уларни кўриши билан ўзини касалга солар, ўлда-жўлда гапириб, рол ўйнар экан. Қолаверса, тунги 12 ларда ҳам телефон қилиб, қорним оч, деб тансиқ таомларни олиб келишни талаб қиларкан. 
Маҳалла-кўйдаги суриштирувларга кўра, бу аёлнинг "катта ёзувчи"лиги маълум бўлди. Уйига ҳар куни суд ва прокуратура, турли давлат органларидан 10 талаб хатлар келар экан. Аёл ёлғиз ўзи туради ва қачонлардир опасининг ўғлини асраб олган. Буни қарангки, мана шу асранди ўғил бир куни суддан келган хатни сўрамай очгани учун, уни ҳам бу аёл судга берган экан.
Энг қизиғи -- аёл олдин ҳам автомобилнинг тагига кириб-чиққан. Унинг сўзларига кўра, унинг аввалги "қурбони" ҳам уни туртиб кетгани учун 4 минг доллар берган. Шундай бўлса ҳам у ҳайдовчини ҳам панжара ортига тиққан экан. Мендан маслаҳат сўраб келган одам оиласи билан ҳар гал кўргани борганларида уларни ҳам шу кўйга солишини айтиб, 4-5 минг АҚШ доллари талаб қилар экан. 
Айни пайтда умидвор бўлиб келган амакига ачинаман. Ўзлари оддий деҳқон эканлар. Судя, прокурорлар ҳам уларга энди бу аёлдан қутула олмасликларини айтибди. 
Суддан келиб уйдаги барча нарсани, яъни янги келиннинг мебел ва сепларини хатловдан ўтказишибди. Яқин кунларда олиб кетишар экан. 
Шуларни айтиб, умидвор кўзларини тикдилар. Шалоғи чиқиб кетган жигулига қараб, чуқур хўрсиндилар. 
Мен шу ҳикоядан кейин нега сўнгги вақтларда пойтахтимизда ўзини машинанинг остига отаётганлар кўпайиб бораётганига жавоб топгандек бўлдим. Наҳотки, бу борада қонунчилигимизда бирор ечим бўлмаса. Наҳотки, соппа-соғ аёл, товламачилик йўли билан одамларни талаётганини судя ёки терговчи тушунмаса. Судя ёки прокурор ўша товламачи аёлга қўшилиб, бир содда инсонни қийнаётганини наҳот тушунмаса. Ўша кундан буён шу саволларга жавоб топа олмайман. 
Сизда-чи, бирор мулоҳаза борми?

Шуҳрат Сатторов

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82