• 25 сентябрь GMT +05:00
Мажлисчилар қачон ишлайди ёҳуд бир "справка" ортидан
09.08.2017 15:00:37
2855 Одамлар орасида

 Бир неча кунлардан бери айрим ҳужжатлар керак бўлиб, тиббиёт маркази, солиқ идораси ва шунга ўхшаш идораларга ишим тушяпти. Мен турган шаҳар шундай шаҳарки - таниш билиш билан ҳамма иш осон ва тезда битади. Солиқдан «қарзи йўқ», деган маълумотнома олиш учун танишларни ишга солгим келмади. Арзимаган нарса, шундай бориб, олиб қўя қоламан, дедим. Ҳаммасини қонун бўйича, рисоладагидай олмоқчи бўлдим. Чучварани хом санаган эканман!

Оддий маълумотномани осонгина қўлга киритаман, деган хом-хаёлларим биринчи куниёқ саробга айланди. Эрталабда барча ходимлар мажлисда эканини айтишди. Вақтим тиғиз бўлгани учун кетдим. Кейинги куни қўл қўйиши керак бўлган бошлиқ ҳокимиятда мажлисда экан. Ҳамма нарса тайёр. Қўл қўйиши керак бўлган одам йўқ. Шу тариқа иккинчи кун ҳам ўтди. Учинчи куни ҳам қайсидир бошлиқ йўқ, бошқаси мажлисда... асаб бузилиб бир танишга телефон қилдим. Вазиятни тушунтирдим. "Ҳозир, икки дақиқада ҳал қиламиз", деди. Орадан икки дақиқа ҳам ўтмади. Телефоним жиринглади. "Ака, қаердасиз? Маълумотнома тайёр. Солиқ идорасига келиб туринг, беш дақиқада ўзим олдингизга олиб тушиб бераман". Кўзимдан ўт чиқиб кетди. Яшасин бюрократия! Икки дақиқада ҳал бўладиган масала учун нақ уч кун қатнадим.

Минбарларда туриб қонун устуворлиги, буюк давлат стратегияси каби гаплар эртакдан бошқа нарса эмас. Мен у даражада ватанпарвар эмасман тўрт кун вақтимни зое қилгани. Тинчгина, "сеҳрли қўнғироқ" билан ишларимни ҳал қилсам, ортган вақтимда ҳам дунёйим, ҳам диним учун керакли ишлар билан шуғуллана оламан.

Эрталаб ҳокимиятда мажлис. У ердан чиққан барча ташкилот ва корхона ходимлари ўз идораларида яна мажлис ўтказишади. Жумладан, ҳокимиятдаги мажлисдан келган солиқ идорасининг раҳбари табиийки қўл остидагиларга мажлис уюштиради. Ҳамма солиқчилар йиғилишга кириб кетади. Энг ками бир ярим соат мажлис. Энг ажойиби, бу ишлар иш вақтида бўлади. Мажлис вақтида ҳамма иш тўхтайди. Навбатда турганлар ҳам "кўкариб" чиқади. Солиқ идорасига келган юзлаб одамлар ҳам бирор жойда ишлар, улар ҳам жамиятнинг турли ҳил бўғинларига жавобгардир... бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Икки соатда мажлисдан чиққан солиқчилар ҳам ўз навбатида участкаларига бориб, мажлис қилишади. Мажлисдан чиқиб бозорга борган солиқчилар бозор мутасаддиларини йиғиб мажлис қилаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳа, айтганча ўзим ҳам шу ёзилган нарсани мажлис баҳона, навбатда туриб ёздим.

Табиий савол туғилади: ярим кунни мажлисдан мажлисга, катта мажлисдан кичик мажлисга сарфлайдиган ходимлар қачон ишлайди? Тушликкача умрини ярми мажлисда ўтса, қолган ишларга қандай улгуради? Ундан ҳам даҳшатлиси кечаси ярим тунда ҳокимиятда кун ҳисоботи юзасидан мажлис бўлади. Тунги соат 23:00, 00:00 га қадар давом этади мажлислар, баъзида.

Чет эл фирмасида ишлаганман. Иш аъло даражада йўлга қўйилган эди. Ҳар бир нарсага алоҳида эътибор бериларди. Раҳбарлар ўз ишини ҳақиқий мутахасислари. Юздан ортиқ одам ишлашига қарамай бирор марта мажлис бўлмасди. Бир йилдан ошиқ ишлаган вақтим давомида фақатгина бир марта мажлис бўлган. У ҳам ойлик, ҳисобот, кейинги йил режалари ва умумий гапириладиган гаплардан ташкил топган. Қолган вақт ҳамма ўз ишини билиб қиларди. Топширилган вазифа аниқ, ундан ортиғи талаб қилинмайди. Агар вазифа бажарилмаса ёки қандайдир муаммо туғилса фақатгина ўша одам билан алоҳида гаплашиб, муаммо бартараф этиларди. Оммага умумий вазифа бўлса смс орқали ёки ҳужжатлар устига «записка» ёзиб қўйиларди. Раҳбарият ишни тўғри амалга оширса, ишчиларини алдамаса, ўз мажбуриятларини бажарса, ҳар бир жойда ўз касбининг ҳақиқий мутахасислари ўтирса - мажлисга ҳожат қолмас экан.

Саййид Ислом

 мақоладаги сурат солиқ идорасига тегишли эмас

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82