• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
"Минг бир кеча"нинг замонавий Маликаси
06.11.2017 15:12:59
2803 Одамлар орасида

Кўзлари оҳу мисол бу соҳибжамол гўёки «Минг бир кеча» саҳифаларидан келиб қолгандек. Ҳашаматли саройлар, халқда Ҳорун ар-Рашид номини олган турмуш ўртоғи – Эли Саабанинг қимматбаҳо ипак матоларидан тикилган либослари... Қиролича Раниянинг ҳаёти худди қадимий афсонага монанддир. Лекин бу Шарқ эртагида қолиш учун Иордания қироличаси қанча сабр ва матонат билан меҳнат қилганини ҳамма ҳам билавермайди.

У ўзи қиролича бўлган кунни эслашни истамайди. «Бу даҳшатли ҳодиса эди. Эрим уйга келиб, отаси унинг тахт вориси бўлишини хоҳлашини айтди. Мен эса унга қараб туриб, бошига тўсатдан осмон қулаб тушган одам ўзини мана шундай ҳис қиларкан-да, деб ўйлардим, – Рания буни орадан бир неча йил ўтиб шундай эслайди. – Ўшанда мен ҳокимият, давлат учун масъулият ҳақида ўйламасдим... Фақатгина бизнинг бахтли ҳаётимиз охирига етиши ҳақида фикрлардим».

«Сенинг болаларинг қувғин бўлмайди»

Агар шифокор-педиатр Ясин ўз фарзандларига камроқ ғамхўрлик қилганида, бу фикр унинг қизи Раниянинг хаёлига эртароқ келган бўлармиди. Фаластинлик бу инсон тақдирнинг зарбаларига кўникиб қолганди. Қачонлардир бахтли яшаш учун унинг ҳамма нарсаси: шахсий жамғармаси, касби, севимли аёли, гуллаб-яшнаётган Тулкармада уйи бўлган. Бироқ 1967 йилда Иорданнинг Ғарбий соҳили Исроил армияси томонидан босиб олинган. Минглаб фаластинликлар каби Ясин ҳам Қувайтга қочиб келади. Бошқаларга қараганда унинг омади чопади: мулкининг катта қисмини олиб чиқишга муваффақ бўлади, шифокорлик касби туфайли тез орада оёққа туради. Лекин у ўзини ватангадо қилган уруш ҳақида ўйламай туролмасди. Шу боис у, 1970 йилнинг 31 августида дунёга келган қизининг бешиги устида туриб, «Унинг фарзандлари ҳеч қачон қувғин бўлмайди!» деб ўзига ўзи ваъда берди.

Рания фаросатли, довюрак ва жудаям ёқимтой эди. Мактабда у умуман қизларга қўшилмаган. Йўқ, унда манманлик, кибр ёки тортинчоқлик бўлмаган, шунчаки синфдош қизларнинг ота-онаси бу қадар эркин тарбия олаётган қиз билан дўстлашишларига тўсқинлик қилишган. Шу боис бугун Раниянинг синфдошларидан биронтаси Иордания қироличаси билан яқин дўстман, деб мақтана олмайди. Лекин Рания ҳам бундан зиғирчаям хафа бўлмаган. Унинг ҳаётга нисбатан ўз қарашлари бўлган ва бу фикрларни у қўрқмай айтаверган.

Ўн яшар Рания ҳеч қачон рўмол ўрамаслигини, ҳижоб – ҳар кимнинг шахсий иши бўлиб, уни кийишга ҳеч ким мажбур қилолмаслигини баланд овозда айтганида, бошқа қизлар даҳшатга тушишган. Озғингина, қорамағиздан келган қиз мактабни тугатгач университетда ўқиши, кейин албатта «катта» жойларда ишлашини айтганида эса ҳақиқий жанжал чиқиб кетган.

«Аксарият, Ислом руҳида тарбияланган қиз ўз умрини уйда ўтириб ўтказиши керак, деб ҳисоблайди, – дейди Рания. – Мен эса ишлаш уят эмаслигини, араб дунёси фақат эркакларники эмаслигини исботлагим келарди. Ўзини боқиш истаги аёлни кофир қилиб қўймайди».

Ўн етти ёшга кирганида Рания ал-Ясин мусулмон оилалар учун ҳақиқий бош оғриғи эди: «Ўғлингга бунақа келин келишидан Худонинг ўзи асрасин!» дейишарди у ҳақида.

Саддам Ҳусайн туфайли яна қочоқ бўлди

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Ясин «уруш иси» келаётганини сезади. Хавф яқин қўшни бўлмиш Ироқдан келарди. «Ўйлашимча, ўшанда мени фақат билим олиш учунгина уйдан кетказишмаган, балки хавфсизлигимни ҳам ўйлаб шундай йўл тутишган», – хотирлайди кейинчалик Рания.

Қоҳирадаги Америка университети домлалари Рания ал-Ясинни энг қобилиятли талабалардан бири сифатида эслашади: «У ўз ишининг устаси бўлишни истар ва бу йўлда барча имкониятлардан фойдаланарди». Лекин у кунларини кутубхонада ўтириб ўтказган, деб бўлмайди. Мисрда у Европа мода оламига қизиқиб қолади. Гарчи қиммат либослар сотиб олишга имкони бўлмаса-да, мода журналларини астойдил, қолдирмай ўқирди.

«Мен тобора улғайиб борардим. Ички дунёим қанча ўзгарса, ташқи қиёфамга ҳам шунча ўзгариш киритгим келарди, – ҳикоя қилади Рания. – Баъзида Қувайтга қайтиб, ишлаб, ўз оиламга ёрдам бериш ҳақида ўйлардим. Балки бир кун келиб, ўзимга французча туфли сотиб оларман». Бу орзулар ичида турмушга чиқиш режаси бўлмаган. Унинг қарама-қарши жинс вакиллари билан муносабатларини бир хил деб бўлмасди. У одамларни ўзига чорлаб, бир вақтнинг ўзида қочирарди ҳам. Рўмол ўрамайди, бир ўзи мустақил яшайди, ўйлаганини гапиради... Айни дамда ўта тақводор, тўғри юриб, ўзини мағрур тутади. Аксарият эркакларга мураккаб феъл-атворли қизлар ёқмайди, улар оддийроғини танлашади, Рания эса оддий эмасди.

1990 йил Қувайтга Саддам Ҳусайннинг юз минглик армияси бостириб киради. Ясинлар оиласидан ҳеч ким зарар кўрмайди. Бироқ шу пайтгача қувайтликлар билан ёнма-ён яшаб келаётган минглаб фаластинликлар бир зумда душманга чиқарилади. Уларни хоинликда айблаб, мамлакатни дарҳол ташлаб кетиш талаби қўйилади. Бу сафар фаластинлик шифокор Иорданияда бошпана топишни ният қилади.

Шаҳзода билан учрашув

Бу вақтда Рания университетни тугатади ва Apple корпорациясида ишламоқчи эканлигини билдиради. Бироқ эркак ҳамкасблар олдида у ўз билим ва салоҳиятини намоён этса-да, ҳеч ким унга эътибор бермасди. Навбатдаги бўлим бошлиғи лавозимидан туширишганидан сўнг у ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзади.

Шундан сўнг у қиролнинг қизи Ойша бошқараётган Citibankка ишга киради. Мудом қочоқ бўлиб юрган оддий фаластинлик оиласидан чиққан қиз Ойшанинг эътиборини тортади: «У худди оҳу каби сарвқомат ҳамда аскар каби интизомли», дейди у Рания ҳақида. Кўп ўтмай улар ўртасида дўстлик ришталари уланади. Рания маликанинг уйига меҳмонга борадиган бўлади. Айнан мана шу ерда у ҳаётини тубдан ўзгартириб юборадиган одам билан танишади.

«Бу тасодифий учрашув эди, – дея ҳарбийларча аниқ эслайди Иордания қироли Абдулла II. – Ўшанда мен танк батальонини бошқарардим, биз саҳрода ўқув машқларини муваффақиятли ўтказганмиз. Мен аскарларимга йигирма тўрт соатга дам бердим, айни шу пайт синглим мени уйига таклиф қилиб қолди. Уникига анчадан бери бормагандим. Душ қабул қилиб, кийиниб бордим. Ўша ерда Рания ҳам бор эди. Мен бир қарашдаёқ унинг дунёда ягона ва ўзимга керакли аёл эканлигини тушунганман».

Ҳошимийларнинг ўттиз ёшли шаҳзодаси томонидан кўрсатилаётган илтифот Ранияга ёқади. Қирол Ҳусайннинг катта ўғли бошқа эркакларга умуман ўхшамасди. Биринчидан, у Сандхерстдаги Қироллик ҳарбий академиясида ўқиган, Оксфорд дипломига эга, Жоржтаундаги университетнинг ҳарбий курсини битирган. Иккинчидан, у дурагай бўлиб, онаси – малика Мона инглиз эди. Қиролнинг иккинчи хотини бўлишидан олдин у Тони Гарднер бўлган. Гарчи Уммон бу аёлнинг иккинчи ватани бўлган бўлса-да, у ўғлида аёлларга бўлган европача муносабатни сингдира олади. Шу боис ҳам ёқимтой, ақлли, сертакаллуф Абдулла ўттизга кириб қолган бўлса-да, ҳануз бўйдоқ эди.

Рания эса бошқача эди! Ойшанинг уйидаги кечки овқатда у ўзини бор чиройи билан кўрсата олди, сиёсат, меъморчилик ҳақида гапириб, инглиз тилида булбулигўё бўлиб сайради. Гарчи баҳсларга киришмаса-да, баъзи фикрларга қўшилмаслигини ошкора айтарди. Тағин у жудаям чиройли эди!

Пешонада бори бўлади

Орадан кўп йиллар ўтиб, Рания ўшанда Абдуллани илк кўрганидаёқ севиб қолганини тан олади. Шаҳзодани кўплаб қизлар суйишган, ахир, у қирувчи самолётни бошқарган, пойга мотоциклларини ҳайдаган, европа рассомчилик намуналарини йиғиб, Парижни беш қўлдек билган. Бунинг устига, узоқ вақт хорижда яшагани боис, тили ҳам инглизчага «кетиб» қоларди... Гарчи у ҳам Ранияни кўз остидан қочирмаган бўлса-да, кейинги учрашув ҳақида оғиз очмаган. Кейин эса буткул йўқолиб қолади.

Мана шу ерда Раниянинг метин интизоми қўл келади. У ишлашда давом этиб, Ойшага акаси билан яна бир кўришмоқ истаги ҳақида оғиз очмайди. «Пешонада бори бўлади, – дерди у ўзига ўзи. – Демак, бирга бўлиш пешонамизга ёзилмаган экан».

Орадан бир ой ўтиб эса у шаҳзода билан офисда учрашиб қолади. Абдулла ғойиб бўлиб қолганига изоҳ бериб ўтади: «Мен аскарман. Ўз бурчимга содиқ қолишим керак».

Шундан сўнг Абдулла Раниянинг уйига совчилар юборишдан олдин унинг ўзидан розилигини сўрайди. Қизнинг эса унга рад жавоби бериш учун бирон бир асоси бўлмаган. Шунга қарамай, кўнглини турли шубҳалар тирнарди. «Мен ҳеч қачон малика бўлмаганман, – тан олади у. – Шаҳзода билан унаштирилган кунимиз, ундан оддий одамлар каби яшашимиз ҳақида ваъда олдим». Севикли ёридан «ҳа», деган сўзни эшитган шаҳзода, бу ҳақда дарҳол отасига маълум қилади. Гарчи ўғли танлаган қиз у қадар маъқул келмаган бўлса-да, у фарзандининг раъйига қарши бормайди.

Ясинлар хонадонига қирол Ҳусайн кириб келганида, фаластинлик шифокор шок ҳолатига тушиб қолади.

Ҳорун Ар-Рашидга тақлид

1993 йилнинг 10 июнида шаҳзода Абдулла ва Рания ал-Ясин оила қуришади. Тўйдан кейин улар дунё бўйлаб саёҳатга чиқишади, бўш вақтларида Абдулла ўзи севган мотоциклга ўтиради, Рания эса жинси шимда, эри билан бирга Иордания кўчаларида сайр қилишади. Рания ҳамиша эрига яқин бўлишга ҳаракат қиларди, шаҳзода ҳарбий бўлганлиги боис рафиқаси ҳам қуролдан ўқ узишни, ҳарбий жип бошқаришни, парашютдан сакрашни ўрганади.

Орадан бир йил ўтиб, малика ўғилли бўлади. Унга қирол шарафига Ҳусайн деб ном беришади. 1996 йилда эса малика Иман дунёга келади.

Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида Иордания халқи қирол Ҳусайн оғир бетоб эканлигини эшитади. Айниқса, Рания учун бу жуда ёмон хабар эди, чунки у қайнотасини жуда ҳурмат қиларди. Умри тугашига саноқли кунлар қолганини билган қирол Аммондаги касалхонадан уйга кетишни афзал билади. Вафотидан олдин у катта ўғлини ўз тахтига ворис қилиб сайлайди.

Рания дунёдаги энг ёш малика саналади. Абдулла тахтга ўтирган илк кунлари у уйининг бўм-бўш хоналари бўйлаб кечар, хаёллари тарқоқ эди. Парашют, мотоцикллар энди шу ерда қолади. Қирол ва қиролича ўз ҳаётларига хўжайин бўлишолмайди. «Агар менга қиролича бўлиш имкони берилган бўлса, унда жуда яхши малика бўлиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилиш кераклигини тушундим, – деганди ўшанда Рания. – Малика бўлгач, менинг ҳам овозим эшитилишини ҳис қилдим. Ҳозир ҳам менда гапириш учун гап бор». Рания эрининг биринчи маслаҳатгўйи бўлди.

Гарчи Абдуллани армияда жуда ҳурмат қилишса-да, оддий халқ уни биринчи навбатда британча акценти сабабли ёқтирмасди. Шунда у, ўз она тилини яхшироқ ўрганиш учун, униққан бир куртка кийиб, бирон таксини ижарага оларди-да, шаҳар кўчалари бўйлаб одам таширди. Аҳоли билан мулоқотлар чоғида уларнинг қироллик хонадонига муносабати билан қизиқарди. Айтишларича, қирол Абдуллани худди мана шу тунги “изғиш”лари боис “Ҳорун ар-Рашид” деб аташган. Худди мана шу усулни у Раниянинг маслаҳатига кўра идораларда ҳам қўллайди: турли корхоналар раҳбарларига қўнғироқ қилиб, оддий фуқаро сифатида уларнинг ишлашини текширади.

Қиролича араб дунёсидаги аёлнинг ўрни масаласи билан жиддий шуғуллана бошлайди. «Бошингизга рўмол ўранг, эрингизни ардоқланг, фарзанд туғинг. Буларнинг бари сизнинг ишлашингизга халақит бермайди! Аёл – иқтисодимизнинг муҳим бўлаги. Иорданиянинг барча фуқаролари давлат ривожига ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилишса, бундан давлатимиз фақат ютишини эрим ҳам, мен ҳам яхши биламиз», дейди у аёлларга қарата.

Рания туфайли араб дизайнери Эли Сааб бутун дунёга машҳур бўлди. Иордания нафақат саёҳат учун, балки яшаш учун ҳам қулай давлатга айланиб бормоқда. Буларнинг барида малика Рания улкан ҳисса қўшган. Бугунги кунда унинг тўрт нафар фарзанди бор. Қизи Салма 2000, ўғли Ҳошим эса 2005 йилда туғилган.

Опра Уинфри Раниядан: «Малика бўлиш маза бўлса керак-а?» деб сўраганида, шундай жавоб берган: «Мен ишлайдиган онаман. Тўрт нафар фарзандим бўлиб, баъзида уларнинг ҳар бирига алоҳида вақт ажратолмаётганимдан ўзимни айбдор сезаман. Ҳар дам олиш кунини оила даврасида ўтказиш учун эрим билан қанча курашишимизни билсангиз эди. Қиролича бўлиш бу – биринчи навбатда, оғир меҳнатдир».

Уни Шарқ Жеки Кеннедиси ёки иорданиялик Грейс Келли дейишади. Унинг қуввати иқтисодий мўъжизалар қилишга қодир, деб ёзишади. Лекин Рания фақатгина кечки пайт, қизига дарс тайёрлашда ёрдам бераётганида, катта ўғли билан 50 cent гуруҳини тинглаётганида, кичкинтойларни уйқуга ҳозирлаб, уларга эртаклар айтиб бераётганида ёки ўзи севган жинси ва футболкасини кийиб олганча турмуш ўртоғига у ёқтирган макаронни тайёрлаётганида ўзини чинакам бахтиёр ҳис қилади.

Бриллиантлар билан безатилган олтин пойабзалини эса у фақатгина ишга кияди.

РАНИЯ ҲАҚИДА ФАКТЛАР

  • Рания соф олтиндан қилиниб, бриллиант ва топазлар билан безатилган пойабзал (бир жуфти 400 грамм келади) кийишни ёқтиради.
  • Қиролича давлат қуролли кучлари полковниги саналади. Айни пайтда қирол Абдулла уни ҳарбийлар ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбари этиб тайинлаган.
  • У Гарри Поттер ҳақидаги китобларнинг ҳаммасини ўқиб чиққан.
  • Рания Буюк Британиядаги Экстер университетининг Фахрий ҳуқуқ доктори. Бу унвон унга бугунги араб дунёсидаги аёлнинг ўрнини оширгани ҳамда евро-араб муносабатларига қўшган ҳиссаси учун берилган.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82