• 15 август GMT +05:00
  • 7790.20
  • 8888.62
Чегарадаги даханаки жанжал тожик чегарачиси ва Қирғизистон фуқароси жароҳат олди
04.04.2018 14:16:07
1412 Дунё

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 3 апрел куни юз берган мажоро туфайли Тожикистон чегара хизмати ҳарбий хизматчиси ва Қирғизистон фуқароси жароҳат олди.
Ҳодиса бартараф этилди, Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизмати вакиллари чегаранинг мазкур участкасини қўриқлаш тартиби юзасидан келишиб олдилар.
Ҳар икки томон чегара хизмати вакилларнинг маълум қилишича, яраланганларнинг аҳволи қониқарли. Томонларнинг маълум қилишича, қирғиз-тожик чегарасининг Боткен вилоятидаги мажорога Қирғизистоннинг Уч-Добо қишлоғида истиқомат қилувчи аҳоли вакилининг тўсиқ девор ўрнатишга уриниши сабаб бўлган. Қишлоқ ҳудуди давлат чегарасининг келишилмаган участкаси бўлиб, бу ерда ҳар қандай хўжалик фаолиятини юритиш тақиқланади.
«Қирғизистон фуқороси бўлмиш аёл тақиқларни инкор қилган, бу ўз навбатида Исфара туманидаги Хўжа Аъло қишлоғида истиқомат қилувчи Тожикистон фуқароларининг эътирозларига сабаб бўлган. Даҳанаки жанжал ҳар икки томондан 50га яқин киши иштирок этган муштлашувга айланиб кетди, икки мамлакат фуқаролари бир бирларига қарата тошлар улоқтиришди», дейилади Тожикистон ва Қирғизистон чегара хизматлари тарқатган хабарда.
Мажоро бошланганидан ярим соат ўтиб бартараф этилди. Айни дамда чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли билан Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Исфара тумани раҳбарлари учрашув ўтказмоқда.
Ижтимоий тармоқларда мажоро видеоёзуви тарқатилмоқда. Унда томонлар бир-бирларига қарата тош отаётганини кўриш мумкин.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги 971 километрни ташкил қилади, шундан 519 километри ҳамон белгиланмаган. Икки мамлакат чегарасида 70га яқин баҳсли участкалар бор.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82