• 26 июнь GMT +05:00
  • 3930.91
  • 4396.02
Шаҳарнинг қоқ марказида "Доллар алмаштирамиз" деб ўтирганларни нега танқид қилмаймиз? Нишонда фақат ўқитувчи ва шифокор
25.05.2017 12:41:16
17625 Ўзбекистон

Президентимиз Шавкат Мирзиёев телевидение фаолиятини танқид остига олганди. Хусусан урра-уррачиликка барҳам берилиб, танқидий назар зарурлиги айтилганди.

Ўшанда ёнимда ўтирган одамга: "Телевидениедаги шоввозлар тез орада ўқитувчи ва шифокорларни пўстагини қоқса керак" дедим. У нега бундай деётганимни сўраганида: "Энг ҳимоясиз одамлар айнан ўқитувчи ва шифокорлар. Қараб тур, айтганимдек бўлади" дедим.

Одатдагидек, биринчи "Ахборот"даёқ ўқитувчилар танқид остига олинди. Жуда кулгили аргументлар келтирилдики, профессионал журналист у гапларни телевидение орқали айтишга уялиши керак аслида.

Ўша кўрсатувни кўргач "Мана, ўқитувчилар ўтди. Энди навбат шифокорларга" деб қўйдим ичимда. Узоқ кутишга тўғри келмади, "Ёшлар" телеканалида Тошкент вилоятидаги тез тиббий ёрдам фаолияти ҳақида танқидий кўрсатув берилди (балки бошқа кўрсатув ҳам бўлиб, мен кўрмай қолгандирман).

 

Хўп, таълим ва тиббиёт соҳасида муаммолар кўп. Ҳатто керагидан ҳам ортиқ. Аммо бошқа йўналишлар гуллаб-яшнаяптими? Бу ҳақда гапирадиган мард борми?

 

Бозорлардаги аҳволни кўряпсизларми? Бозор мудири, паттачи ва солиқчига чойчақа бериш эвазига ноқонуний савдо қилаётган одамлар ҳеч кимга жавоб бермайдими? Картошкани карам орқасига беркитиб қўйиб, нархи 4500 эканини айтаётган сотувчи ўқитувчи ва шифокордан яхшироқми? Шаҳарнинг қоқ марказида  "Доллар алмаштирамиз" деб ўтирган "саррофлар"чи? Нега уларни танқид қилмайсизлар? Чунки "ДУХ"ларинг етмайди! Оддий бозорга кириб бора олмайсизлар, танқидий материал керак, дейилса сизни ўқитган ўқитувчию, даволайдиган шифокорга ёпишасизлар. Жамиятни зулукдек сўраётган газандаларга эса яқинлаша олмайсизлар. Яқинлашиб ҳам кўрингчи, дарров телефонингиз жиринглайди ва раҳбарингиз у ердан тез кетишингиз зарурлигини айтади. Бечора ўқитувчи ва шифокорнинг эса ҳимоячиси йўқ.

 

Тўғри, бу соҳаларда муаммо кўп. Аммо ундан ҳам муаммоли соҳалар шу қадар кўпки, биз энг кўп зарар келтираётганидан бошлашимиз керак эмасми? Ўқитувчи ва шифокорга барча шароитни яратиб бермай, моддий-техник базани мустаҳкамламай туриб, уларни танқид қилишга қай даражада ҳақлимиз? Шу ҳақда ўйлаб кўрамизми ҳеч?

Ҳурматли ҳамкасблар, атрофга назар солинг. Муаммолар етарлича. Ҳар бир соҳада. Ўшаларни ҳам ёритинг, биз сизга тан берайлик. Шусиз ҳам ерда ётган одамни бориб тепиш қаҳрамонлик эмас. Аммо тик турган одамни тепиб ағанатиш эса жасоратдир.

Сизнинг олдингизда икки йўл бор: шер каби ташланиб ов қилиш ёки ўлаксахўрга ўхшаб яшаш. Қай бирини маъқул кўрасиз?

 

Муҳаммад Темур Аъзам

 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82