• 26 июнь GMT +05:00
  • 3930.91
  • 4396.02
"Таҳлилнома", "Давр", "Пойтахт" дастурларни ёпиш қанчалик тўғри? Ахборот монополияси бизга керакми?
26.05.2017 12:03:02
1146 Ўзбекистон

Бугун интернетдаги саҳифалар ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясидаги ислоҳотлар хусусида хабар тарқалди. Қайд этилишича, Ўзекистоннинг расмий каналларида ахборот  информацион дастурлари энди “бир қозонда” тайёрланади. Яъни “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент” дастурлари эфирларида “Ўзбекистон 24” канали мутахассислари томонидан “сараланган” материаллар эфирга узатилади. Шундай савол туғилади. Бу ислоҳот замирида қандай мақсад ётибди? Мақсад аёндек, яъни барча каналларнинг энг маҳоратли журналистларини бир жойга жамлаб фақат сифатли материаллар тайёрлаш. Лекин, танганинг иккинчи томони ҳам йўқ эмас. Бу ҳудди футбол ўйинидагидек каби, бир жойда барча юлдузлар жамланса ўйин ўхшамайди. Улар бошқа -бошқа жамоаларда бўлиши керак. Бир жамоада ички рақобат бўлиши фақат тарқоқликни келтириб чиқаради. Ташқи рақобат эса ривожланишга хизмат қилади. МТРКдаги ислоҳотларни “Ахборот” монополияси дейишдан бошқа иложимиз йўқ.

Демак, янги қўйилаётган талабларга бизнинг миллий каналларимиз якка тарзда жавоб қайтаришга қодир эмас, эканларда. Кучлар бирлаштирилиши эса ақлли ечим эмас. Ҳозир бизда асосан Россия каналларидан мисол келтириб қиёслаш урф бўлган, келинг яна шундай қиламиз. Бугун Россияда 50 дан ортиқ миллий миқёсда транслация қилинадиган телеканаллар бўлса шуларнинг камида 40 тасида ўз информацион дастурлари бор. Дунё тажрибасида шундай, ахборот монополиясига йўл қўйилмайди. Радиоларни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ҳар соат бошида бериладиган маълумотлар радиоларнинг асосий “таоми” саналади. Уларнинг барчасидан информацион устунликни зўрма-зўраки олиб қўйилиши, билмадим ўзини оқлармикин?

Ахир, айнан информацион дастурлар каналларнинг юраги саналади. Улар талабга жавоб бериши эса бошқа масала. Нега уларни ривожлантирилмасдан, шунчаки ёпиб қўйилди? Бошқариш осонлиги учунми? Ҳар бир каналнинг логотипи туширилган микрофонни кўтариб юрувчи мухбирлар аслида каналнинг асосий рекламачилари-ку. Буни журналистикада ўқиган ҳар бир мутахассис жуда яхши билади.

Мен хусусий каналларни ҳам мунтазам кузатиб бораман, бугун “УзРепорт” канали ҳам расмий тадбирларни ёритаяпти.  Президентимизнинг Россияга ташрифини ҳам расмий, ҳам хусусий каналларда кўрдим. Бу ташрифда “УзРепорт”дан журналист Гулноза Хусановадан бошқа мухбирни эфирда кўрганим йўқ. Лекин Давлат каналларидан камида 10 кишилик жамоа  ташрифга ҳамрохлик қилди. Демак, давлат каналларида ишловчи 10 кишининг ишини биргина Гулноза Хусанова “дўндириб” қўйди. Ҳам оддий, ҳам самимий репортажлар узатилиб турилди.

Демак, хулоса шундай бўлади, яхши журналистларни саралаб олинса, бошқа каналлардаги информацион дастурларни ёпишга ҳожат ҳам қолмайди. Фақат мутахассислар таниш-билишчилик ёки қариндош уруғчилик орқали эмас, ростакамига синовлардан ўтказилиб олиниши керак. Улар халқаро тажрибадан боҳабар бўлишса канал энг зўрига айланишига шубҳам йўқ.

Президентимизнинг янги канални ташкил этиш ҳақидаги қарорнинг бош мақсади ҳам айни сифатли журналистикани ривожлантиришга қаратилган.  Сифат эса соғлом рақобатда таъминланади. 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82