• 23 октябрь GMT +05:00
  • 8058.77
  • 9515.80
Тошкент ҳокимиятини уйғотиб юборинглар! Қачонгача бу камчиликка кўз юмамиз?
30.05.2017 14:59:14
5533 Ўзбекистон

Мақола сарлавҳасини кўриб ажаблангандирсиз. Бежизга биз ҳокимиятни уйғотмоқчи эмасмиз. Чунки, Тошкент кўчаларидаги бу камчиликни улар тузатиш ҳақида ўйламаяпти чоғи. Биз кўчалардаги ямалмаган “яма”лар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Биз кўтармоқчи бўлган масала жуда оддий ва шу билан бирга жуда долзарб.

Тошкент кўчаларида сайр қилганмисиз? Кўчалар номини яхши биласизми? Биз аслида “Ғунча” деб юритувчи кўча “Беруний”, “Кўкча” деб билган жойимиз “Маннон уйғур” кўчаси эканлиги машҳур “Халқлар дўстлиги кўчаси”, деб билган жойимизнинг асл номи бошқа эканлигини биласизми? Биласизку, бироқ , аҳолида кўчаларни ўша ном билан аташ ёки ўша ерда жойлашган дўкон номи билан тушунтириш оммалашган. Сабаби эса оддий кўча номлари ҳайдовчи учун яққол кўринадиган қилиб ёзилган белгини Тошкентнинг қайси кўчасида учратгансиз? Тошкентнинг қайси чорраҳасида кўча номи ёзилган белги бор? Қаерда қайси муюлиш қайси кўчага олиб чиқилиши ёзиб қўйилган? Биноларнинг бир чеккасига кичкинагина тахтага ёзилган белгини ҳайдовчи кўрадими?

Мана “Нурафшон” кичик ҳалқа йўли очилганига ҳам анча вақт ўтди. Янги ҳалқа йўли сабаб кўчаларда ўзгариш содир бўлди. “Нурафшон” кўчасидаги кесишган йўлларнинг бири “Абдулла Авлоний”, “Сағбон” кўчаси, бири “Қорасарой”, яна бири “Беруний” кўчаларига олиб чиқади. Лекин, “Нурафшон” кичик ҳалқа йўлидаги биронта чорраҳага қайси кўчага олиб чиқиши кўрсатилган белги қўйилмаган. Ҳокимият аҳолининг хотирасига ва фаҳм-фаросатига қаттиқ  ишонади назаримизда. Бироқ, мамлакатимизга сайёхларни жалб қилиш ниятидамиз, йўлларда кўча номлари аниқ кўрсатилмаган шаҳарда сайёҳ довдираб қолмайдими. Сайёҳ-ку майли Тошкентнинг аҳолиси ҳам кўча номларини аниқ билмайди. Одамлар бир-бирига манзил тушунтирганда 1-қайилиш, иккинчи қайилиш, кўк бино бор жойнинг ёнида каби кўрсатмалар билан тушунтиради. Чунки, кўча номини айтган билан фойдаси йўқ. Уни қайси бурчакка ёзиб қўйилганини қидириш учун катта сабр тоқат керак.

Назаримизда, Тошкент ҳокимияти бу камчиликни яқин орада бартараф этишни кўзламаяпти. Чунки, янги кўчалар очилиб келмоқда йўлга яқин, ҳайдовчи йўловчилар учун кўринадиган даражадаги белгилардан эса дарак йўқ.

Мутасаддилар одатда чет-эл сафарларига кўп чиқадилар. Маълумки, чет-элда қўлда харита ёки кўча номи билан излаган жойингизни осон топиш мумкин. Чунки, ҳар қадамда кўча номлари аниқ кўрсатилган. Бегона юрт бўлишига қарамасдан адашишнинг сира иложи йўқ. Чет-эл у ёқда турсин одамлар Марсни эгаллаб Марс сайёрасига ҳам номларини ўрнатишга шошилишмоқда. Бироқ, бизнинг Тошкент ҳокимияти ҳамон ухламоқда. Чет-эл сафарига чиққан мутасаддиларимиз, бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр сўзларига риоя қилмасдан музқаймок еб қайтиб келишадиганга ўхшайди. Майли музқаймоқ ўз йўлига мазкур камчиликни муаммо сифатида кўтарганимиз қанчалик ўринли? Сиз қандай фикрдасиз? Ҳурматли ўқувчи сиздан фикр мулоҳазалар, тегишли идоралардан эса натижаларни кутиб қоламиз.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82