• 26 июнь GMT +05:00
  • 3930.91
  • 4396.02
ОТМ дипломига ҳам тенг кўрилмаётган Тошкент ислом институти дипломи ва таълимдаги бошқа муаммолар
13.06.2017 12:36:33
1396 Ўзбекистон

Сиз ўқиб турган бу маълумот, биз томондан энг сўнги чора сифатида кўрилмоқда.  Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (олий маъҳад) жамоаси ва иқтидорли талабаларининг бу борада қилган барча ҳаракатлари минг афсуслар бўлсинки, самарасиз кетди. Юртбошимиз томонидан диний таълимни ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ундан кўзланган мақсадга хилоф равишда, таълим тизимида узлуксизлик ва узвийлигига зарар етказадиган тарзда ишлаб чиқилгани бизни чуқур қайғуга солмоқда. Агарда тасдиқланган янги лойиҳа амалиётга татбиқ қилинса, афсуски, кечириб ва унутиб бўлмас хато ва қийинчиликларни, сарсонгарчиликларни келтириб чиқаради. Шу ўринда биз ўз халқимиздан, олимлар ва дин пешволаримиздан, ҳуқуқшунос ва журналистлардан, халқимизнинг муқаддас динини эъзозлаган ҳар бир фуқародан бу масалани қайтадан кўриб чиқилишига эришиш учун бўлган барча ҳуқуқий ҳаракатларни қилишларини юрак-юракдан илтимос қилиб қоламиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган мажлис баёнининг 122-“Диний таълимда узлуксизликни таъминлаш мақсадида ўқув режа ва дастурларни такомиллаштириш” бандига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинган таклифлар амалга оширилса, қуйидаги сабабларга кўра диний таълим сифати тамоман орқага кетиши мумкин. 

Биринчидан, асоссиз тўсиқларнинг баҳона қилинаётганлиги. Вазирлар Маҳкамасига таклиф қилинган ҳужжатда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг узлуксиз диний таълим тизимига умумий ўрта таълим муассасаларини тугатган, яъни 9-синфни тамомлаган йигит-қизларни ўрта махсус диний таълим муассасаларига ўқишга қабул қилмаслик керак, дейилган. Бунга сабаб ўлароқ, “вояга етмаганларга диний таълим бериш қонунан ман қилинади” деган гапларни асос қилишга уринмоқдалар.

Бу масала ўрганилиб чиқилганда, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси 3-бандига кўра “вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди”, деб кўрсатилган. Аммо бугунги кундаги мавжуд ислом билим юртларига қабул қилишда ушбу қонун бузилишига йўл қўйилмайди. Чунки қонунчиликда вояга етмаган шахснинг физиологик, психологик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда, уларнинг айрим ҳуқуқларини амалга оширишлари чекланиши мумкин. Одатда, бу ёшдаги ўсмирларнинг айрим ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини уларнинг ота-оналари ёки уларга тайинланган васий ёки ҳомийлар амалга оширади. Демак, ота-оналари ёки васийлари кафолати билан вояга етмаган шахсларнинг диний таълим олиш ҳуқуқи эга. Шунингдек, бу жараён ўқувчининг ўзи ва унинг васийлар томонидан ихтиёрий тарзда бўлади. 

Бу қоидани ёритишга ёрдам берувчи айрим нормалар мавжуд. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддаси 2-бандида олий ва ўрта махсус диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади”, деб кўрсатилган.

Иккинчидан, диний таълим олиш ёшининг кечиктирилганлиги ва таълим қонунчилиги бузилганлиги. Вазирлар Маҳкамасига таклиф қилинган ҳужжатда ўрта махсус ислом билим юртларига коллеж ва академик лицейларни битириб, яъни 18 ёшдан кейин яна қайтадан ўрта махсус таълимга қабул қилинсин, дейилган. Бу эса таълим қонунчилиги бузилганлигидир. Чунки, бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгилаб қўйилган узлуксиз таълим тизимига қарши ўлароқ, икки бор ўрта махсус таълимининг такрорланишига олиб келади. Зеро диний ўрта махсус таълим билим юртлари ҳам бошқа ўрта махсус таълим билим юртларига тенглаштирилган ҳамда бир хил дастур билан ўқитилади. Бундан кейинги босқич, яъни олий диний таълимда ислом дини асосларини чуқур ўрганган ва турли фирқаларга ўз вақтида, асосли раддиялар берадиган олий маълумотли малакали, етук диний мутахассислар, педагог-ўқитувчилар ва илмий-тадқиқотчилар чиқарилишини инобатга олсак, ушбу мақсадга эришишда таълим самарадорлигининг пасайишига олиб келади. 

Бундан ташқари, ўрта махсус ислом билим юртлари ўқув режасидаги фанлар ислом билимларига хос хусусиятга эга бўлиб, муқаддас диний матн (Қуръони карим ва ҳадис) ва манбаларни кўпинча ёдлаш орқали ўзлаштирилади. Педагогик тажрибалардан маълумки, инсон миясида асосий маълумотларни қабул қилиш ва сақлаш жараёнлари ўспиринлик даврида, яъни 18 ёшгача бўлган даврда юқори даражада давом этади. Ундан кейинги даврларда бу жараёнлар аста-секин пасая бошлайди. Табиийки, бу эса таълим сифатига жиддий таъсир қилади

Учинчидан, аёл-қизлар ўртасида диний саводсизликни авж олиши. Юртимизда урфга айланган, яъни ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини тугатган қизларни турмушга чиқишларини ҳисобга оладиган бўлсак, аёл-қизларни олий маълумотли бўлиши тугул, ўрта махсус ислом билим юртига кириши кескин камаяди. 

Бунинг натижаси ўлароқ хотин-қизлар орасидаги турли бидъат ва хурофотларнинг тарқалишини олдини олиш, миллий-диний анъана ва қадриятларимиз асосида диний-маърифий тарғибот ишлари, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда хизмат қиладиган кадрларни тайёрлаш сифати пасайиши ва олий диний таълим муассасасига кириши кескин камайиб кетишига олиб келади.

Тўртинчидан, ўринсиз баҳона қилинганлиги. Ҳозирги вақтда ўрта махсус ислом билим юртларига умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари ўқишга қабул қилиниб, мазкур таълим муассасаларни 18-20 ёшда битирадилар. Сўнг республикада фаолият кўрсатаётган масжидларга имом-хатиб лавозимига тайинланмоқдалар. Аммо ёш мутахассисларда ҳаётий тажриба етишмаслиги кузатилаётгани, баъзиларининг фаолиятидан масжид жамоасининг қониқмаётгани бор ҳақиқат, дейилади янги таклифлар матнида.

Аслида эса мадраса битирувчиларини имом-хатиб қилиб тайинлаш фақат зарурат ўринларидагина бўлади. Чунки уларга бериладиган дипломларга имом-хатиб мутахассислиги ёзилмайди. Буни бартараф этиш учун эса бошқача йўл тутиш мумкин, масалан, узлуксиз таълим тизимига зид ҳолда, ўрта махсус ислом билим юртларида таълим ёшини кечиктириш орқали эмас, балки мазкур таълим муассасасини тугатган битирувчиларни 4-5 йил имом-хатиб лавозимигача бўлган вазифаларга тайинлаш лозим. Мана шу йиллар мобайнида битирувчилар ўз устида ишлаб, тажрибасини ошириб, имом-хатиб лавозимига тайёр бўладилар. Ёки олий диний таълим муассасасига қабул квотасини кўпайтириш орқали мазкур муаммони бартараф этиш мумкин. Бу ечим энг мақбул йўл бўлиб, масжидга ҳар хил ёш ва савиядаги инсонлар келади. Уларга диний-маърифий тушунчаларни етказишни ўрта-махсус маълумот эгасидан кўра олий маълумотга эга бўлган мутахассисга топшириш афзалроқдир.  

 Бешинчидан, мадрасалар ва олий диний таълим ўқув режалари қўпол равишда бузилганлиги. Вазирлар Маҳкамасига таклиф қилинган ўрта махсус ислом билим юртларига коллеж ва академик лицейларни битириб кирилишини инобатга олиб, 1-“Умумтаълим фанлари” блокидаги фанлар чиқарилиб, ўрнига Тошкент ислом институтининг 1-“Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар” ва 2-“Математика  ва  табиий-илмий  фанлар” блокидаги фанлар киритилди (2-илова). Ўз навбатида олий диний таълим муассасасига ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчилари амалдаги институт ўқув режасининг 1-, 2- блоклардаги фанларни ўқиб келишини инобатга олиб, мазкур ўқув режасига 9 та мутахассисликка умуман таълуқли бўлмаган Тошкент ислом университетининг бакалавриат йўналишларидаги фанлар киритилди. 

Бундан ташқари ҳозирги кунда дунёвий олий таълим муассасалари томонидан ҳаттоки бакалавр дипломига ҳам тенг кўрилмаётган Тошкент ислом институти дипломини магистратурага тенглаштирамиз деб, 5 та магистратура мутахассислик фанларини ҳам киритишди. Ваҳоланки, хозиргача олий диний билим юртининг дипломида шифр йўқ. Янги таклифлар матнида ҳам бу ҳақда бирор нарса дейилмаган. Шунингдек, ўрта ва олий диний таълим учун тақдим қилинган ўқув режаларни ўзаро солиштирадиган бўлсак, таълим тизимининг босқичларида бир хил фанлар такрорланганлигини ва қўпол хатоликларга йўл қўйилганлигини гувоҳи бўламиз (3-илова). 

Ажабланарлиси шуки, ўрта махсус ислом билим юртлари ўқув режаси бошқа олий таълим муассасаларининг ўқув режасидаги 1-, 2- блок фанларини ўқиб чиқишади, лекин маълумоти ўрта махсус берилади. Шунингдек, Тошкент ислом институти ўқув режасини магистратура ўқув режасига тенглаштирилди. Бироқ, ўқув режадаги умумий фоизни фан блокларига тақсимлаш бакалавриат мезони асосида ишлаб чиқилди. Аммо уларга бериладиган диплом ҳеч қаерда магистр дипломи сифатида қабул қилинмайди.

Диний таълим муассасаларнинг янги ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқишда ҳеч қандай юртимизда асрлар давомида шаклланган диний таълим тизими ҳамда хорижий етакчи диний таълим муассасаларининг ижобий ютуқлари инобатга олинмади.

Шунингдек, таклифларни ишлаб чиқиш жараёнида мадраса мудирлари ҳамда институт кафедра мудирларидан таклифлар сўраб, улар берган таклифларни инобатга олмасдан, ўзлари ишлаб чиққан таклифларни диний соҳа вакиллари таклифи деб чиқаришди.

Соҳага оид бўлмаган шахслар томонидан ишлаб чиқилган бу лойиҳа қандай оқибатларга олиб келади:

  1. Фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол қилинади. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида қонун» ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» қўпол равишда бузилади.
  2. Агар бу тасдиқланган таклифлар амалиётга татбиқ этилса, ўрта махсус ислом билим юртларига коллеж ва лицейни тамомлаган ўғил-қизлар қабул қилинади.
  3. Таълим узлуксиз кечган тақдирда, (мадрасалар ва олий маъҳадда квоталар жуда озлиги сабаб бу нарса амри маҳолдир) ўрта махсус ислом билим юртини тамомлаш ўртача 23-24 ёш, Тошкент Ислом институтини тамомлаш ўртача 27-28 ёш бўлади. Ваҳоланки салоҳияти бор йигит-қизлар бошқа таълим даргоҳларида 23-24 ёшларидаёқ олий маълумотли бўладилар. Аёлларнинг диний таълим олиши чекланади. Чунки бу ёшда аёллар оилали бўлиб, таълим олишга вақти бўлмайди.
  4. Диний-маърифий тарғибот ишлари, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши мафкуравий иммунитетини шакллантиришда хизмат қиладиган кадрларни тайёрлаш сифати пасайиши ва олий диний таълим муассасасига кириш кескин камайиб кетишига олиб келади.
  5. Таълим даври ҳаддан зиёд чўзилиб кетиши натижасида, аёл-қизларнинг бу соҳада олий маълумотли бўлишлари қийинлашади. Бу эса, аёл-қизлар орасидаги турли бидъат ва хурофотларнинг тарқалишини олдини олишни кескин қийинлаштиради.
  6. Ислом динини тадқиқ қилиш, Имом Бухорий, Термизий, Марғиноний, Насафий каби олим аждодларимизнинг илмларини ўрганишга путур етади. Бу эса ҳозирги вақтда энг долзарб масалалардан биридир. Исломни ўрганиш, ўргатиш ва аждодлар меросини пухта эгаллаш орқали турли хил ёт оқимларга қарши курашиш мумкинлигини ҳаётий тажриба кўрсатиб турибди.
  7. Олий диний таълимда ислом дини асосларини чуқур ўрганган ва турли фирқаларга ўз вақтида, асосли раддиялар берадиган олий маълумотли малакали, етук диний мутахассислар, педагог-ўқитувчилар ва илмий-тадқиқотчилар чиқарилиши сезиларли даражада пасаяди.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (олий маъҳад) жамоаси

Мазкур даъво ишида кимнинг ҳақлигини масалани тегишли тартибда ўрганиб чиққан мутасадди идоралар аниқлайди.  Бизнинг мақсадимиз - муаммога жамоатчилик эътиборини қаратиш.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82