• 19 август GMT +05:00
  • 4154.36
  • 4895.49
"Пишмаган" лотин алифбоси, кўчалардаги хато тўла баннерлар ва“Имловий дангасалик” масалага ечим борми?
14.06.2017 15:33:09
3292 Ўзбекистон
Негадир бугун алифбо масаласига тўхталганда одамларда, ўзбек нутқини рус тилига мослаган кирилл алифбоси ёки “пишмаган” лотин алифбосинини қаерда қўллаш-у, қўлламаслик ўйлантириб келаётган “бош оғриғи”дир. Нега дейсизми? Марҳамат, кўчага чиқинг, рекламалар, баннерларга қаранг ёки 7-9 синфда ёки касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган ўқувчининг “мобил саводи”ни кузатинг...

Албатта, буни фақат алифбо алмашинувига йўйиб бўлмайди. Ўқувчи алифбо ва имлони мактабда ўрганади. Бугунги ва олдинги мактаб битирувчисининг саводи ўртасида анча фарқ бор. Демак, ўқитишда “нимадир” бўлаяпти.

Энди масаланинг туб моҳиятига кўчсак. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидан бошлаб, туркий халқлар қаторида бизда ҳам лотин графикасига ўтиш бошлаб юборилди. Албатта, бунда ўзбек тилидаги унли ва ундош товушларнинг аслида қанчалиги бўйича жуда кўп ва хўп баҳс кетган (ўша давргача фойдаланилган араб ёзувида фақат у, а ва и ҳарфларини билдирадиган белгилар бўлган). Умумадабий тил орқали бу муаммони ечиш лозим эди. Бунда тилшунослар ўзбек адабий тили учун қарлуқ лаҳжасининг Тошкент – Фарғона шевалари асос қилиб олинди ҳамда фонетик жиҳатдан Тошкент шевасига урғу берилган.

Тилшунослар 5, 6, 9, 12, 15 ва ҳатто 17 та унли товуш борлигини таъкидлашган. Натижада, 1929-1940 йиллар оралиғида алифбода бир неча “унли ўзгаришлар” рўй берди. Шундай пала - партишликлар оқибатида 1934 йилдан буён тилимиз шартли 6 та унлида қолиб кетди. Туркий тилларга хос бўлган сингармонизмнинг катта бўлмасада, тилимиздаги ўрнига эътибор берилмади.

1940 йилдан эса ўша давдаги “оға тил” алифбосига яқинлашиш мақсадида кирилл алифбосига ўтилиб, айни пайтда бу лексикамиз, орфоэпика ва имломизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Тилимизда ўзлашма ва ҳатто миллий сўзларимизни ҳам рус тилига ўхшатиб талаффуз қилиш бошланди. Бу ҳозирги кунга қадар ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Ўзлашма сўзлардаги Ҳ – бўғиз товуши тилимизда бўлсада, бировларнинг “оғзига қараб” Г ва Х га алмаштирдик. Голландия, Гамлет, Геродод кабилар қатори, Гейдар (Ҳайдар Алиев) ва Гамзатов (Расул Ҳамзатов) деган номлар пайдо бўлди. Энг ачинарлиси бугунги кунгача бу ҳолатни она тилимиздаги “норма” сифатида қабул қилфётганларни кўриб яна хунобингиз ошади.

Ачинарлиси, ўзбек тилининг товушлар системаси ва имло қоидаларини рус тилига мослаб, бизга ёт, лекин кирилл алифбосида бўлган –я, -ю, -ё, -е, -ц, - ъ, -ь мажбурлаб тиқиштирилди.

Жамиятимизда баъзи вакилларида бугунги кунда ҳам эскирган кириллни сақлаб қолиш ҳиссининг мавжудлигини, улардаги она тили тушунчасидаги имловий бўшлиғи билан изоҳлаш мумкин.

Мустақилликдан сўнг, илк навбатда, лотин ёзувли ўзбек алифбосини жорий этиш бошланди. Лотин ёзуви бугунги кунда дунё миқёсидаги ярмидан кўп тилларни бирлаштирган халқаро мулоқот алифбосидир. Ўзбек тили ҳам мазкур “мулоқот”дан четга чиқмаган ҳолда, мазкур интеграцияга қўшилди. Бу ҳақиқатда ҳам бизни шиддат билан ривожланаётган ахборот асрида коммуникация технологияларидан фойдаланишимизда, чет тилларини тез ўзлаштириш ва энг муҳими ўзбек тилини жаҳон саҳнасига олиб чиқишда, хорижийларни бизнинг тилимизга мослашишларида жуда қулай бўлади. Матн теришда эса 5-10% фоиз иқтисод қиламиз. Мактаб ўқувчилари эса тез савод чиқаришади.

Кўпчилик янги алифбога ўтиш жараёнида оммани саводсизлашиб қолиши ҳамда эски манбаалардан узилиб қолишини таъкидлашади. Бу ҳамиша ҳам тўғри эмас.

Биринчидан мамлакатимизда саводхонлик 99 % лик маррани урган. Ундан кейин ҳамма мактабда хорижий тил, инглиз, француз ёки немис тилини ўрганган... бундай омилларни кўп келтириш мумкин. Бу зарарли фикр асосан, ўзгаришларга мойиллиги бўлмаган қатламга хос бўлган баҳона ва “имловий дангасалик”дир. Маълумки, тилимиз тарихида босиб ўтган йўлдаги арабий ва кирилл ёзувидан фойдаланган даврда ҳам “иккичилар” ва эскиликка кўниккан қатлам бўлган ва кейин ҳам бўлаверади. Таълим тизимини такомиллаштириш керак холос.

Энди алифбога ва имлога тўхталсак. 1995 йил май ойида лотин алифбоси жорий этилганда кириллдаги “кераксиз” ҳарфлар чиқариб ташланди... ва шунчаки кирилл ёзувига тўғри келадиган ҳарфлар билан алмаштирилди холос. Аслида ҳарфларни тўғри алмаштириш ҳам охирига етмади (“Хх” - бу лотин ёзувида –кс бирикмасини билдиради). Соддароқ тилда тушунтирсам, қизил рангли автомобиль шунчаки бошқа рангга бўялиб, бир нечта кериксиз қисмлар олиб ташланди. Лекин, керак бўлган қисмни ўрнатишга келганда эса... мутахассисларнинг ҳам бу борада ўзгаргиси келмади назаримда.

Муддаога ўтсам амалдаги кирилл ва лотин алифболарида имло билан адабий тил ўртасида, адабий тил учун асос бўлган лаҳжалар талаффуз меъёрлари билан орфография ўртасида жиддий тафоввут бор. Ўзбек тилининг фонетик ва орфоэпик балансида номутаносибликлар давом этмоқда. 1934 йилдан буён талаффузимиз ва ёзувимиз ҳаммша ҳам бир-бирига ёпишмайди. Ҳар қандай тил учун комфорт, яъни тўла тўкис мос келадиган алифбони тузиш мураккаб.

Бу борада Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида лотин ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича турли соҳа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилган. Бир неча бор ишчи гуруҳи йиғилишлари ўтказилиб мазкур доирада жамоатчилик билан кенг муҳокамалар қилинаётганини олқишлаш лозим.

Албатта унлилар ҳақида гап кетганда ўзбек тилида барча чўзиқ ва қисқа унлиларни алифбода тўлиқ акс эттириш мушкур вазифа. Аслида барча унли товушлар турли сўзларда турлича талаффуз қилинади.

Лекин баъзилари яққол ажралиб туради. Масалан И – I ҳарфи амалда иккита мустақил И ва рус тилидаги Ы га яқин товушни ифодалайди. Ҳамма бунга кўниккан бўлиши мумкин, амалда савод чиқаришда ноқулай ҳамдир. Бу товуш учун барча туркий тилларда алоҳида ҳарф ажратилган. Мисол учун “билан”, “бироқ”, “тирноқ”, “қизил” каби сўзларда баъзан ўқувчиларда биринчи бўғиндаги унли товушнинг бор йўқлини англаши қийин кечади ва тушириб қолдириш ҳоллари бор. Буни тушунса бўлади, чунки “Қрим”, “Примов” каби сўзлар борки, ўқувчини чалғитади. Тўғрида “Қрим”да тушириб қолдирилган ва “бироқ” сўзидаги биринчи унли товуш амалда бир хилку. (Туркий тилларда “Qırım” тарзида). Нега бу товуш тилимизда алоҳида акс этмаслиги керак? Лотинча I i га оддий белги билан Ɨ ɨ ёки
Î î тарзида қўллаш мумкин (Бу лотин ёзувли тиллар ва халқаро фонетик алифбода Ы ни англатади).

Иккинчиси эса, талаффузида икки хиллигини фарқласакда қайсарлик қилиб, эриниб, алифбога киритмаганимиз икки хил “О” масаласида. Аслида бу ҳар иккита ўзбекча (доно, бола, лой) ва рус – европа тиллари (полк, стадион, кола) орқали кириб келган амалда ўзбекча Ў га яқин товуш (рол, ). “Яна алифбони мураккаблаштириш нима кераги бор?” дейдиганлар, билиб қўйсин. Бу ғирт “имловий дангасалик” ва масъулиятдан қочишдир. Ёзувда ва талаффузда бемалол ажратиш мумкин. Энг асосий “шпаргалка” бу – ўзбекча ва европача сўзлар. Мисол учун оддийгина “ток”, “ром”, “бор” каби сўзлар. “Ток” – бу электр токи ва “ток” – узум новдаси, “ром” – ичимлик номи ва “ром” – маҳлиё бўлиш, “Бор” – кимёвий элемент ва “бор” – мавжуд эканлик. Фарқ аниқ, тиниқ ва сезиларли шундай эмасми? Энсаси қотиб “хўш нима керак энди иккита қилиб” деганлар билиб қўйиши керакки, лотин ёзуви, бу шаклан уйғунлик ҳамдир. Ўзбекча лабланмаган О (Бухоро, Тошкент, палов) европа ва рус тилларида А билан белгиланиши бежиз эмас. Бу аслида А нинг чўзиқ кенг кўринишидир. Ўзбекча “О” ни лотин ёзувли кўпгина тиллар Â ёки Ā билан ёзилиши бежиз эмас. Фақат биздагини бу “О” ҳарфи билан ёзилади. Бунинг натижасида биз умумжаҳон стандартидаги шаклий кўринишга эришамиз. Айни пайта тилимиз гўзаллиги ва нозик қирраларини кўрсатамиз. Албатта алифбо биз учун тузилиши керак, ўзбекча “О”ни “А” деб ёзадиганлар учун эмас. Лекин, айни пайтда бу билан лотин ёзуви қоидаларини бузмаслигимиз ҳам керакку, ахир! Ўзбекча О (ɒ) товушини тилимизда ўз ўрни бўлиши керак. Масалан, Tâshkent, islâm, Andijân, Tâjikistân, Özbekistân, Navâiy, Bâbur кўринишида ёзиш мумкин.

Озарбайжон тилида 8 та, турк тилида 9 та, қозоқ тилида та, қирғиз тилида та, туркман тилида та қорақалпоқ тилида та унли товуш ва ҳарф бор. Лекин уларда имловий хатоликлар кам кузатилади. Инглиз тилида 20 та унли товуш, француз тилида 16 та унли товуш бор. Бундай “ноқулайлик”лар уларни дунё тиллари бўлишига ва бизни ушбу тилларни ўрганишимизда ҳеч қандай салбий таъсир қилмайди. Ўз алифбомизга келганда, яна эринчоқлигимиз тутади.

Gʻ gʻ ва Oʻ oʻ нинг юқоридаги вергуллари кўпчиликка ноқулай. Рус ва европа тилларидан кирган сўзлардаги О товуши ва ҳарфини ўз ўрнига қолдириб, Ў - Oʻ учун кўпчилик лотин ёзувли тилларда мазкур товушни ифодалайдиган, юқоридаги икки нуқтали Ö ö шакл кўринишига ўзгартириш лозим. Бу ҳамма учун қулай ва электрон қурилмаларда ЮНИКОД (UniCode) да фойдаланишда қулай.

Gʻ gʻ - ҳарфини 1995 йилги тажрибамиз асосида, халқаро доирада энг кўп қўлланиладиган Gh gh кўринишига, қаттиқ сирғалувчи Х ни эса Kh kh шаклида ўзгартириш маысадга мувофиқ (Х – ҳарфини алифбодан чиқариш лозим).

Ёзувимизга “Ц” ҳарфи ёки уни ўрнини босувчи фонемани киритиш мақсадга мувофиқ. C c шаклида ифодаланиши халқаро меъёрларга мос келади. Буни ҳарф сифатида акс эттириш мумкин. Biocikl, cirk, funkcia, cent, Ciceron, konstitucia, Francia, Ciolkovskiy, internacional… Айни пайтда Ч – Ch ҳарфининг “ярми” қаердан келганини билиб олиш мумкин.

Алоҳида рус ва осиё тилларидан ўтган сўзлар бундан мустасно бўлиши лозим. Масалан: Tsoy, Tsunami, Tszyu

Портловчи ва сирғалувчи Ж – J ҳам бир - биридан фарқ қилиб туриши мақсадга мувофиқ. Аксарият диаграфли тилларда Zh – тарзида ифодаланади. Бу бироз ноқулайроқ. Лекин иккита Ж – J ни айни пайда бир-биридан узоқлаштирмасдан ҳеч бўлмаса Ĵ ĵ кўринишида ифодалаш мумкин. Масалан: ĵurnal, aĵdod, Ĵak, montaĵ

Яна бир масала бўйича ўқувчиларда турли тушунмовчиликлар бор. Бу –нг (транскрипциядаги ŋ) товушидир. Бу лотин алифбосида алоҳида ҳарф сифатида киритилган бўлса ҳам бошланғич синфларда дарс бераётган педагогларни бу борада фикри тушунарсиз.

Сўз охирида (бодиринг, келинг, тонг, кемпинг) ва ундошдан олдин (англамоқ, манглай, синглим ва бошқа) келгандагина ŋ – товушини беради. Бунда ng – битта товуш. Лекин, - нг ҳарфларидан кейин унли ҳарф келган бўлса ҳохлаймизми, йўқми иккита алоҳида ҳарфлар товушини беради (танга, тонги, менга, нонга, Наманган, дангал, дангаса ва бошқа. Ҳар ким ҳам сўзда нечта бўғин борлигини била олмайди.

ng – [ŋ] масаласига эҳтиёткорона ёндашиш керак деб ўйлайман. Ўқувчилар ва ўқитувчиларга қатъий қоидаларни уқтириш керак. Яъни –ng сўз охирида ва ундошдан кейин келганда иккаласи битта ҳарф (ŋ) ва –ng нинг икки ёнида унли ҳарфлар келса алоҳида – алоҳида n ва g ҳарфлари эканини дарсликлар ва албатта биринчи навбатда биринчи синфлар учун алифбега киритиш керак. Демак икки унли орасида n ва g алоҳида ҳарфлар, қолган ҳолатда эса битта товуш!

Кейинги масалага қўшимчалар хусусида. Ҳозирги ўзбек адабий тили имло қоидаларида сўз ясовчи, сўз ўзгартирувчи ва бошқа қўшимчаларни қаттиқ ўрнатилган морфологик қоидалар асосида ёзиш қоидаси мавжуд. Қўшимчалар имлосида жарангсиз ва жарангли ундошлар бир бири билан боғланмаяпти. Имлода эса ўқувчилар саводини чиқаришида ноқулай. Туркий тиллар имлосига қаралса товуш ўзгариш ҳодисаси қандай айтилса шундай ёзиш қоидалаштирилган. Яъни фонетик ёзув қоидасига мурожаат қилиш, мактабда ва тилни ўргатишда мураккабликларни йўқотади. Ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар билан ишлашни қулайлаштиради.

Тилни зўрлаб талаффуз қилишга мажбурлаш эса умуман тушунарсиз ҳолат. Мас: бўлибди, тутга, Тошкентга, ўқишдан, ўтган, яратган, кетгунча, боғга, ётиб, отдай, тўқдай каби сўзларни амалга 100 % ҳолатда “бўлипти – boʻlipti”, “ўқиштан – oʻqishtan”, “ўткан - oʻtkan”, “яраткан – yaratkan” тарзида жарагсиз ундошбилан ўқиймиз ва нутқимизда ҳам шу кўринишда талаффуз қилинади. Агар эътибор қилинса тарихий манбааларда айнан фонетик ёзув қоидасидан кўпроқ фойдаланишган. А.Қодирийнинг машҳур асари “Ўткан кунлар” деб номланиши бежиз эмас (Бунда албатта атоқли отлар ва ўзлашма сўзлар мустасно бўлиши керак. Масалан “арабдан”, “археологга” каби кўринишлар).

Шундан келиб чиқиб адабий тилимиз морфологияси ва лексикасида қўшимчаларни жарангли ёки жарангсизгидан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш лозим. Мисол учун жўналиш келишиги қўшимчаси сўз жарангсиз ундош билан тугаса, - ка, жарангли ундошлар ва унлилар билан тугаса – га тарзида ифодалаш қоидасини ўзлаштириш лозим. Жўналиш келишиги ва бошқа –Қ ва –Ғ ундоши билан тугаган сўзларга “Г” ундоши билан бошланадиган қўшимчалар қўшилишидаги товуш ўзгариш ходисасини адабий норма сифатида қабул қилиш лозим.

Мас: “бўлипти – boʻlipti”, “ўқиштан – oʻqishtan”, “ўткан - oʻtkan”, “яраткан – yaratkan”, “боққа – boqqa” кўринишда қоидалаштирилиши лозим.

Бу борадаги қоидани барча қўшимчалар учун киритиш лозим. Масалан, шакл ясовчи, равишдош –б, -иб қўшимчалари –п, -ип тарзида талаффуз қиламиз.

Фотетик асосда қўшимчаларнинг ёзилишини ўзбек тилига қайтариш керак, айнан фонетик ёзув тилимизнинг чиройини, гўзаллигини кўрсатади ва энг муҳими – барча учун қулай.

Яна бир тилимизга ёт ҳолат, бу юмшоқ унлидир. 1995 йилда бир қисми ўзбек тили оҳангига тўғриланиб “rejissor”, “budjet” каби кўринишга келтирилди (аслида бу сўзлар халқаро доиралар ва келиб чиққан тилида ҳам шундай ёзилади). Лекин бу бир нечта сўз билан чегараланади холос. Бу нарсани тилимизга ноўринлигини инобатга олиб мазкур жараённи охирига етказиш лозим. Қайтараман, юмшоқ унли тилимизга ёт ҳодиса!

Лотин ёзувини лотин ёзувига ўхшатиш вақти келди назаримда. Ўзлашма сўзлардаги
-ия, -ция, -ея билан тугайдиган сўзларни –ia (Italia, Finlandia), -cia (Konstitucia, integracia), -ea (Korea, epopea) орқали ёзилиши қоидалаштирилиши лозим.

 Бошқа ўзлашма сўзлар имлосида ҳам “рус стандарти”дан воз кечиш вақти келди. Географик объектлар ва атоқли номлар борки, ҳалигача Manhettean, Pekin, Nankin, Tan, Shanxay, Xokkey, Laxor, Pxenyan, Dxarmendra, Xirosima, Doxa кўринишида ёзилмоқда. Бу номларнинг асл кўринишлари рус тилида – нг (ŋ) ва –ҳ (h) бўлмаганлиги учун шу ҳолатда бўлган. Лекин она тилимизда бу товушлар минг йиллардан буён мавжуд. Beijing, Nanjing, Tang, Shanghay, Lahor, Pyongyang, Dharmendra, Hiroshima, Doha – бу ҳам ўзбек оҳангига, ҳам халқаро шаклий ёзув қоидаларига, ҳам мазкур сўзларнинг асл вариантига мос тушади. Бу ўзгаришларни имломизда акс эттирмаслик, лотин ёзувига ўтишдаги ҳақиқий маъносизликдир. Чунки, ўзлашма сўзлар масаласида ёзувимиз рус тилининг лотинча транскрипциясига айланиб қолмаслиги лозим.

Албатта ёзув имлони ўзгартириш ҳамма учун “ёқимли” қабул қилинмаслиги, бу тушунарли. Охирги 22 йил давомида кўпчилик зада бўлганини тушуниш мумкин. Уларни ҳам тушиниш лозим. Бошида оддий фуқаролар учун паспорт, диплом ва бошқа гувоҳномаларни, 2-3 йил ичида нашрларни, умуман жамиятни янги қоидаларга мослаш енгил бўлмаслиги табиий ҳолат. 1995 йилдан бери мактабларни лотин ёзувида 12 та “қалдирғочлар” битирди. Тилшунослар учун янги қоидаларни ўзлаштириш ва луғатларни чоп этиш вазифаси тургани рост.

Лекин, 1995 йилда қабул қилинган янги лотин алифбосини жамиятда чуқур қабул қилинмаганлигини сабабларидан бири бу халқ айниқса, катта авлод вакиллари ўртасида керакли даражада тарғибот олиб борилмагани билан изоҳлаш мумкин. Глобаллашув даврида ёш авлоднинг бу борадаги ғалатиликларни тўлиқ қабул қилмаслигини тушуниш мумкин. Бугун аксар телеканалларимизга аҳамият берсак, инглиз тилини ўргатиш бўйича бир қанча кўрсатув ва теледарслар, оммабоплигини ошириш бўйича видеороликлар эфирга чиқаяпти. Аммо ўзбек тилининг бу бордаги кўрсатувлари йўқ.

Аниқ билишимиз керакки, ислоҳ қилинадиган лотин ёзувига тўлиқ ўтиш ва унга кетадиган сарф-харажатлар аслида, мамлакатимизнинг келажаги учун киритилган ИНВЕСТИЦИЯДИР. Биздан сўраладиган нарса бу масалада иккиланмаслик. Зеро, хатони тўғирлаш учун бизда имконият бор экан, кеч эмас. Доно халқимиз айтганидек, кўз қўрқоқ – қўл ботир!

 

Ўзбек тили алифбоси ва жорий имло қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси МЕҲРОЖ Усмонов

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82