• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Жиззах вилоятида "ямалар"ни ямашга ҳомийлар ҳам жалб қилинмоқда
14.06.2017 16:05:11
2074 Ўзбекистон

Жиззах вилояти Фориш туманида ички йўллар таъмирланмоқда.

Туман қишлоқларида жорий йилнинг ўтган даврида 6 километрдан зиёд ички йўллар таъмирланди. Туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси қишлоқ йўлларини таъмирлашда 311 миллион сўмликдан зиёд иш бажарди. Бу ҳақда миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Жиззах – Янгиқишлоқ – Қизилча йўлининг “Фориш” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қисмидан юриш ҳайдовчилар учун чинакам машаққат эди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу ерда 3,6 километр йўлга шағал тўкилиб, текисланди.

Мазкур йўлнинг “Осмон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қисми ҳам ҳайдовчи ва йўловчилар учун жиддий қийинчилик туғдираётган эди. Ушбу оралиқдаги Ёмчисой қишлоғига ўтувчи 1,4 километрлик айланма йўлда туман йўлсозлари 21 миллион сўмликдан зиёд таъмирлаш ишларини амалга оширди. Айланма йўлнинг таъмирланиши нафақат қишлоқ аҳлига, балки Ёмчисой қишлоғида жойлашган “Камолот”, “Коинот” оромгоҳларига борувчилар учун ҳам катта қулайлик яратди.

Шундай таъмирлаш ишлари туман маркази – Боғдон шаҳарчасида ҳам амалга оширилди. Шаҳарчанинг Фарҳод кўчасида бир километрдан зиёд йўл таъмирланди.

Туманда маҳаллий аҳамиятга эга 446 километр йўл мавжуд. Бундан 25-30 йил аввал қурилган қишлоқ йўллари бугунги автотранспорт қатновига ҳам, замонавий машиналар тезлигига ҳам жавоб беролмайдиган бўлиб қолган.

Давлатимиз томонидан кейинги йилларда ички автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қишлоқ аҳолисига катта қулайлик яратмоқда. Бу ишга Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташқари, маҳаллий бюджет, ҳомийлар маблағлари ҳам жалб этилмоқда.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82