• 19 август GMT +05:00
  • 4154.36
  • 4895.49
Тухматга қолган "Ўзбекнефтегаз” раҳбари ёҳуд диндан гапиришни биз ҳам биламиз
19.06.2017 13:11:34
4894 Ўзбекистон

Шу ҳафта Халқаро пресс-клубда “Ўзбекнефтегаз” МХК Раиси Алишер Султонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтганидан кўпчлигингиз хабардорсиз. Ижтимоий тармоқларда унинг сўзларини нотўғри талқин қилиш, сенсация ортидан қувиб, бўлган-бўлмаган гапларни тарқатиш авж олиб кетди. Шу муносабат билан  Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратходжаев  айрим фикрларини билдирди.

Унинг фикрича, билиб-билмай гапириш бизни фитна ва иғво кўчасига олиб кирмасин.

"Менинг суҳбатдошим — “Ўзбекнефтегаз” МХК бошқаруви раиси Алишер Султонов ижтимоий тармоқларда унинг сўзларидан иқтибос сифатида келтирилаётган сўзларни умуман айтгани йўқ. Аксинча, мардлик қилиб соҳадаги муаммоларни гапирди, хатоларни тан олди. Уларни бартараф этиш йўллари ҳақида фикрларини билдирди. Нисбатан яқинда иш бошланган. Бундай кишини 32 миллионлик аҳолига қарши қўйиш катта гуноҳ эмасми, аслида. Зотан, халқ номидан фақатгина у сайлаган Президент ва Олий Мажлис аъзолари гапиришга ҳақли. Турли савиядаги инсонларнинг онгига дунёвий муаммоларда, диний соҳага тааллуқли ҳикоя ва ривоятларни обориб тиқиш ҳам аслида мантиққа зиддир.
Шундай бўлишини тахмин қилиб, мен матбуот конференцияси якунида “Қадрли журналистлар, сенсация ортидан қувманг, асосий гаплар қолиб, улар ортидан келадиган шов-шувга берилманг” – деб журналистлардан илтимос қилган эдим. Аммо, аттанг...", - деди Қудратхўжаев.

Унинг билдиришича, аслида, А.Султонов 15 йилда барчамиз – истеъмолчилар, райгазлар, облгазлар тизимни ўлдирганимиз, лойиҳасиз, ҳисоб-китобсиз қувурлар тортиб, газ тизимини ўлдирганимизни айтди.

"Лекин соҳа ўлгани йўқ. Бу ахборотни, русчасига айтганда, “журналисты вырвали из контекста”.  Балки бу кимгадир ёқмас, лекин бугун таппи ёқадиган замон эмас. Номард, нонкўр бўлмайлик. Давлат қўлидан келганича газни вилоятлар, туманларга етказмоқда. Қувурда бўлмаса ҳам, баллонда етказмоқда. Очиқ тан олайлик, шўрадан қолган газ тизими ҳам комил эмас, лекин одамлар ҳам айниган. Лекин шу тизимда ишлаётганлар ҳам ўзимизнинг халқимиз, бошқа давлат фуқаролари эмас. Коммунизмни орзу қилган яна бир қавм қисми эса ҳамон ётиб, тоғни кемириб, газни текинга ёқишни орзу қилади. Ваҳоланки, Истамбул, Токио, Сеул, Исроил қанчалик бадавлат бўлмасин, баллондаги газдан фойдаланмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг, газни ёққандан кўра, ундан полимер, полиэтилен чиқариш халқимизга кўпроқ наф келтирмайдими? Бу билан қанча минглаб янги иш ўринлари яратамиз, халқимизни янада бой қиламиз.

Диндан гапиришни биз ҳам биламиз. Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам кўрган қийинчиликларни, изтиробларни биз кўряпмизми?! Улар иссиқ жакузилар, хушбуй ванналар, муздек ҳаво пуркаб турган кондиционерларни кўрдиларми?! Қотган нон билан ифтор қилиб, иккита хурмога хурсанд бўлган улар. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаганлар улар. Аллоҳ субҳаноху ва таоло “иқро, иқро, иқро” деганда, пайғамбар ва умматига ўқи, излан, ривожлан, демадими?! Тезакка тушаётган ўзимиз эмасми? Аслида, чекка қишлоқларда ҳам тўйлар данғиллама бўлади. Наҳот сарпога, бидъат амалларни бажаришга кетган пулни битта офтоб ускунасига (тахминан 5 миллион сўм) сарфласа, ўзига, жамиятга фойда эмасми? Илтимос, халқимизга тўғри даъват қилайлик. Омилик, калтабинллик даври ўтди энди. Биз дунёда мураккаб сиёсий, оғир иқтисодий жараёнлар кечаётган бир даврда яшаяпмиз. Интернет дегани – бу демократия. Лекин, масъулиятсизлик, оғзига келганни гапириш дегани эмаску бу. Моҳи Рамазон кунлари эса, бировга икки қулоч арқонни раво кўриш - асл мусулмоннинг иши эмас. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлигидан фойдаланиб иғво тарқатиш, одамларни давлатга қарши қайраш ва шунга ўхшаш фитналарга асло йўл қўйиб бўлмайди. Қуръони Каримнинг Бақара сурасида Аллоҳ бизга айтади: “- Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил аъллиял аъзим”, яъни, “ҳеч бир халқ ўзи ўзгармагунча, ҳатто Оллоҳ ҳам уни ўзгартирмайди”. Биз ўзимиз, дунёқарашимиз, кўпроқ даромад топишга ва муносиб яшашга мотивациямиз, давлат гази ва электр энергияси, иссиқлик суви учун ўз вақтида тўлов маданиятини оширишга эришсак, тез даврда ривожланган давлатлар қаторига кирамиз. Давлатнинг ҳаққига хиёнат қилмайлик. Унга ёрдам берайлик. Чунончи, барча истеъмолчилар ресурслар учун ўз вақтида 100% пул тўлаганларида, биз хориждан инвестицияни валютада олмаган бўлар эдик", -  деб ёзади Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратҳўжаев ўз саҳифасида.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82