• 25 сентябрь GMT +05:00
Биринчи Президентнинг фаолиятини "қайта кўриб чиқиш" нимага олиб келади?
07.08.2017 14:24:59
3677 Ўзбекистон

Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов оламдан ўтганига бир йил ҳам бўлмади. Лекин унинг фаолиятини "қайта кўриб чиқувчилар", унинг сиёсати ва стратегиясига "объектив баҳо берувчилар" катта саҳнага чиқишга уринмоқда.

Бунга кўпчиликнинг муносабати салбий. Кўп йиллар давомида Юртбошимиз саналган шахсни энди қоралашга уриниш - бу миллий давлатчилигимизни, узунгина сиёсий йўлимизни, қолаверса 25 йил давомида бирга қилган меҳнатимизни ҳам ёмонлаш дегани.

Эсимда бор, 80-йилларнинг охирида маҳалламизнинг рўпарасидаги уйлар оммавий тартибсизликлар давомида кул бўлгани, уларнинг эгалари эса бош олиб қочгани. Ёки 90-йилларнинг биринчи ярмида икки буханка нон олиш учун "купон" кўтариб, навбатда турганимиз. Ёки яқин йилларгача "рэкетчилар" ва террористлар жамиятимизга жиддий таҳдид солиб келганлиги. Буларни биз кўрган бўлсак ҳам, болаларимиз кўрмади (ва кўрмасин). Булар бизнинг ҳам ёдимиздан секин аста чиқмоқда. Бугунги тинч ҳаёт, камчиликлар билан бўлса-да, ишлаб турган давлат механизмлари ва ҳуқуқий тартиб ҳудди доим бўлгандек.

Тўғри, ўтган йиллар давомида камчиликларга ҳам йўл қўйилган эди. Лекин қайси улкан сиёсатчи хато қилмаган? Ва И.Каримовнинг хатоларидан кўра ютуқлари кўпроқ эканилигини вақт кўрсатмаяптими? Нима бўлса ҳам Биринчи Президентимиз Ўзбекистонни барча балолардан ҳимоя қилиб, бугунги кунгача бут-бутун ҳолда олиб келишни таъминлади. Бу тарихий шахс байроғимиз ёки мадҳиямиз каби давлат рамзларидан бирига айланди, десак адашмаймиз.

Давлатчилиги энг мустаҳкам АҚШ ёки Буюк Британия ҳеч қачон собиқ биринчи раҳбарларини расман ёмон демайди. Чунки бу ёндашув ривожланиш узвийлигини издан чиқариб ташлашини ва амалдаги раҳбарга жуда салбий таъсир қилишини ҳамма яхши тушунади. Ишонмасангиз, Оливер Кромвель ҳақида озгина ўқиб кўринг. Кейин эса унинг ҳайкали қаерга ўрнатилганлиги билан қизиқиб кўринг.

Муаллиф: "Халқ билан мулоқот" гуруҳ маслаҳатчиси

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82