• 25 сентябрь GMT +05:00
Сенаторни боплаган шифокор
09.08.2017 10:35:57
2926 Ўзбекистон

Шу десанглар, сенатор этиб тайинланганимдан бери қорним оғрийдиган бўлиб қолди. Йўқ, сиз ўйлагандек ичим кетмайди, шунчаки қорнимда оғриқ бор. Бошида унчалик билинмаётган эди, лекин кейинчалик кучайиб борди. Ҳозир чидаб бўлмас даражага келди. Шунинг учун эрталабдан шифокор ҳузурига ёзилиб, навбатим келишини кутиб ўтирибман.

Сенаторлар ҳам навбат кутадими, дейсизми? Кутади. Керак бўлгандан кейин ётволиб кутади. Касалхонадаги одамларни кўплигини кўрсангиз эди, ярим шаҳар касалми нима бало?! Аввалига дўхтирни ўзини уйга чақириб, муолажани ўша ерни ўзидаёқ олсам деб юргандим, кейин фикримдан қайтдим. Билиб бўладими, эртага “фолончи сенатор мени уйига чақириб ишлатди” деб порталга ёзвориши мумкин. Бу портал деганлари чиқди-ю, бизга ўхшаган мансабдорларнинг нони яримта эмас, ушоқ бўлиб қолди. Энди ҳар куни ишга соат 9:00 дан боришимиз, кечга қадар кабинетимизда ўтиришимиз, ишонсангиз, ҳатто оддий фуқароларни ҳам қабул қилиб, уларнинг арз-у ҳолини тинглашимиз керак. Қандай бедодлик. Онам мени шунақа кунлар учун туққанмиди?!

Айниқса, ўтган ҳафтада бошимдан ўтказган қийинчилигим ҳаммасидан ошиб тушди. Эллик даража иссиқда, куннинг қоқ ярмида мажлисга чақириб қолишса бўладими! Яна бир ҳафтанинг ўзида иккита мажлис. Вой-дод! Шартта аризамни ёзиб, ишдан бўшаб кетгиларим келиб кетди-ю, лекин кейин нима иш қиламан дея ўйландим? Қўлимдан бирор иш келмаса…

— Кечирасиз, ака сиздан олдин дўхтирни қабулига кирсам майлими? Мазам бўмай кетаяпти, илтимос…
— Нима мен шунчалик навбатини бериб қўядиган лапашанг одамга ўхшайманми? Мен ҳам касалман, юрганимда, ўтирганимда қорним оғрияпти. Тегирмон ҳам навбати билан дейилган синглим, шундай экан мендан кейин кирасиз, — деб қаттиқроқ гапирдим.

Қорачадан келган аёлдан нарида ўтирганлар бир нималар деб шивирлашишди. Биттасининг “аёл кишини ўтказворса бўларди” деган гапини эшитиб қолдим.
— Нега берарканман навбатимни? Шунчалик аҳволи оғир экан мендан олдин келсин эди. Сенлар аралашмаларинг, — дедим.
— Бу ерда нима бақир-чақир, ҳозир бирортангни қабул қилмайман, — деб оқ халат кийган дўхтир чиқиб келди.

Ҳамманинг овози ўчди. Бу дўхтирвачча нима деяпти ўзича. Мени кимлигимни билмайдими дейман. Қаддимни тик тутиб, бутун савлатим — қорним билан ўдағайламоқчи бўлдим, бироқ оғриқни зўридан 135 градус қияликда тура олдим. Дўхтир жонивор ярим соатда келаман деб, чиқиб кетди. Нимаям қилардик, яна ярим соат ўтирдик. Ёнимдаги аёлни ранги ўзгариб кетгандек кўринди кўзимга. Ярим соатлар олдин сал қизилроқ эди, энди эса қорайиб-кўкариб кетгандек.

Менимча, шунақа кўриняпти кўзимга. Барчасига шу иш айбдор. Салкам бир йилдан бери одамга ўхшаб ухлолмайман. Саккиз-тўққиз соат деганда алаҳсираб уйғониб кетадиган бўлиб қолибман. Кечаси еган қовурдоғим эрталаб туриб кекирганимда оғзимдан келадиган бўлиб қолган. Овқат ҳам тайинли ҳазм бўлмай қўйган. Ўйлашимча, қорин оғриғига ҳам шу айбдор…

— Навбатдаги киринг! — деб қолди дўхтир. Ҳайрият-э, мени ҳам навбатим келаркану, деб хонасига кирдим.
—Исмингиз?
—Фалончи.
—Фамилянгиз?
—Пистончиев!
—Қаерда ишлайсиз?
—Олий мажлисда, сенаторман.

Дўхтир бирдан ўрнидан туриб кетди. Кўзлари ола-кула бўлганидан “ўтириб қўйдими” деган хаёлга бордим. Ҳаа зўри келса ўтириб қўясан-а, деб ўйладим ичимда.

— Қани, мараҳамат, ўтиринг. Нима безовта қиляпти сизни?

Ҳар бир сўзи тугул харфидан ялтоқланиш ҳиди кела бошлади. Оҳ, қандай мазза. Озгина чайналиб, унга сал ғижиниб қараб, муддаога ўтдим.
— Шу десанг, ука… айтганча, сизни сенсирасам майлими?
— Бемалол, акажон. Ёшиз ҳам улуғ экан, ўғлим десангиз ҳам майли.
— Йўқ, йўқ, бугунча ука бўлақол. Шундай қилиб ука, қорним — киндигимни пасти оғрийдиган бўлиб қолди. Қаддимни тик тутиб юролмаяпман ҳам. Шуни давосини топиб берсанг.
— Қани, кўйлакни кўтариб, бу ерга ётинчи…

Ғилдиракли кароватга ётқизиб ярим соат қорнимни атрофида айланди ўзиям. Бу касопат нима қиляпти экан, деб бошимни кўтариб қарай десам, қорин ўлгур халақит бериб, кўринмаяпти. Охири сабрим чидамади.

— Нима бўлди, ука? Ой топдингми путимни орасидан, намунча ковландинг у ерда.
— Ака, кўричак бўлиб қолибсиз, тезда операция қилмасак бўлмайди. Менимча, ёрилиб ҳам кетган бўлса керак.
— Нима, қанақа кўричак?!

— Гапирманг, уриниб қоласиз, ҳозир ҳаммасини тўғирлаймиз.

Шартта аравани итариб, коридорга қараб олиб чиқиб кетса бўладими? Гапга қулоқ солиш ҳам йўқ. Ўзим ҳам хавотирга тушиб қолдим. Ўлиб қолмасам гўргайди…

Дўхтир тушмагур ким биландир гаплашиб кароватимни бир талай лампочкалари бор хонага олиб кирди. У ерда учтаси ниқоб тақволиб, шай туришган экан. Учта укол қилишди ва секин-аста хушимни йўқота бошладим. Бошимда нимадир айлана бошлади. Ахир… ахир… ахир…

Қачон уйғонганимни билмайман, турсам бошимда янги “укам” турибди.

—Ў, падар лаънат! Мени еттинчи синфлигимда кўричагимни олдириб ташлаганман-ку! Изиям турибди-ку ўнг биқинимда, нега кесасан?, — дедим пишиллаб.
—Шуни эртароқ айтсангиз бўлмайдими? Қорин солиб, савлатли бўлганиздан кейин операция қилинган чандиқ анча пастга тушиб кетган экан. Кўрмай қолибман.
—Ээ, ўша кўзинга…
—Хавотирланманг. Бекорга операция қилмадик, сизни дардингиз кўричак эмас, ўн икки бармоқли ичагиз шамоллаган экан. Ярмини қирқиб ташладик, бу ёғига отдек бўлиб кетасиз. Операция қилмаганимизда, буни аниқлай олмаган бўлардик…

*****

Орадан уч ҳафта ўтди. Уч ҳафтадан бери уйдан чиқмайман. Ану пандавақилар кесган жой битиб кетган бўлса ҳам оғриқ барибир қолмади. Нима қиларимни билмай яна “укамни” олдига бордим.

—Сен бола мени бошқа нарсамни кесиб қўйгансанов. Нега ҳалиям оғриқ кетмаяпти?
—Қани ётингчи, унақа бўлиши мумкин эмас, ҳозир қараб қўяман…
Яна ярим соат чуқаланди. Охири топди, шекилли.
—Акажон, сизни дардингиз қизилўнгачда экан. Ҳозироқ уни кесиб ташламасак, ўлиб қолишингиз мумкин…

Ўламан, мен-а?! Қирчиллама ёшимдая? Шунча йиққаним нима бўлади? Ўғлимни тўйичи. Кейинги ой “Фаравон”га 800 та одам айтиб қўйганман-ку. Йўқ, кесса кессин, лекин ўлиш йўқ…

Айтишларича, икки кундан кейин уйғонибман. Ҳаммаси ортда қолди. Қизилўнгачсиз ҳам яшаб юрганлар қанча, фақат энди озгина парҳез қилиши керак бўларкан. Майли, буниси ҳам ўтиб кетар.

…Бир йилда иккинчи бор олган таътилим ҳам тугади. Лекин ишга чиқадиган аҳволдамасман. Оғриқ ўша-ўша. Минг лаънат сендақа дўхтирга, деб яна “ўгай укам”ни олдига бордим. Бу сафар аниқ даволайман деб яна операция хонасига олиб кириб кетди.

Уйғонсам битта буйрагим йўқ. Ҳечқиси йўқ, битта буйрак билан 90 га кирган одамни танийман. Муҳими, яшасам бўлди…

Яна бўлмади. Оғриқ кундан кунга зўрайиб бораверди. Шундай қилиб икки ой ичида, ўн икки бармоқли ичагимдан, қизилўнгачимдан, битта буйрагимдан, жигаримни 45 фоизидан, яна номини эслолмайдиган алламбало нарсаларимдан айрилдим. Клизма қилдиравериб тўғри ичак бўлиб қолдим. “Салник” тушмагур ҳеч нимани ушлолмайдиган бўлиб қолди…

Бўлди, бошқа чидолмайман. Шу сафар ҳам бораман-да, ё мени даволайсан, ёки ўлдириб қўяқол, дейман. Жонга тегди бу азоблар, дейман. Шунақа шаҳд билан ўша дўхтир “укам” хонасига кириб бордим. Кирганимни эшитмади шекилли, телефонида гаплашишни давом эттираверди. Бирорта ойимчаси бўлса керак-да ҳойнаҳой. Эҳ, олтмиш кун олдинги дадиллигим бўлсайди… Ану тушмагурни ҳам соғиниб кетдим… Энди эса аҳволим бунақа. Шу билан яна бўладими йўқми, билганимда эди…

—Ало, эшитяпсанми дўстим, ёмонам бопладимда ўзи, — дўхтир тушмагур ҳалиям телефони билан оввора. —Халқни ўйламаган сенаторни жазоси шу. У бундан баттарига ҳам лойиқ. Кейинги сафар келса ошқозонини ярмини олиб ташлайман, ўшанда халқдан ўмариб йиққан пули юқмайдиган бўлади. Еяверади, еяверади, тўғри “от ичак”ка ўхшаб, чиқариб ташлайверади.

Иплос мен ҳақимда гапиряптими?…

—…нега унақа қилдинг, дейсанми?! Шунақа қилиб жазоламасанг, булар одам бўлмайди. Қачонгача ахир бирорта иш қилмасдан, тайёр ойликни еб ётаверади булар. Ошқозони тўлса бўлди буларни. Бирорта қонун ёки қарорниям ўйлаб кўрмай тасдиқлаверади. Қаттиқроқ қарсак чалиб маъқуллаб қўйса бўлгани. Ўртоқ Фолончиев, бу қарорингизни «манетти» бизга тўғри келмайди, «манетида» хатолик бордай, дейиш йўқ. Бошини қимирлатиб, тасдиқлаб тураверади. Кейин бу ерда сен билан менга ўхшаган одамлар қийналади. Аввал ўйлаб кўрмайди булар. Ярани бу даражада йиринглаб кетишига нима сабабчи, қандай омиллар таъсирида бу аҳволга келган, зах ўтгандир, балки туғма касалликдир, оилавий аҳволи қанақа… Йўқ, шартта кескин қарор қабул қиламизда, ҳаммасини ўзгартирамиз, деб кўз чиқариб ўтиришади. Мен ҳам шартта кескин қарор қабул қилдим-да, кесиладиган жойларини кесиб ташладим. Қани кўрайликчи, нима бўларкан… Ало, нима дейсан? Ўзи аслида нима қилган экан, дейсанми? Ҳеч нима қилмаган. Шунчаки “ҳом семиз” шимининг камарини қаттиқ тортиб юрган. Шунга қорин сал эзилган. Кундан кунга семирадиган одам камарнинг тилини икки йил олдинги тешикка тиқмай, сал бир-иккита силжитиб таққанида, шунча боши оғримасди…

Бошим айланиб кетди. Дўхтирни хонаси кўз олдимда айлана бошлади. Ерга йиқилаётганимни сездим, қолгани эсимда йўқ. Хушимга келсам, падарлаънат дўхтир пешанамда тиржайиб турибди.

—Энди ҳаммаси яхши бўлиб кетади, акажон, ҳамма айб ошқозонингизда экан, уни ярмини кесиб ташладик, бу ёғига соғайиб кетасиз…

Фозилбек Юсупов

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82