• 25 сентябрь GMT +05:00
Совет даврининг сарқитлари ёҳуд ресурсларни тежаш вақти келмадими?
14.08.2017 10:03:50
2879 Ўзбекистон
Ўзбекисон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 04 августда «Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш» тўғрисида ПФ-5134сонли фармон қабул қилинди. Бу фармоннинг қабул қилинишини ҳозирги кунгача қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида ўнлаб йиллар давомида ечилмаётган долзарб муаммоларнинг ҳал этилиши билан боғлаш мумкин.
Хўжалик тизимидаги долзарб муаммолардан бири бу эски совет даврида ХХ асрнинг 60-70и йилларида қурилган ва хозиргача фаолият олиб бораётган Давлат Насос станциялар тизимидир.
Ўзбекистон Қишлок ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратидаги Давлат Насос станциялари энергетика ва алоқа бошқармаси бошлиғи Музаффар Абдуқодирович Шомайрамовнинг маълумот беришича бу тизимда 1500дан ортиқ насослар мавжуд. Насос станцияларининг вазифаси 50 йил олдин совет пайтида тасдикланган руйхатдаги кишлок хужалиги ерларига «текинга» сув етқазиб бериш. Сув етқазиб беришдаги электр энергия ва бошка харажатлар давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилар экан. Аммо етқазиб берилган сув бўйича фермер хўжаликлари ҳеч қайдай мажбурият олишмас экан.
Тизимдаги бир насоснинг электр энергия харажати соатига 250кВтдан бошланади ва тизимдаги насосларнинг аксарияти мавсумда суткасига 24 соат ишлатилар экан. Электр энергиянинг вақтинчалик узилиши ёки насосларни техник соз ҳолда саклаш учун вақтинчалик ўчирилиши баъзи бир «уддабурон» фермерларнинг шартнома шартларини бажармаслигига «баҳона» бўлаётганлиги ҳолатлари ҳам кузатилган.
Давлат хусусий фермерларга бюджет ҳисобидан «текин» сув етқазиб беришга мажбурми?
Ўзбекистон республикаси Молия вазирлигининг расмий маълумотига кўра 2017 йилда Давлат бюджетидан Сув хўжалиги эксплуатация муассасаларига 2трлн 296 млрд сўм, шундан факат электр энергия харажатлари учун 1трлн 488 млрд сўм ажратиш режалаштирган. Агар бу насосларнинг эскилиги ва электр энергия харажатининг замонавий тежамкор насослардан 3-4 марта кўп сарфлашини инобатга олинса, қанчадан қанча электр энергияни тежалишини хисоблаш кийин эмас. Бунда биз нафақат электр энергия харажатини, балки сув харажатини ҳам камайтирган бўлар эдик.
Сув тежалишининг экологик тарафларини ҳам олоҳида айтиб ўтиш лозим. Хусусан Орол денгизи куришининг сабабларидан бири 60-70 йилларда совет тузумининг қишлоқ хўжалик ерларидан максимал даражада фойдаланиш учун лалми ерларда пахта экишни купайтириш ва сувдан оқилона фойдаланмаганлигини айтиб ўтиш мумкин. Ўша пайтда биз айтиб утаётган насослар тизими жорий этилган. Бу насослар тизимида ҳаттоки катта ҳажмдаги ер ости (глубинные) насослари ҳам мавжудлигини алохида айтиб ўтиш жоиз.     
Замонавий суғориш техногияларнинг пайдо бўлганлиги ва ҳозирда қишлоқ хўжалигида лалми ерларга эски каналли тизимда сув етказиб беришдан воз кечиш даркор.
Ўзбекистон президентининг 2017 йил 21-22 июль кунлари Тошкент вилояти сафари пайтида берган интерьвюда, фермерлар буғдой етиштирсаю олган даромади ёқилгисига етмаса бундай деҳқончиликдан воз кечиш кераклиги, буғдойни керак бўлса импорт қилиш ва бу ерларда унумдор замонавий турдаги боғ ва узумзорлар ташкил этишни таклиф берганлари жуда тўғри.
Давлат хусусий фермерларга бюджет ҳисобидан «текин» сув етказиб беришга мажбур эмас!
Бозор шароитида бир фермега сув текин етқазиб берилса, иккинчи фермер эса худди шу сувдан ўз насоси орқали фойдаланса, бу рақобат муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Электр энергияни ўз ҳисобидан тўлаётган фермер махсулоти тан нархи қимматрок бўлиши ва у текин сувдан фойдаланаётган фермер билан рақобатлаша олмаслиги ҳам аён.   
Президентнинг «Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш» тўғрисидаги фармони жуда актуал ва ўз вақтида қабул қилинди.
Биз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилар эканмиз биринчи навбатда бу эски насослардан фойдаланишдан воз кечишимиз шарт.
Тежаладиган бюджет маблағларини эса томчилаб суғориш ва бошқа замонавий суғориш тизимларини ривожлантиришга йўналтиришимиз мақсадга мувофиқ.
Бу билан биз сув ва электр энергия ресусрларининг кўп миқдорда тежалишига муваффақ бўламиз.   
Мирзо Субханов

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82