• 25 сентябрь GMT +05:00
Лола Каримова отасининг сўнгги кунлари тафсилотларини ошкор этди
29.08.2017 23:48:33
1889 Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганига мана бир йил ҳам бўлмоқда. Халқимиз мархум президентни фақат яхши хотиралар билан тилга олмоқда. Мархум Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева отасининг сўнгги кунлари ҳақида яқин дугонаси ёзган тафсилотларни бугун оммага тақдим этди. 

"Мен учун жуда шахсий бўлган ушбу ҳикояни сизга ҳавола этмоқчиман, чунки бир йил аввал айнан шу кунда барча ўзбекистонликларга таъсир этган, отамнинг соғлиқлари билан боғлиқ қайғули воқеалар бошланган эди.
Мен падари бузрукворим, Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳаётларининг сўнгги кунлари тафсилотлари билан бўлишмоқчиман. Бу хотиралар мана 20 йилдан ортиқроқ вақт давомида менга қадрдон бўлган инсон томонидан ёзилган. Ўша оғир кунлар, мен тамомила қайғуга ботган дамларда, дугонам отам ҳаётларининг сўнгги кунлари тафсилотлари бизлар учун кейинчалик катта аҳамиятга эга бўлишини англаб қоғозга туширган эди.
Бу унинг ҳикояси:
“Президентимиз билан уларнинг ҳаётликларида учрашиб, суҳбатлашишга муваффақ бўлмаганман. У кишини талабалик давримда – 90-чи йилларнинг ўрталарида спорт мусобақаларининг очилиш маросимларида бир-икки маротаба узоқдан кўрганман.
Аммо, Худонинг хоҳиш ва иродаси билан, уларнинг ҳаётларини сўнгги соатларида ёнларида бўлиш менга насиб этган.
То 31 август оқшомига қадар уларнинг ҳаётларини сақлаб қолиш мумкин деган умид учқуни барчамизнинг юрагимизда бор эди. Бироқ, умид йўқлиги аён бўлгач, мен шундай оғир кунларда ўз яқин дугонамнинг ёнида бўлиш ҳамда унга далда бериш учун 1 сентябрь куни Тошкентга учиб келдим. Бўлиб ўтган воқеалар менга шу қадар қаттиқ таъсир кўрсатдики, мен Париждан бир инсон бўлиб кетиб, тамомила бошқа инсон бўлиб қайтдим.
Мен Тошкентга пайшанба 1 сентябрь куни кечга томон етиб келдим ва 2 сентябрь куни эрталаб касалхонага йўл олдим. Президентимизнинг рафиқалари, қизлари Лола ва Лоланинг тўнғич қизи Марям мана бир неча кундирки касалхонада уларнинг олдиларидан бир зум ҳам кетмасдан турар эдилар.
2 сентябрь тонгги соат 9да Ўзбекистоннинг оммавий ахборот воситалари орқали президентимизнинг аҳволлари оғирлашгани ҳақида хабар берилди. (Шу ўринда айтиб ўтмоқчи эдимки, президентнинг оила аъзолари халқни юртбошимиз соғлиғидан бевосита хабардор қилиб бориш кераклигини қатъиян таъкидлашди, ва айнан уларнинг илтимосларига кўра юртбошимиз вафотининг сабабларини кўрсатувчи тиббий хулоса эълон қилинди). 
Лола менга 2 сентябрь эрталаб соат 8ларда қўнғироқ қилди ҳамда отасининг аҳволи кескин ёмонлашгани ва умрларининг 2-3 соати қолган бўлиши мумкунлиги ҳақида хабар берди.
Мен касалхонага етиб келганимда уларнинг иситмалари баланд эди. Шунда зудлик билан “Ёсин” сурасини ўқиш учун қорилар чақиртирилди. Озгина вақтдан сўнг Анвар қори Минор масжидининг бошқа бир неча қорилари билан биргаликда етиб келишди. Билмадим, бу тасодифми ёки йўқ, аммо қорилар “Ёсин” сурасини ўқишни бошлашлиги заҳоти юртбошимизнинг тана ҳароратлари 36.5 га пасайди. 
Кейинги 12 соат мобайнида Қуръони Каримнинг суралари ниҳоятда чиройли ва тўхтовсиз равишда бутун касалхона бўлими бўйлаб янгради. 
Президентимиз умрларининг сўнгги 12 соати давомида мен улар ётган палатада бўлдим. Қизлари Лола, Татьяна Акбаровна, Марям ва мен уларнинг ёнларида ўтириб, тавҳид калимаси, саловотлар ўқиб, Оллоҳнинг исмларини зикр қилиб ўтирдик. Ёнимиздаги қўшни хонада қорилар ўтиришар (улар катта дарчадан Президентимизни кўришлари мумкин эди) ва баланд ҳамда виқорли овоз билан Қуръон сураларини тиловат қилишар эди. Лола отасининг олдидан кетмас, тез-тез уларнинг лабларини сув билан хўллаб турарди. Оила аъзолари кўзларида ёш билан юртбошимиздан рози-ризолик сўрашар эди. Касалхонада деярли ҳамма кўз ёши тўкишар, Қуръон тиловат қилаётган Қориларнинг ҳам овозлари вақти-вақти билан йиғи туфайли узилиб қоларди.
Ўша онларда президентимизнинг руҳлари бизни ҳис қилаётгандек эди назаримда. Уларнинг юзлари жиддий тус олган, мисоли Қуръонни диққат билан тинглаётгандек ҳамда ҳар сафар олдиларига қизлари Лола келиб гаплашганда, уни сезаётгандек эдилар. 
Вазият ҳар қанча оғир бўлмасин, бошқа умид йўқлиги маълум бўлгач, жаноза маросимини режалаштириш керак эди. Ўзингиз биласиз, Ўзбекистонда бунга ўхшаш воқеа ҳали юз бермаган эди. Дафн маросими Президентнинг оиласи томонидан ишлаб чиқилди: қаердан чиқариш, қаерга олиб бориш, Регистон, Тиллакори.
Лола бошиданоқ дафн маросими мусулмон урф-одатларига катъий риоя қилган ҳолда бўлиши ҳамда юртбошимизнинг васиятларига мувофиқ уларни оналари уйидан чиқаришни ва туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида дафн этилишларини айтди. Президент Ислом Каримов бир неча йил аввал ўз рафиқалари билан Самарқанд шаҳрини зиёрат қилганларида Ҳазрат Хизр масжиди ёнидаги жойни кўрсатиб, уларни айнан шу масжид олдида дафн этишларини васият қилган эканлар. Уларнинг оила аъзолари барча маросимларни Ислом урф-одатларига мувофиқ бажарилишига катта эътибор бердилар, ҳамда ҳар бир масалада Анвар қори билан маслаҳатлашдилар. Мусулмон одатларига биноан, аёл кишилар жанозада иштирок этмайдилар. Шу сабабли, Лола имомдан ўз онаси ва яна 3 аёл тобут кетидан то жаноза бошлангунча Регистонга бориши мумкинми деб сўради. Анвар қори бу мусулмонлик қоидаларига зид эмаслигини, фақат жаноза ўқилаётган вақтда аёл кишилар хонанинг ичида бўлиши кераклигини айтдилар.
Кечки соат 21:00га яқин Оллоҳ юртбошимизнинг жонларини олди. 
Биз улар билан видолашиш учун палаталарига кирдик, шу он Анвар қори ва уларнинг иккита шогирдлари ҳам хонага киришди. Улар қўлларида бир қучоқ райҳонни ушлаб туришар эди. Шунда Лола қоридан, бу шундай одатми, деб сўради. Унинг саволига жавобан Анвар қори, марҳумни уларнинг севимли гуллари билан ёпмоқчи эканликларини айтдилар. Шундан сўнг президентимизни оқ мато билан ёпишди, ҳамда Анвар қори, уларинг шогирдлари ва Лола марҳум бошининг тепаси, елка, қўлларининг устига райҳон гулларини қўйишди ва президентимиз тамомила райҳон гулларига буркандилар. Мен ҳам битта райҳон гулини сўраб олдим ва уни президентимизнинг оёқ томонларига қўйдим. Шундан сўнг барчамиз ўтирдик. Бутун хона райҳон ифорига ва Қуръон тиловотларининг ёқимли овозига тўлди. Бу жуда ҳам таъсирли онлар бўлиб, ҳам хонада, ҳам киши кўнглида равшанлик ва ёруғлик ҳукм сурарди. 
Кейинчалик Анвар қори менга марҳумнинг боши устида Қуръонни то эрта тонггача ўқиб чиқишганини айтдилар. 
Тунгги 12ларга яқин мен касалхонадан уйга қайтдим. Эрталаб биз Самарқандга йўл олишимиз керак эди. 
Мен расмий кортежни кузатувчилар қаторида эмас эдим. Самолётда президент тобутини кутиб олиш учун аэропортга эртароқ, тонгги 5ларга етиб бордим. Бу вақтга қадар Тошкент кўчалари одамлар билан тўлган, кўпчилик йиғлар ҳамда президентимизни сўнгги манзилга кузатиш учун кутиб туришар эди. 
Биз Самарқандга соат 8ларга етиб бордик ва машинада юртбошимиз туғилиб, вояга етган уйга йўл олдик.
Одамларнинг тугалмас қаторларини кўриш жуда ҳам таъсирли эди: Президентимизга иззат-икром кўрсатиб, аёллар оппоқ рўмол ва оч рангли кўйлаклар, эркаклар эса дўппи ва саранжом кийимлар кийишган эди. 
Самарқандликлар, 60 йилдан сўнг ўз она шаҳрига бутунлай қайтган ўз шаҳрининг ўғлони билан видолашиб, кўзларида ёш билан туришар эди. 
Азим Регистон майдонининг ёнида жойлашган, юртбошимизнинг болалиги ўтган кичик ҳовлили уйда ювиш маросими бўлиб ўтди.
Шундан сўнг барчамиз уйдан Регистон томон пиёда йўл олдик. Атроф оломон билан тўлган, шаҳар бўйлаб одамлар йиғиси эшитилар эди. Бу жуда ҳам оғир дамлар эди. Лола онаси билан тобутнинг кетидан юришар, биз эса уларнинг ортидан бир неча қадам орқада кетар эдик. Тобутни олиб бориш вақтида кишилар тобутга тегишга ва уни қўлма-қўл кўтаришга ҳаракат қилишар эди. Мен ўша онлар, одамларнинг ҳақиқий айрилиқ дарди ва мотамсаро кўз ёшлари гувоҳи бўлдим. Атрофда ёруғлик ва илиқлик руҳи ҳукмрон эди.
Регистон майдонига етиб борганимизда биз аёллар Тиллакори мадрасасининг ичига кирдик. Сўнг эса бутун Регистон бўйлаб “Ёсин”, “Фотиҳа”, “Бақара” ва Муқаддас Қуръоннинг бошқа суралари янгради. Президентнинг оиласи илтимосига биноан Қуръони Карим Регистон майдонида чамаси 40 дақиқа давомида ўқилди.
Ўша лаҳзаларда юракларни қамраб олган ҳиссиётларни, атрофни чулғаб олган таъсирли ва фариштали руҳиятни тасвирлашга тил ожиз. Мен бу маросимни телевидение орқали ҳам олиб узатишганини кўрдим, бироқ бирорта ҳам камера ўша лаҳзаларнинг ниҳоятда гўзал кучини тўлиқлича тасвирлаб беришга қодир эмас. Кейин жаноза намози бошланди, сўнгра тобутни Регистондан олиб чиқиб кета бошлашди. 
Биз мадрасадан чиқа олмас эдик, ва тобут узоқлашаётганини кўриб, кўз ёшлар билан видолашув сўзларини айта бошладик. Тобут тобора узоқлашиб борар, биз эса уни кўздан қочирмаслик учун қўшни ойнага югуриб борар эдик. Тобут майдондан ташқарига чиқиб кетаётганда бутун Регистон бўйлаб она ватанимизнинг мустақиллиги рамзи, Ўзбекистон мадҳияси янгради. 
Биринчи президентимизни уларнинг васиятларига биноан Ҳазрат Хизр масжиди ёнига дафн этишгандан сўнг, Самарқанднинг форумлар мажмуасида расмий хотира маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, хорижий давлатлар раҳбарлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар. 
Кечроқ, Лола, Татьяна Акбаровна ва яна бир неча аёллар президентимизнинг қабрларини зиёрат қилдик. Қуръон тиловат қилинди. Юртбошимиз қабрлари қўйилган жой тепаликда жойлашган. У ердан кўҳна Самарқанд шаҳрига мисли кафтдагидек манзара очилади. Президентнинг оила аъзолари сўзларига кўра, болалик даврларида Ислом Каримов бу ерда кўп вақт ўтказган эканлар, тенгдош болалар билан қадимги шаҳар ҳаробалари бўйлаб югуриб юрган эканлар. Президентимиз ўша онлар шундай буюк ҳаёт йўлини босиб ўтишларини билганмиканлар? Ўша дамлар, айнан шу, уларнинг болалик даврларига гувоҳ бўлган тепалик, вақти келиб, мангу ётадиган масканлари бўлиб қолишини сезганмиканлар?”
(Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳаётининг сўнгги кунларига оид ушбу тафсилотлар Оқила Тоирова томонидан ёзилган)."

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82