• 23 ноябрь GMT +05:00
  • 8085.11
  • 9487.07
Ўзбекистонда 8 тонналик ош дамланади ва жараён 12 млн аҳолига тўғридан-тўғри узатилади
06.09.2017 17:17:53
6169 Ўзбекистон

8 сентябрь куни ўтказилиши кутилаётган “Ўзбегим” фестивалида салкам 2 тонна гуручдан мега-ош дамланади. Тадбир ташкилотчиларининг маълумотларига кўра, паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлардан фойдаланилади. Хусусан, 1 500 кг мол гўшти, 400 кг қўй гўшти, 220 кг думба ва энг асосийси, 1 900 кг гуруч. Улкан қозонга 2 700 кг сабзи, 220 кг пиёз, 440 литр ўсимлик ёғи, 57 кг туз ҳам солинади. Буларнинг барчасига 100 кг нўхат, 190 кг узум, 5 кг зира, 2 кг янчилган қалампир, 1 кг зарчава ва 350 литр сув қўшилиб, таъми ростланади. Ошнинг умумий оғирлиги 8 тонна бўлиши кутилмоқда. Палов тайёр бўлгач, “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйларига тарқатилади.

Фестивалда мега паловни Guinness World Records китобида қайд этиш учун, ушбу ташкилот вакиллари ҳам қатнашадилар. Шунингдек, Guinness World Records’нингфейсбукдаги 12 миллион мухлисларга эга саҳифасида палов тайёрлаш жараён жонли узатилади.

Ушбу паловни тайёрлаш учун Ўзбекистоннинг 50 нафардан зиёд маҳоратли ошпазлари жам бўладилар. Уларнинг 12 нафари бош ошпазлардир. Ташкилотчиларнинг айтишича мега-палов тайёрлаш ғояси ошпаз Баҳриддин Чустийга тегишли. Лойиҳа учун қанча маблағ сарфланаётгани эса очиқ айтилмади. Палов учун махсус катта қозон тайёрланган бўлиб, у аввалги 6 тонналик қозондан анча-мунча йириклиги айтилмоқда. Хозирда Тошкентнинг сайлгоҳ кўчасида ушбу тадбирга тайёргарликлар қизғин бормоқда. Тадбир куни эса мазкур кўчаларда автоуловлар қатнови маълум даражада чекланади.  

Фестивалда 10дан ортиқ хорижий журналистлар қатнашиши кутилмоқда. 

Аввалроқ, 18 август куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Milliy телеканали ташаббуси билан Ўзбекистонда энг кўп миқдорда палов тайёрланди. Рекорд паловнинг оғирлиги, экспертларнинг қайд этишича,  6 тоннадан ошди. Бу ҳодиса Guinness World Records вакиллари иштирок этиши кутилаёган Миллий қадриятлар фестивали олдидан репетиция жараёни эди.

Паловни диаметри 4,2 метр, ҳажми деярли 8 минг литр бўлган қозонда тайёрлашди. Олмалиқ кон-металлургия заводида махсус қуйилган қозоннинг оғирлиги 7070 кг, чуқурлиги 1 метр. Қозон жойланган ўчоқ эса 3 тонна оғирликка эга.

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлар ишлатилди. Хусусан, 826 кг мол гўшти, 825,5 кг қўй гўшти, 195 кг думба ва энг асосийси, 1 650 кг гуруч қозонга солинди. Шунингдек, 2 400 кг сабзи, 185 кг пиёз, 350 литр ўсимлик ёғи, 48 кг туз ҳам ишлатилди ҳамда 4,5 кг зира, 165 кг зирк, 90 кг нўхат ва 3 кг қора мурч билан паловнинг таъми ростланган.

 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82