• 23 октябрь GMT +05:00
  • 8058.77
  • 9515.80
Техас Университети тажрибаси ва ўзимизнинг дипломли кирачилар ҳақида
26.09.2017 14:34:55
2098 Ўзбекистон

Университет талабаларга билим бериб, қўлига дипломини топшириб уларни катта ҳаётга учирма қилади. Кимдир йўлини топиб кетади, кимдир кирачилик қилиб дипломини сандиққа жойлаб қўяди... Афсуски бу айни ҳақиқат.  

Бугунги кунда Университет олдида аниқ фанларга ёшларни жалб қилиш ва таҳсилни тамомлагач уларни иш билан таъминлаш масаласи долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Уч томонлама шартномалар қоғозда бор, аммо амалда натижа бераётгани йўқ. Бу шартномалар талаба ва билим юртлари учун ортиқча даҳмаза бўлмоқда ҳалос.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси ташкил этган Go Viral Reporting tour дастури орқали АҚШнинг Техас штати, Остин шаҳридаги Техас Университетининг айни шу борадаги тажрибаси билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Қисқача бўлсада Техас Университетининг бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашсак.

 Техас Университети АҚШнинг Калифорния, Гарвард Университетлари олдида нуфузи ва талабалар кўлами билан тенглаша олади.

Университет талабаларини  бир туманнинг аҳолисига қиёслаш мумкин. 30 мингдан ортиқ талаба таҳсил олувчи Университетда 12 мингга яқин ўқитувчи, домлалар дарс беради. Улар орасида Нобель мукофоти совриндорлари ҳам бор.  Техас олийгоҳининг бошқа таълим муассасаларидан фарқи шундаки у юқори технологияларни ривожлантиришга катта эътибор беради ва бу борада янгиликлар яратувчи талабаларни қўллаб қувватлайди. Аниқроғи Университет талабанинг технологик янгилигини ишлаб чиқишга ҳомийлик қилиб, уни патентлаштириш ва бизнесда, амалда  қўллашга ҳам кўмаклашади. Натижада Университет ҳам, талаба ҳам ихтиро орқали даромад кўради. Талаба кичик янгилиги ортидан келувчи даромаднинг 50 фоизигача эгалик қилиши мумкин. Яъни Университет талабани ўқитиб, уни янгилигини ҳаётга қўллашга кўмаклашиб даромадини ҳам таъминлаб бермоқда. Буни устига ўзи ҳам асосий даромаддан четда қолаётгани йўқ.

Ҳусусан, доимий ҳамроҳимизга айланган қўл телефонлари батарейкалари ҳам айнан шу Университетда патентлаштирилган бўлиб, хозирда уни такомиллаштириш устида ишланмоқда. Шунингдек, компьютер технологиялари бўйича ҳам патентлаштирилган янгиликлар талайгина. Университет дунёга машҳур  Dell, facebook, GM, Samsung, Apple, Google каби йирик компанияларга ҳар йили мингдан ортиқ мутахассисларни тайёрлаб беради. Бир сўз билан айтганда ушбу Университетда таҳсил олаётган талаба келажаги борлигига ишонади.

Университет ректори Григори Фенвеснинг айтишича хозирда олийгоҳда саратон касаллигини операция қилишда қўлланилувчи ва умуман тиббиёт соҳасидаги  янги технологиялар устида ҳам ишланмоқда.

Ўзимизнинг Университетларга қайтсак бизда салоҳиятли, билимга чанқоқ ёшларимиз талайгина. Аммо, уларни қўллаб-қуватлаш борасида ҳали кўп ишлар қилиш керак. Билимга чанқоқ ёшларимиз бизнинг катта бойлигимиз. Йилдан-йилга олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган ёшлар сафи ортмоқда.  Улардан фойдаланиш, уларга таҳсил олишда, янги ихтиролар қилишда кўмаклашиш бунга маблағ ажратиш шубҳасиз эртага катта самара беради. Техас Университети ректорининг айтишича 1980 йилларда штатни танг ахволдан олиб чиқишга ёрдам берган асосий омил ҳам айнан Университет талабаларини юқори технологияларга йўналтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўлган. Хозирда Университет тадқиқотлар учун 500 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган ва уни эртага ортиб қайтишига ишонади.  

Айтмоқчимизки, бизнинг университетларда ҳам қоғозбозлик “қилинди, бажарилди” каби кўрсатмалар бериш учун ишланмаса. Узоқни кўзлаб, катта натижаларни, ривожланишни таъминловчи лойиҳалар устида ишланса эди. Ахир бизда катта бойлик -  илмга чанқоқ ёшларимиз бор. Уч тамонлама шартномалар каби қоғозбозликни ижод қилмасдан, юқорида келтирилган Университет тажрибаларини қўллаш вақти келмадимикан? 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82