• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Биз нега "Нобель" ола олмаймиз?
06.11.2017 16:22:20
1816 Ўзбекистон

Дунёдаги энг машҳур ва эътирофга сазовор мукофотлардан бири бу Нобель мукофотидир. Унга муносиб кўрилган киши билан миллатдошлари ҳам фахрланишади. Шарқ халқлари орасида ўзбеклар илм-маърифат бўйича доимо олдинда ва фахрли номлар билан тарихдан жой олиб келишмоқда. Бироқ нега юртдошларимиз орасида «нобелчилар» йўқ? Нима қилсак унга сазовор бўлишимиз мумкин? Шу каби баҳсталаб саволлар билан бугунги кунда турли фанлар, йўналишлар бўйича изланиб келаётган илм аҳлига мурожаат этдик:

Аслиддин АЛМАРДАНОВ – тадқиқотчи-изланувчи (Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ докторанти):

– Нобель мукофотига сазовор бўлиш ҳақида гап кетганда, истаймизми-йўқми, бу мукофот сал сиёсий бўямакашликдек туйилади, назаримда. Бунда лауреатларнинг аксарияти ўз даврининг зиддиятли ҳолатларига қаршилик ўлароқ кўрсатган «қаҳрамонлиги» асос қилиб олинган. Масалан, Александр Солженицин, Ўрхон Помуқларни мисол келтиришнинг ўзи кифоя. Ўзимизда Нобель мукофоти совриндорлари йўқлигига сабабни эса қуйидагича келтириш мумкин: 1. Асарнинг тарғибот-ташвиқоти. Бу жиҳат ўз-ўзидан таржима санъатига бориб тақалади. 2. Халқаро адабий анжуманлар, кечалар, симпозиумларда фаол иштирок. 3. Дунё халқлари томонидан тан олинган умуминсоний эзгу ғояларни муаллиф ўз қадрияти, миллияти, аслиятидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга кўтара билиш салоҳиятида ёзмоғи. 4. Алмашинаётган қарашлар таъсирида йўқолиб қолмайдиган, том маънода асрлар силсиласида «жасорат» тушунчасини улуғлайдиган асарлар. 5. Ва асосийси – дунё кезувчанлик, дунё халқлари маданияти ичида «яшаш» каби омиллар муҳим ўрин тутади. Кўриб турибсиз, буларнинг аксарияти бизда оқсаётган жиҳатлардир. Шунингдек, бошқа сабаблари ҳам борки, булар алоҳида бир тадқиқотни талаб қилади.

Мунира ВАЛИЕВА – Низомий номидаги ТДПУ талабаси:

– Афсус ва надомат билан айтиш керакки, Нобель мукофотини олганларнинг жуда кўпчилиги европалик аҳли донишлар экан. Осиёлик, шарқликлар эса саноқли. Аммо бу – осиёликлар билимда оқсаган, бу мукофотга салоҳиятлари етарли эмас, дегани эмас. Менимча, бу – маҳаллийчилик белгиси ёки «ўзимизникилар» шиорига са-а-ал тортади. Манбаларга кўра, мукофот жорий қилингач, мутасаддилар дастлабки ўн тўртта совринни фақат Европа адибларига улашишган. Аммо инсофга келиб қолишибдими, 1923 йили – илм майдони фақат Европадан иборат эмаслигини англаган мутасаддилар осиёлик, аниқроғи ҳинд адиби Рабиндранат Тагордан «Нобель»ни қизғанишмайди. Бир неча йиллардан кейин Нобель мукофотининг кўлами жаҳон аро секин йўрғалай бошлади. Натижада ўтган аср мобайнида дунёнинг бошқа қитъаларидан ҳам лауреатлар чиқа бошлади. Яна шуниси ҳам борки, Нобель мукофотини олган кўпчилик адибларнинг асарлари ўз ўқувчиларига зориқиб, тарихда изсиз қолиб кетди. Ааксарияти Прюдом ва унинг асарларидек ўз ватанида ҳам унутилмоқда. Бу – Нобель бобонинг мероси асл намояндаларга топширилиш йўлидан бироз адашмоқда, деганидир. Колумбдан олдин Американи кашф этиб қўйган Беруний бобомиз, юлдузлар харитасини тузган Улуғбек бобомиз ва ҳозир ҳам аждодларининг изларидан бораётган қанча-қанча олимларимиз бироз қимтиниброқ туришяптими, дейман-да. Нобель мукофотини олмасак ҳам, бизнинг ақл эгаларини аллақачон дунёнинг муғомбир мукофот берувчи ҳайъат аъзолари тан олиб бўлишган.

Икром ЭРГАШЕВ – Адлия вазирлиги масъул ходими:

– Дунёда миллатлар кўп, улардан етишиб чиқаётган кучли ёзувчию шоир, файласуфу сиёсатчилар ҳам талайгина. Уларнинг кучли асарларидаги турли-туман ғоялар, қарашлар ҳеч бир мезон қолипларига сиғмайди. Бирини бирига қиёслаш, унисини бунисидан устун қўйиш ғоят кулгили. Шундай экан, мутасаддилардан «хафа бўлиш» ҳам ноўриндек, назаримда. Ахир, дунёда уч мингдан ортиқ тил мавжуд. Бу дегани – мана шунча тилда шеъру пьесалар ёзилади, қиссаю романлар битилади, дегани. Энди ўйланг, атиги уч-тўртта, борингки, беш-олтита тилни биладиган «мукофот улашувчилар» қандай қилиб дунё адиблари ижодини қамраб олади? Бундан ташқари, улар фақат тавсия этилган номзодларнинг асарларинигина кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлса! Тўғри, 1901 йили мутасаддилар «пойдевор»ни – илк мукофотни айнан дунё эътироф этаётган Лев Толстойга эмас, бугун ҳатто ўз ватанида ҳам унут бўлаётган «қандайдир» француз шоири Рени Сюлли-Прюдомга топширгани ҳам кўпларни таажжубга солиб келганини ҳеч ким инкор этолмайди. Балки мана шу «хато» мукофот атрофида гап-сўзлар қўзиқориндек болалашига олиб келгандир. Сюлли-Прюдомни кўпроқ Нобель мукофотидан қолган маблағлари ҳисобидан Франциядаги ёш шоирларга аталган адабий мукофотнинг таъсисчиси сифатида танишади, холос. Одамнинг раҳми келади. Энди Толстой асарларининг бугунги кундаги нуфузи ҳақида тўхталмасак ҳам бўлар.

Хулоса

Кузатувларга кўра, охирги йилларда (XX аср охири – XXI аср бошларида) мукофот географияси кенгайибди. Хитойлик Гао Синцзянь (2000 йил), туркиялик Ўрхон Помуқ (2006 йил), эронлик Дорис Лессинг (2007 йил) ва перулик Варгас Льоса (2010 йил)нинг «Нобель»га лойиқ кўрилгани буни яққол исботлайди. Қўмита имкониятлари кенгайганига яна бир далил: Гао Синьцзяннинг номзоди кўрсатилган йили Нобель мукофоти қўмитаси ўз таркибига хитой тили бўйича мутахассисни ҳам чақиради. Хуллас, эндиликда унинг адолат мезонлари анчагина «таъмирланди», десак бўлаверади.

Аслида бу мукофотнинг таъсис этилишига Нобель бобонинг билимга бўлган юксак эҳтиромидан ташқари, бошқа бир сабаб ундаган экан. 1888 йилнинг 13 апрелида (эски тақвим бўйича 1 апрель) Парижнинг қайсидир тонгги газетаси «Динамит қироли ўлди» дея таъзиянома эълон қилади. Аммо бу хабар босмахонада минглаб саҳифаларга муҳрланаётган маҳал «марҳум» ширин уйқуда эди. Бу газетани бутун Европа, энг қизиғи – Альфреднинг ўзи ҳам ҳайрат билан ўқийди. Ваҳоланки, оламдан ўтган киши унинг акаси эди. Ўша шошқалоқ журналистнинг бу ёлғон маълумотида «динамит қироли», «қонга ботган миллионер» каби сўзлар бўлган, бу эса Нобелни ўйлашга мажбур қилган. Негаки, агар шу таъзиянома чоп этилмаганида, Нобель ўзи ҳақида кишиларда мудҳиш таассурот уйғонаётганини ўйлаб кўрмаган бўларди. У жиддий ўйламаганида, бу мукофот жорий қилинмаган, натижада эса шу кунгача 808 нафар кишининг башарият олдидаги катта-кичик хизматлари бу тахлит эътироф этилмаган бўлар эди. Қолаверса, Нобель мукофоти жамғармаси ҳали-ҳамон адо бўлмайдиган кўринади.

Жуда яқин келажакда бизнинг илм аҳлидан ҳам кимдир Нобель мукофотини олибди, деган хушхабарни кутиб қоламиз!

Маърифат ТЕМУРЗОДА

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82