• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Эски шаҳарсиз қолаётган Тошкент. Уни асраб қолиш керакми?
15.11.2017 15:42:07
3991 Ўзбекистон

Уйимизга бошқачароқ хат келди. Унда ёзилишича биз яшаётган ерлар тез орада бузилиши керак, ва мен улғайиб катта бўлган бу кўчаларда Ислом тараққиёт маркази қад кўтаради. Биз эса ховлимизни бўшатиб, кўп қаватли уйларга кўчиб ўтишимиз лозим экан.


Ҳа, ҳаётда вақт машинаси йўқ. Афсуски, ўтмишга қайта олмаймиз. Лекин, тарихни эслатадиган обидалар, кўчалар бор. Тошкентнинг эски шаҳар яъни бизнинг маҳалла айнан шундай тарихнинг бокира сақланиб қолган бир парчаси.  Пасқам-тусқам деворлар, миттигина эшиклар кўчани бошига кўтариб чопқиллашиб ўйнаб юрган болалар. Бу кўчалар худди бугунги Тошкентнинг шовқинли шошилинч дунёсидан ажралиб қолганга ўхшайди.
Лойсувоқ уйлар ёнидан икки киши аранг сиғадиган ингичка кўчалардан ўтиб борарканман димоққа нон иси урилади, маҳаллани нонвойи нон ёпмоқда. Эшик олдида бир икки қария гурунглашиб турган экан. Қўлимда фотоаппарат билан юрганимни кўриб суриштириб қолишди.
-  Синглим қаердансиз? Нега суратга олиб юрибсиз? Бузасизларми уйларимизни?
-  “Газтга” расмга оляпсизми? Невараларимни ҳам туширинг.
-  Агар билсангиз хорижликлар “сентр” кўчаларга эмас, шу бизни махалламизга ишқивоз. Расмга олгани кўп келишади. Бу кўчаларни давлат бузмагани яхши. Биргина кўчани ўзида 100дан ортиқ оила яшайди. Бир кўчамизга, битта дом берсаям етмайди.

-  Дом бергунча дориларни арзон қилиб қўйсин. – дейди яна бошқа бир амаки гапга қўшилиб. – бизни маҳаллага дом етказиб бўладими? Бир уйни ўзида нечта оила “прописка”да. Уларни ҳаммаси “менгаям уй бер”- дейди. Буни устига маҳҳалламизни файзи бор. Тошкентни бошқа ерида бундай кўчалар қолмади. Шу эски шаҳарни сақлаб қолиш керак.
Назаримда қариялар пешин намозидан қайтаётган эдилар. Мен баҳона уларнинг маҳҳалалари борасида суҳбатлари очилиб кетди. Уларнинг гапларидан маълум бўлишича эски шаҳарликлар маҳаллаларининг тақдири нима бўлишини ҳамон билмайдилар. Аниқроғи, эски шаҳарнинг Ҳазрати Имом масжиди яқинидаги уйларга хат топширилган. Бошқа кўчалардаги оилалар уйларининг эртасидан хабардор эмаслар. Қачон бузилади? Бузиладими ўзи йўқми? Қаердан уй бераркин? Бу саволларнинг жавоби улар учун мавҳум. Аммо, улар эски шаҳарни шундайлигича сақлаб қолиш тарафдори.  Бироқ, ёшлар билан суҳбат қурганимда улар маҳалладаги шароит яхши эмаслигини айтиб ёзғиришди.
-  Кўчалар торлигини қаранг, машинамиз билан уйимиз олдигача етолмаймиз. Уйни таъмирлай дейман-у, эртага тап этиб бузиб юборса алам қилади-да. Тезроқ масаламиз бир ёқли бўлса яхши эди.
 Эски шаҳар аҳолиси сифатида бу “жонли” музей тақдири билан қизиқдим? Бу лойсувоқ деворлар яна қанча йиллар тўфонига бардош бера оларкин. Нураётган уйлар яна қанча қор-ёмғирларга чидай олади? Улар қайта таъмирланса уларда  ўтмишнинг  “лавҳа”лари сақланиб қолармикан. Сайёҳларни жалб қила олармикан?

Айни саволлар билан Тошкент шаҳар, олмазор тумани бош архитектори Аюпов Жамшид Нодировичга юзландим.
- Эски шаҳарнинг Ҳазрати Имом мажмуаси яқинидаги хонадонларга уйлари бузилиши ва уларни кўпқаватли уйга кўчиришимиз борасидаги хатлар топширилган. Хозирча фақат Ислом тараққиёт маркази қурилиши учун ажратилган ерлардаги уйларни бузамиз. Бошқа уйлар эса яқин орада бузилмайди. Аммо, режага кўра уларнинг бузилиши ва ўрнига кўп қаватли уйлар қурилиши мўлжалланган. Эски шаҳарни тарихий обьект сифатида сақлаб қолмоқчи эдик. Бироқ, у ерда кўпгина хонадонлар уйларини замонавий кўринишга келтириб олганлар. Уларни тарихий ёдгорлик деб бўлмайди. Қолаверса, у ерда хонлик ёки бирон бир Амирликка тегишли бўлган уй-жой йўқ. Қадимги ғиштлардан солинган уйлар ҳам топилмайди. Агар, шундай меъморий ёдгорлик обидаси бўлганда биз уни албатта, сақлаб қолишга харакат қилар эдик. Эски шаҳарнинг бузилишга мўлжалланган қисмида тарихий меъморий ёдгорлик сирасига кирувчи иморат йўқ. Акс холда  уни бузиш тақиқланган бўлар эди.

У ердаги юз йиллик уйлар эса узоққа бормайди, тўкилиб тушади. Шундай экан уларни бузиб, ўрнига аҳоли ахтиёжи учун кўп қаватли уй қурилиши мақсадга мувофиқдир. Зарқайнар кўчасидан Хазрати Имом мажмуасига олиб чиқувчи кўча сақланиб қолинади. Кўчанинг икки четига уч қаватли уйлар қурилади. Бу уйларнинг ташқи қиёфаси эски шаҳарнинг тарихий кўринишини эслатиб туради ва кулоллар, мисгарлар устахоналари акс эттирилади. Уйнинг иккинчи, учинчи қаватлари аҳоли истиқомат қилиши учун мўлжалланган   бўлади.

 
Демак, режага  кўра Эски шаҳар бузилади. Аниқ сана маълум бўлмасада Тошкентнинг эски шаҳар қисми яқин келажакда янги шаҳарга айланади. Эски шаҳар макети тикланган кўча қанчалик сайёҳлар учун қизиқ бўла олишини эса вақт кўрсатади.

 

Қўлимдаги хатга кўра биз уйимизни бўшатиб берамиз, кўчада қолаётганимиз йўқ, шаҳар четроғидаги Сергели даҳасида жойлашган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтамиз. Уйимиз билан оғир бўлсада хайрлашаман, шунингдек Тошкент ҳам кечаги кунларидан ёдгорлик бўлган чанг-тор кўчалари билан видолашади. Афсус, қани энди шу тарих бўлагини сақлаб қолишнинг имкони бўлса...

 
 
 
Анора Содиқова
 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82