• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Намунали уй-жойлар эгасини қандай топмоқда?
17.11.2017 12:30:21
5358 Ўзбекистон

Кечагина юртбошимиз солиқ қўмитаси вакиллари билан учрашганда уларга нисбатан  “Ўғри бўл, ғар бўл - инсофли бўл.” иборасини ишлатган эди. Бугун биз қуйида ёритмоқчи бўлган мавзуимиздан келиб чиқиб бу ибора айрим туман ҳокимларига ҳам қаратилса ёмон бўлмасди, деймиз.
Юртимизда 2009 йилдан бошлаб қишлоқ жойларда аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб, эгаларига топшириб келинмоқда.
Афсуски,  уйларни ахолига топширишга келганда айрим ҳокимликлар томонидан адолатсизликка йўл қўйилмоқда.
 Мисол учун, Самарқанд туман ҳокимлиги 2016 йил сентябр ойидаёқ асоссиз равишда, 2017 йилда қурилиши мумкин бўлган уйларни ОАВда эълон қилмасдан, ҳаттоки президент қароридан олдин, яширин равишда тарқатгани маълум бўлди. Туман ҳокимлиги намунали уй-жой бўйича масьул ходимнинг билдиришича, тўловларни муддатидан аввал қабул қилиниши ҳокимнинг оғзаки топшириғи асосида амалга оширилган. Бу маълумотни Самарқанд туман прокуратураси ҳам тасдиқлашига қарамай унга қарши чора кўрилгани йўқ.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда тасдиқланган низомга кўра 2017 йилдан бошлаб уй-жой учун аризалар фақат “Қишлоқ Қурилиш Инвест Инжиниринг” МЧЖ компанияси филиаллари томонидан қабул қилиниши кўрсатилган. Ҳокимликларнинг эса умуман қатнашиши кераклиги кўрсатилмаган. Лекин шунга қарамай баъзи ҳокимликлар ариза қабул қилишда ўзи бош қош бўлмоқда.


Юзага келган ҳолат бўйича “Қишлоқ қурилиш инвест инжиниринг” компаниясининг фуқаролар билан ишлаш бўлими бошлиғи билан сухбатлашдик. Унинг айтишича, Республика бўйлаб уй-жой учун аризалар асосан “Қишлок қурилиш Инвест Инжиниринг” МЧЖ компанияси филиаллари томонидан қабул қилинмоқда, лекин номаълум сабабларга кўра Самарқанд туманида аризалар туман ҳокимлиги орқали ўтаётганлиги маълум қилинди.


Бугунга келиб ҳам, президент қарорига зид равишда, 2017 йилда Самарқанд вилоятида намунали уй-жой қурилиши бўйича на МЧЖ Қишлоқ Қурилиш Инвест ва на ҳокимликлар томонидан ахоли учун бирон газетада эълон берилган. "Зарафшон" газетасида фақат қурувчилар учун тендер савдолари эълон қилинган холос.Одамлар намунали уй-жой қурилишидан  бехабар қолмаяптими?


 Аҳолининг уй-жойга бўлган талаби ортиб бормоқда. Буни аҳоли сонининг ортиб бораётганлиги ва вилоятда янги қурилаётган уй-жойлар дала ховли сифатида ҳам сотиб олинаётганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Савол туғилади, уйлар биринчи навбатда турар жойига эга ахолига топшириладими ёки уйга мухтож бўлган ёш оилаларгами?
Туман ҳокимлиги уйларни топширишда ноҳақликка йўл қўймаяптими?

Хусусан, Самарқанд туман ҳокимлиги Ф.Қосимова массивида уй-жой ваъда бериб 35 кишининг ҳар биридан 55млн сўм миқдорида бошланғич тўловини қабул қилган. Лекин, бу уй-жойга бошқа «ёғли» талабгорлар чиққанлиги учун ваъда берилган уй-жой ажратилмаган. Ойлаб кутиб алданганликларини тушунган фуқаролар туман ҳокими номига шакоят аризасини ёзганлар. Ҳокимлик эса уддабуронлик билан бу шикоятни уй-жой ажратишда иштирок этмаган  МЧЖ Қишлоқ қурилиш инвест инжиниринг компанияси Самарқанд вилоят филиалига йуналтирган.
Самарқанд туманида ҳозиргача энг кўп уй-жой қурилган Гулобод массивини бориб кўрганимизда, у ердаги уйларнинг бир қисми бўм-бўш эканлигига гувох бўлдик. Ахоли кўчиб келмаганлиги сабабли янги қурилган мактаб ҳам қисман фаолият олиб бормоқда.
«Гулобод қўрғонидаги уй-жойлар табиий газ билан умуман таъминланмаган ва қишда кўп одамлар шаҳарда яшашга мажбур. Кимдир ота-оналари уйида, кимдир ижарада. Баъзи уйларнинг эгаларини умуман кўрмаганмиз. Котежини сотмоқчи бўлганлар ҳам бор»- дейди Гулобод махалласида яшовчи фуқаро.
Фуқаролик текширувимиз натижасида яна шу маълумот аниқландики, ПК 2639-сонли президент қарорига асосан 2017 йилдан Республика бўйлаб 6 сотихлик намунали уй-жойлар қурилиши назарда тутилмаган. Шунга қарамасдан Самарқанд туманида 6 сотихлик ер майдонига эга уй-жойлардан 180та қурилмоқда.
Туман ҳокимлиги юқорида келтирилган вазиятларни қандай изоҳлайди?
Шикоят аризаси билан чиққан ахоли қачон ўз саволларига жавоб олади?

Мирзо Субханов

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82