• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Ўзбекистонда одамларни қаматиш билан шуғулланган милиция капитани қамалди
21.11.2017 15:28:16
1310 Ўзбекистон

Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходими — капитан А.Юнусов ўн бир йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар берди "Постда" нашри.

Хабарга кўра, вазифаси жиноятни қидириш, фош этиш бўлган бу ходим жиноятни ўзи яратиб, бегуноҳ одамларни айблаб, қаматиш билан машғул бўлган.

Хусусан, А.Юнусов илгари жиноят содир этган қизлар билан танишиб, уларни йўлдан уриб, Фахриддин исмли фуқаронинг машинасига гиёҳванд модда ташлаб қўйишни тайинлайди. Қизлар машинага гиёҳванд моддани қўйиб, ЙПХ масканидан ўтаётганларида капитан А.Юнусов ЙПХ ходимлари билан ҳамкорликда, бунга ҳуқуқи бўлмаган ҳолда, машинани тинтув қилиб, қизлар имо-ишора билан кўрсатган жойдан гиёҳванд моддани топиб, Фахриддиннинг ҳуқуқларини бузган ҳолда, холислар иштирокисиз далолатнома тузади ва ҳужжатларни терговга оширади.

 

Қалбаки ҳужжатлар асосида Фахриддинга қарши Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 276-моддаси ("Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар") бўйича жиноят иши қўзғатилади. Терговда ва судда қизлар Фахриддинга қарши ёлғон кўрсатма берадилар. Натижада Фахриддин айбдор деб топилади. 

 

Фахриддиннинг онаси суд залидан йиғлаб, туҳмат қилаётганларни қарғаб чиқиб кетаётганини кўрган қизларнинг бири орадан бир қанча вақт ўтгач, аёл ишлайдиган дўконга бориб, бор гапни оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб беради. Шу тариқа Фахриддиннинг онаси туман прокуратурасига арз билан мурожаат қилади. Иш қайтадан кўриб чиқилади. Тергов ҳаракатлари чоғида А.Юнусов ва қизлардан бирига алоқадор бўлган юқоридагига ўхшаш яна бир ҳолат аниқланади.

 

Шундай қилиб, Тошкент вилояти, Янгийўл тумани ИИБ ЖҚ тезкор вакили 11 йилга озодликдан маҳрум этилади. Шунингдек, унга икки йил давомида моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш тақиқланди. Қизларга ҳам қилмишларига яраша жазо тайинланди.


 


 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82