• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Депутатлар сизни уйда ҳам электр, газ таъминотлари ўчиб турадими?
23.11.2017 12:16:14
1717 Ўзбекистон

"Райҳон йигитали ҳақида нима деди? Лола бу сафар қай жойини очиб чиқибди?"  Ижтимоий тармоқлардаги эстрада юлдузларининг бир-бирларига муносабатлари-ю ким билан суратга тушишларини ахборот интернет сайтларида глобал даражада таҳлил қилиб ўрганганмиз. Энг кўп ўқилган янгиликлар ҳам юлдузлар ҳақидаги бўлар-бўлмас сафсаталар. Биз сайтимизда “хонандалардан зерикмадингизми?”- деб сиз сайлаган ёки сайлашга эринган Олий Мажлис депутатларининг ижтимоий тармоқда қанчалик фаол эканликларини таҳлил этишга уринган эдик.

Мазкур мақола  Фейсбукда оқсаётган депутатлар ёки Олий мажлисдаги селфидан ресторангача.. эълон қилингач кўп бахс-мунозараларга сабаб бўлди.
 

Ўқувчилар орасида “депутатларни ижтимоий тармоқда нима қоралаши билан ишимиз йўқ.”, “Бизга нима?” - деганлар ҳам бўлди. Наҳотки, депутатларни онлайн фаолиятини ёритиш ёмон бўлса?  Ўлай агар хонандалардан зерикмадингизми? Сайлаган ва эртага сайлайдиган олий мажлис вакилларининг фаолияти билан қачон қизиқамиз? Айтиш жоизки гоҳида бизнинг бефарқлигимиз ҳам уларни дангасаликка ўргатади.


 Жамоатчилик назорати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган вақтда депутатларни тармоқда фаол кўрмасак бу уларнинг катта камчилиги эмасми? Электрон ҳокимият ривожланаётган бир вақтда депутатларнинг  ижтимоий тармоқларда ўз фикр мулоҳазалари билан кўриниб туришлари, фалловерларни орттиришлари керак эмасми?  Қачонгача ёшлар телеграм ва фейсбукда калта юбка кийиб лабини иширган  хонандаларни кузатишда давом этади? Бу борада депутатлар ҳам сиёсий-ижтимоий масалалар билан ёшларни умуман халқни жалб қилгани ўринли эмасми? Таҳлил ва бирозгина танқидимизга фейсбук аккаунтларидан юздан ортиқ фикр мулоҳаза билдирилди. Депутатларимиз ҳам мазкур мақолани бўлишиб қисқагина бўлсада ўз фикрларини қолдиришди.

Аввалам бор танқид ҳақида...
Депутатлар орасида танқидимиз учун бизни давлатга, ҳукуматга қарши журналистга чиқарганлар ҳам бўлди. Ҳа, одатда биз танқидни шундай қабул қилиб ўрганганмиз. Лекин, шуни билингки ҳурматли депутат сизни танқид қилишимиз бу ҳукуматга, конституцион тизимга қарши эканлигимизни билдирмайди. Бир журналист ҳамкасбимиз ёзганди “Домла ёки эшонни танқид қилсам бу ислом динига қаршилигимни англатмайди-ку?”. Шундай экан, депутатлар сизни биз сайладикми камчиликларингизни ўринли кўрсатишга ҳақлимиз. Сиз эса ўз ўрнида танқид қилиш мумкин бўлмаган дахо эмассиз.

Депутатнинг шахсий ҳаётига аралашмайликми?
“Шахсий ҳаётимиз билан ишингиз бўлмасин.”- Олий Мажлис депутатларининг айримлари бизга шундай иддао қилганлар. Ҳурматли депутат, сизни шахсий ҳаётингиз билан қисман қизиқишга ҳақлимиз. Чунки, сизни маошингизни халқ тўламоқда сизни ўша курсига ўтказган ҳам халқ.(агар бошқа йўлдан фойдаланмаган бўлсангиз.) Шундай экан, яшаш шароитингиз ҳақида албатта қизиқамиз. Қўша-қўша иморатлар борми? Фарзандингиз ҳам ўзингиз таъмирлатишни назоратга олмаган давлат мактаби ва боғчасига бораяптими ёки хусусийгами? Сиз яшайдиган уйда ҳам тез-тез газ, электр таъминотлари ўчиб турадими? Уйингиздан ишга келгунча асфальтда “яма санайсизми”? Асосийси бензин нархининг ошгани сизни ҳам “чақиб” олдими? Бу каби маълумотлар назаримизда ҳамма учун очиқ бўлиши керак.

“Қилаётган ишларимизни кўрмаяпсиз?”
Депутатларни онлайн фаолияти ёритилгандан кейинги яна бир иддао шундай бўлди. “Бизнинг қилаётган ишларимизни кўрмасдан ёзманглар.” Ҳурматли депутатлар, сизни иш қилмаганликда айблашдан йироқмиз. Мақсадимиз ахборот асрида ижтимоий тармоқда қанчалик фаоллигингизни ёритиш эди. Қилаётган ишларингиз кўринишини истасангиз айнан биринчи қадамни ижтимоий тармоқлардан бошлаш ўринли. Бу авваламбор замон талаби, одамлар орасига осонроқ киришнинг яна бир имконияти. Қолаверса одамларга ҳам сизга мурожаат этишда қулайлик туғдиради.

Сизни ким танийди?
Олий мажлис депутатлари фаолиятидаги яна бир муаммо кўча-куйда одамлардан суриштиринг ким ўз сайлаган депутатини танийди? Ким ўз вилояти, тумани депутатини билади? Аксарият одамлар елка қисиб билмаслигини тан олади. Нима учун? Улар ёки сизга иши тушиб уни ижобий ҳал бўлишига ва умуман сиз билан бирон муаммони ҳал этиш мумкинлигига ишонмайди ёки муаммоси йўқ. Иккинчи вариант ҳақиқатдан йироқ. Чунки, президентнинг виртуал қабулхонасига қанчадан-қача мурожаатлар тушиб, ҳал этиб келинмоқда. Бу муаммолар борлигидан далолат эмасми?

 

Муроса...
Бахс, мунозаралар ва танқиднинг меваси ривожланиш бўлиши керак. Шундай экан келинг онлайн фаолиятингизни тафтиш қилган журналистни сиз ҳам тафтиш қилишга ўтмасдан, ижтимоий тармоқдаги бахс мунозараларда ҳам бўй кўрсатинг. Ўзингизн ПР қилинг, таништиринг! Депутатликка сайловларда халқ кимга овоз бериши ҳақида бош қотирсин. Сайловда одамлар ўзига нотаниш бўлган фамилия, исмларни ўқиб фол очиб бирини белгилаб чиқиб кетмасин.

 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82