• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Абдулла Қодирийнинг ҳазинаси, кўмилган ҳақиқатлар ва махоркага айланган дурдона асар
01.12.2017 11:52:49
1487 Ўзбекистон

Абдулла Қодирий қайтмаган ховли

Тошкентнинг марказида шундай махалла бор уни Парижнинг 13-кварталига қиёслаш мумкин. Ўша кўчада оқ туникалар билан ўралган  Самарқанд дарвоза махалласининг ичкарисида миллатимизнинг буюк адиби, қаҳрамони Абдулла Қодирийнинг ховлиси бор. Ҳа, бир қатор кўчалар, боғлар, мактаблар, кутубхона, маҳалла ва олий билимгоҳлар унинг табаррук номи билан юритилади. Аммо, унинг уйи музейга айлантирилмаган, худди Қодирийнинг ўзидек содда ва камтар.  Ховлида Қодирийнинг илхом авжида ёзган асарлари-ю, миллат ғамида ёниб, изтиробда ўтказган кунларига гувох бўлган буюмлар сақланиб турипти. Уйда мени буюк адибимизнинг неваралари юз кўзлари Қодирийга ўхшашиб кетувчи Ирфон ака кутиб олдилар. Аниқроғи, банд бўлсаларда ишларини ташлаб “экскурсия” қилдиришга эринмадилар.

Уй  томон кирарканмиз Ирфон ака эшикни очиб : “ Мана, шу эшикдан 1937 йил  31 декабрь бувамни олиб чиқиб кетишган ва у шу бўйи у қайтмаган. Тўққиз ойлик қамоқдаги сўроқ-тергов, қийноқ, хўрликдан сўнг, у қатл эттирилган.”- дейди. Ирфон аканинг айтишича Ҳабибуллох Қодирий отасини отган аскар билан учрашганлар. Аскарда адоватлари бўлмаган, дейди Ирфон ака аҳир у ҳам ўз вазифасини бажарган. Аммо, Абдулла Қодирий отилган жой эса унинг неварасининг сўзларига кўра аниқ эмас.

   

Қодирий ўтириб ижод қилган тут дарахтидан ясалган танча (сандал), қўл ювган офтоба, ҳужжатлар сақланган темир сандиқ унинг рафиқаси Раҳбарниса ая келинликда олиб келган сарпо сандиғи ҳаммаси авлодлари томонидан табаррук ҳазинадек асраб олиб қолинган.  Ирфон ака Қодирийнинг суратини қўлга оларкан: “Мана бу сурат бобомни 1926 йилда қамалган вақтлардаги суратлари. Улар «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» ҳикоясидаги танқидий мулоҳазалари учун «аксилинқилобий ҳаракат қилганлик»да айбланиб, қамоққа олинганлар, турли бўҳтонлар билан судланганлар. Судда ўзларини мардонавор ҳимоя қилганлар. Кейин озодликка қайтиб ҳам яна ҳақиқатпарвар бўлиб, ёзишда давом этганлар. Бобом қўрқмайдиган мард одам эдилар.”- дейди.

Қўрқмайдиган мард ўзбекнинг қаҳрамонига тегишли йўл чемоданлари, соябон, гардеробларга разм соламан. Катта гардероб, шкафлар ўша даврдаги ёзувчилар уюшмасидан эсдалик экан. Аввал, ёзувчи сифатида уни аъзо қилган  тизим кейин уни кўкрагигадан ўққа тутган. Эскизларини Петербургдан келтириб ўзлари бош-қош бўлиб, қурдирган шийпон ҳам бугунги мустақиллик кунларигача етиб келган. Айтишларича Қодирий шу шийпонда ўтириб ижод қилишни ёқтирган. Шийпондан катта ховлининг боғлари худди кафтдек кўринади

.

Адибдан қолган асарлар билан бирга унга тегишли барча буюмлар ҳам нақадар қадрли. Қодирийга дастёр бўлган уй буюмларини қўлга олиб ҳам фахрланади одам, ўзбекнинг шундай буюк мард ўғлони қачондир шу офтобада қўл ювган, шу керосин лампа ёруғида ижод қилган...

  

Айтилмаган ҳақиқатлар...

Ирфон ака оталарининг Ҳабибуллох Қодирий суратини олиб кўзларида ёш билан яна тарихга қайтади: “1988 йил мен 17 ёшда эдим отамни кўмиб уйга қайтганимизда: “Болам отангни қабрга қўйишда, юзини ерга қаратиб қўйдиларингми? Отанг шуни васият қилган эди. Ерга юзтубан қараб ётганда зора ичига йиғилган дард-аламлар зардоби оғзидан чиқиб кетса. Уни ичи тўла дард-у, алам эди. Ўзи билан кўп гапларни, ҳақиқатларни олиб кетди, бировга айтмади.” – дегандилар онам.

Отам кўп ҳақиқатларни айтмай ўзлари билан қабрга олиб кетганлар. Бобом Абдулла Қодирий “халқ душмани” бўлгач, отамни ҳам тинч қўйишмаган. 1945 йил 25 май куни отамни “Халқ душманининг ўғли” сифатида олиб кетишади. Узоқ-қийноқ ва сўроқлардан кейин уни Сибирга сургун қилишади. 1953 йил Сталин вафотидан кейин, отам озод қилинади. Бироқ, ҳамон Тошкентга қайтишга рухсат йўқ эди. У 2 йил Қарағандада (Қозоғистон) юриб, 1955 йилда 37 ёшида ниҳоят уйга қайтиб, оила қурган.

“Ўтган кунлар”дан ҳам зиёда асар

Уй бурчагидаги темир сандиқда Қодирийнинг тугалланмаган асарлари сақланган экан. Сандиқ кейинчалик қўлёзмалари билан кўмиб ташланган. “Унда бобомнинг «Амир Умархоннинг канизи» асарининг ҳомаки варианти бўлган.  “Кунлардан бир кун отам, қўлёзмалар қай ахволда эканлигини текшириб кўриш мақсадида сандиқни ковлаб олади. Тақдирни қарангки айнан ўша куни уйимизга бостириб кириб отамни қўлга оладилар. Отам билан бирга бобомни қўлёзмаларини ҳам олиб кетишган. Билсангиз ўша вақтларда қоғоз танқис бўлган, шунданми ёки бошқа сабабми отамни қийноқлар билан сўроқ қилишганда унинг ҳар бир сўзларини Бобомнинг қўлёзмаларининг орқа бўш оқ тарафига қайд қилганлар. Яна сўроқ қилиш чоғида аскар ўша қўлёзмаларга махорка ўраб чеккан ва отамга ҳам узатган. Азобли бир йил давом этган қийноқларда бутун қўлёзмалар шу зайл махорка бўлиб кул бўлган. Агар, биров “Абдулла Қодирийнинг чоп этилмаган асарини топдим”- деса ишонманг. Сўнгги қўлёзмалар тақдири  шундай кечган улар сақланиб қолинмаган.” – дейди афсус билан Ирфон ака.

 Махорка қилиб чекилган қўлёзмаларда Ирфон аканинг айтишича Қодирийнинг яна бир дурдона асари бўлган. У тарихийлиги ва воқеаларининг қизиқлиги ҳамда баён қилиш санъати билан аввалги “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарларидан зиёда бўлган.  Бобом “Агар «Амир Умархоннинг канизи» асарлари битиб, эълон қилинса, одамлар “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”ни ўқимай қўяди.”, деган эканлар.Чунки, у шу қадар аввалгиларидан қизиқ бўлган. Асар ҳақида отам 1985 йилда “Тошкент оқшоми” газетасида мақола чоп эттирганлар. Унда Худоёрхоннинг канизининг таърифини эшитиб, ошиқ бўлиб, қўшин тортиб борган Хон ҳақида ҳикоя қилинади.”

Қодирийнинг сўнгги истаги

Ўша машъум кун Жулқунбойнинг кўкрагига ўқ қадалган кеча,  Ирфон аканинг тасдиғича бобосининг сўнгги истаги шундай бўлган. Қодирий уни отишга шайланган аскардан сўнгги илтижо сифатида унинг тунука идишдаги сувини сўрайди. Аскарни ҳайрон қолдириб, Қодирий сувни ичмайди. У ўша бир кафт сув билан таҳорат олади ва икки ракъат нафл намозини ўқиб кейин уни отавериши мумкинлигини айтади. Аскарнинг айтишича Қодирий ўлимдан қўрқмаган, киприк ҳам қоқмаган. Мардларча ўлимнинг юзига тик боқиб ҳалок бўлган. У ўзи ёзган қуйидаги сўзлари нақадар ҳақиқатлигини исботлаганди. “Мен ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман агар отмоқчи бўлсалар кўкрагимни кериб тураман.”

Қодирий қайтмаган уйнинг эшиклари уни зиёрат қилиб келувчилар учун доим очиқ. Хонадон эгалари меҳмондўст, Қодирийдан эсдалик бўлиб қолган табаррук буюмларни қизғонмай кўрсатишади, ва улар билан боғлиқ кичик тарихларни эринмай сўзлаб беришади.  Маънавият ва маърифат тадбирларидан зериккан чоғингизда, ватанпарварлик ҳақидаги баландпарвоз гапларингиз саёзлашганда шу тупроқ учун жонини берган Қодирийни йўқлаб қўйинг.

Анора Содиқова

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82