• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Лола Каримова “Йўқотилган жаннатни излаб..."
04.12.2017 11:38:25
635 Ўзбекистон

 

Лола Каримова-Тиллаева йўқотилиш арафасида бўлган миллий хунармандчилигимиз турларини ривожлантириш ва асраб қолиш ниятида. У Ислом Каримов номидаги Фонд томонидан ўтказилаётган “Йўқотилган жаннатни излаб...” номли кўргазма ҳақида ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълумот қолдирди.

"Эътиборингизга Ислом Каримов номидаги Фонднинг унутилиб бораётган ўзбек читгарлиги санъатига бағишланган “Йўқотилган жаннатни излаб...” номли навбатдаги кўргазма лойиҳасини тақдим этишдан ҳурсандман. Читгарлик мактаби бир асрдан кўпрок тарихга эга бўлиб, ХIХ аср – ХХ аср бошларида Тошкент, Бухоро, Хива, Марғилон ва Наманган шаҳарларида ривож топган эди. Афсуски, бугунги кунда ушбу ҳунармандчилик тури йўқолиб кетиш арафасида турибди.
Кўргазма 30 ноябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида иш бошлади. Унда ўзбек читгарлиги санъатига мансуб мумтоз ва замонавий услубдаги матолар, шунингдек ёғоч қолипларнинг турли наъмуналари ҳавола этилган.
Читгарлик – амалий безак санъатининг қадимий турларидан бири бўлиб, ёғоч қолиплар ёрдамида матога гул босиш жараёнидан иборат.
XIX асрнинг охири – ХХ асрнинг бошларида Тошкент, Бухоро, Хива, Марғилон ва Наманган шаҳарларида читгарлик санъати кенг тарқалган эди. Ўзининг бежиримлиги, қўлланишда қулайлиги ва арзонлиги туфайли бундай матолар халқ орасида кенг тарқалган эди. Читгар-усталар матони яратиш жараёни мураккаб бўлишига қарамай, ушбу санъатда юқори натижаларга эришдилар.
Халқ ҳунармандчилигининг мазкур тури ХХ асрнинг ўрталарига келиб деярли йўқолиб кетди, ва 1970 йилларнинг охири – 1980 йилларнинг бошида вақтинча қайта тикланди. Афсуски, 2000-йилларнинг бошига келиб читгарлик санъати деярли йўқолиб бораётган санъат турларидан саналиб, Бухоро, Тошкент ва Марғилон шаҳарларида қисман сақланиб қолган. Марғилонда ушбу ҳунармандчилик тури Раҳимжон Мирзааҳмедов, Тошкентда – Абдуҳошим Рахимов ва Юра Пак, Самарқандда – Володя Ахатбеков, Бухорода – Хабиба Маликоваларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли давом этиб келмоқда.
Кўргазма 20 декабрга қадар давом этади.
 

Ислом Каримов Фондининг илк кўргазма лойиҳаси – ипакчилик санъатига бағишланган “Авлодларни боғловчи ришта” номли кўргазма 2017 йил июнь ойида тақдим этилган эди. Фонд тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда юртимизда ва хорижда тарихий-маданий меросимизни тарғиб этишга йўналтирилган тадбирлар, жумладан, концертлар, тақдимотлар ва кўргазмалар уюштиради, Ўзбекистон илм ва санъат аҳлининг хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашув дастурларини қўллаб-қувватлайди."

Лола Каримова Тиллаева

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82