• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Шерзод Қудратхўжаевга “арзон одамдан” жавоб
06.12.2017 15:59:39
1731 Ўзбекистон

Шерзод Қудратхўжаевнинг Корея ва Хитойга қилган сафари ҳақидаги таассуротларни эълон қилганимиздан сўнг таҳририятимизга мухлислардан кўпгина фикр-муносабатлар билдирилди. Улардан бирини мухлис илтимосига кўра эълон қилмоқдамиз.

Баъзида бир киши ўз меҳнати, билими, кучи ва шижоати билан юқори мартабага эришса атрофидаги қийинчилик кўриб, мундайроқ яшаб юрганлар унга дангасадек туюлиб қолади. Ҳаёт паст баландликлардан иборат.  Ҳамма ҳам минг тиришмасин, меҳнат қилмасин баъзида “кун кўриб” яшашдан нарига ўтолмайди. Орамизда туну-кун меҳнат қилиб, ҳамон уйли бўлмаган ёки ойликни-ойликка улаб аранг яшаб юрганлар камми? Аслида иқтисодиёт барқарор бўлса, фуқаро оддийгина соҳада фаолият юритиш билан ҳам оила боқа олиши керак. Буни устига ҳамма ҳам иқтидорли бўлавермайди. Лекин, улар ҳам тўкин-сочин яшашга ҳақли. Фуқаролар оддий ҳамшира ёки қоровул бўлиб, ишлаб туриб ҳам оила ёки камида ўзини эплай олиши керак.   Шерзод Қудратхўжаев Хитой халқининг тартиблилиги ва Корея миллатининг меҳнаткашлигини ёзади. У ушбу икки давлатнинг ривожланиш даврини ва шароитини таққослар экан, ўзимиз тиришиб харакат қилмасак ҳеч ким бизга ёрдам бера олмаслигини айтади. У арзон бензин, арзон картошка ҳақида ўйлайдиган арзон одам бўлиб кетмадикми, деб ёзади. Шу ўринда муаллифга савол туғилади халқнинг арзончилик ҳақида ўйлаши айбми? Ёки халқимиз меҳнат қилмаяптими? Президентимиз ҳам халқимизни меҳнаткашлигини кўп бора эътироф этганлар. Одамларимизнинг илмга чанқоқлигини-ку инкор этиб бўлмайди. Йилдан йилга олий ўқув юртларида билим олиш мақсадида хужжат топшираётган ёшлар ортиб бораяпти. Аммо, билим олиш ҳам бугунги кунда арзон имконият эмас.

Шерзод Қудратхўжаев яна корейс халқининг ўта тиришқоқлигини тилга олади. Бироқ, бизнинг халқ ҳам тиришқоқликда улардан ўтадики лекин қолишмайди. Шундай экан, сиз айтган бошқача  “кўп пул топиш, кўп сарфлаш, катта натижаларга эришиш"  фалсафаси аллақачон одамлар кўнглида бор. Балки, бизнинг фикрларимиз сайёздир аммо,  муаллифнинг ушбу мақоласини тармоқда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Асосан омма арзон нарсалар ҳақида ўйлашга мажбурлигини  эътироф этди. Халқимиз тиришқоқ, умидли ва сабрли. Баъзида, меҳнат ва яна меҳнатнинг ортидан бойликнинг кўринмаслиги айрим сохалардаги камчиликларга бориб тақалади. Бу камчиликларни видеоселектор учрашувларида Прездентимиз танқид қилиб бораётганларини гувоҳи бўлаяпмиз. Бу танқидларнинг очиқ кўрсатилиши ҳам одамларга яна куч-шижоат бағишламоқда. Ҳурматли, Шерзод Қудратхўжаев сизни журналист сифатидаги фаолиятингизни кузатамиз ва яхши бахолаймиз фикрларингизга сиздек теран жавоб қайтаришга билмимиз озлик қилар. Аммо, лойсувоқ уйини қасрга айлантиролмаган юртдошингизни айблашдан аввал буни бошқа қатор сабаблари борлигини ҳам тан олинг ва бу ҳақда аввалгидек очиқ гапириб, очиқ ёзинг.

PS:Таҳририят фикри мухлис фикридан фарқланиши мумкин.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82