• 15 декабрь GMT +05:00
  • 8093.00
  • 9531.94
Тўй учун 1 йилда 13-21 триллион сўм сарфлаяпмиз.Бу давлат бюджетининг 35 фоизидир
06.12.2017 17:01:59
938 Ўзбекистон

Олий мажлис депутати Рашид Қодиров мамлакатимизда тўй, марака, суннат тўйи ва шу билан боғлиқ бошқа маросимларга кетадиган харажатлар ва уларнинг сонини хомчўт қилиб ҳисоблаб чиқди.  Рақамларга кўз ташлаб ёқа ушлайсиз. Оммавий ахборот воситаларида ва “жума” маърузларида исроф ва дастурхонга ноз-неъмат қўйишга боғлиқ кибр ҳақида маърузалар қилинишига қарамасдан халқимиз маросимларни камхаражат қилишга уринаётгани йўқ. Депутат халқимизнинг яшаш шароити юқорига кўтарилмаганининг омили сифатида айнан тўй маросимларини келтирмоқда.

“Ҳали мактаб ёшига етмаган фарзандларимиздан тортиб, энг кекса ёшдаги отахон ва онахонларимиз ҳам меҳнат қилиб тинмаётган бўлсада, охирги 25 йилда халқимизнинг даромадлари 10 баробардан ҳам кўпроққа ошган бўлсада, аҳолимизнинг турмуш даражаси, яшаш шароити ҳам нима учун 10 баробарга ошгани йўқ?.” – деб ёзади Рашид Қодиров.

“саволга жавоб топиш учун, бугунги кунда ҳар бир оддий ўзбек хонадони ўзининг машаққатли меҳнати эвазига топган маблағини нималарга сарфлаётганлиги таҳлил қиладиган бўлсак, аксарият ҳонадонлар, кундалик эҳтиёжлардан, еб-ичишдан, кийинишдан, фарзандлари учун китоб олишдан ва бошқа оила учун маиший қулайликлар яратишдан тежаб, топган асосий маблағини уй-жой қуриш ҳамда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш учун сарфлаётганлигини кузатишимиз мумкин.

Ушбу ҳулосани исботлаш учун қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Юртимизда 6,2 миллиондан зиёдроқ хонадон бор бўлиб, охирги беш йилда ҳар йили ўртача 300 мингга яқин никоҳ тузилиб, 700 минг нафарга яқин фарзандлар дунёга келди.

Агар:битта никоҳ тўйи учун ҳар иккала оиладан жами ўрта ҳисобда 30-50 миллион сўм;

битта хатна тўйини ўтказиш учун эса 8-12 миллион сўмдан маблағ сарфланади деб ҳисобласак ҳамда бу рақамларга тўйдан олдин ва тўйдан кейин то янги туғилган чақалоқлар учун ўтказиладиган маросимлар учун, мажбуриятга айланиб қолган суюнчи бериш учун сарфланаётган маблағларни ҳамда ҳар йили ўрта ҳисобда 150 мингдан зиёд ўтказиладиган дафн ва у билан боғлиқ йиллаб давом этадиган маросимлар учун сарфланаётган маблағларни қўшадиган бўлсак, айрим ҳонадонлар томонидан маросимлар учун сарфланаётган маблағлар юқоридаги ўртача ҳисоб-китоблардан бир неча баробарга ортиб кетишини инобатга оладиган бўлсак, астрономик рақамлардаги маблағлар ҳосил бўлади.” – дея қайғуради депутат.

Рашид Қодиров тўй, маракаларга қарши эмаслигини, аммо унга сарфланаётган харажатлар нақадар кўплиги ва исроф даражасида эканлигини таъкидлайди. Депутат келтирган “астрологик” рақамларини давлат бюджети билан таққослаб шундай ёзади:

“Ҳақиқатан ҳам, бир йилда ўтказиладиган 300 минг никоҳ тўйларини ўзи учун 9-15 триллион сўм, 350 минг ҳатна тўйлари учун 3-4 триллион сўм, ушбу тўйлар билан боғлиқ бошқа маросимлар ҳамда дафн билан боғлиқ маросимлар учун 1-2 триллион сўм ва юқорида таҳмин қилинган харажатларни умумлаштирадиган бўлсак, жами бир йилда 13-21 триллион сўм маблағ сарфланади. Агар ушбу маблағлар 1 миллион 400 мингдан зиёдроқ ҳонадонлар зиммасига тушишини эътиборга оладиган бўлсак, фақат маросимлар учун юртимиздаги ҳар бир ҳонадон ҳар тўрт йилда ўрта ҳисобда 10-16 миллион сўмдан маблағ сарфлаши келиб чиқади.

Бошқача айтганда, республикамиз бўйича ҳар куни ўртача 3000 га яқин хонадонларда тўй ва бошқа маросимлар бўлиб ўтади. Бошинг тўйдан чиқмасин, топганларинг фақат тўйларга буюрсин деган дуо айнан бизнинг миллатимиз учун айтилган бўлса керак.

Биргина 2016 йилда давлат бюджетидан республикамизнинг таълим соҳаси учун 14,5 триллион сўм(ёки ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ 35% ёки ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ УЧДАН БИРИДАН КЎПРОҚ) маблағ сарфланганлигини инобатга олсак, юқоридаги масаланинг не чоғлик долзарб эканлиги келиб чиқади.”

Олий мажлис депутати кўтарган масала долзарб бироқ, уни ҳал қилиш йўллари ҳамон самарасиз бўлиб келмоқда.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82