• 24 апрель GMT +05:00
  • 8077.26
  • 9960.07
Карманадаги намунавий уйлар нураб бормоқда
14.12.2017 16:21:55
787 Ўзбекистон

Ўзбекистон миллий ахборот агенлиги илк бора танқидий кўринишдаги мақола билан чиқди. Қизиғи шундаки, агентлик шу вақтгача мақтаб келаётган намунали уйларнинг айримлари яъни Навоий вилояти Кармана туманидаги “Варқ” массивида 2012-2013 йилларда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларнинг бугунги кундаги ахволини танқид остига олган. 

Мақолада шундай ёзилади:

"Навоий вилояти Кармана туманидаги “Варқ” массивида 2012-2013 йилларда намунавий лойиҳалар асосида 180 та турар-жой қуриб битказилган эди. Бу уйларда аҳоли бор-йўғи 4-5 йилдан буён яшаётган бўлса-да, деворлари нураб, поллари чўкиб бўлган. 

— Иситиш тизими ҳам талабга жавоб бермайди, - дейди ушбу массивда яшовчи Баҳриддин Тошпўлатов. — Қозонхонани алмаштириб, қувурларни қайта улаб, иситишни йўлга қўйдик. Бироқ, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани, хусусан, цемент ўрнига тупроқ ишлатилгани боис деворлар “тегма, тўкиламан”, деб турибди. 

Очиғи, бу уйлар қурила бошлаган дастлабки кезларда ҳамманинг ҳавасини тортганди. Қишлоқ жойда шаҳардагидан қолишмайдиган шароит, иссиқ ва совуқ сув, баҳаво айвон, қулайликларга эга ошхона, хуллас, харидори кўп эди унинг. Аслида мазкур турар жойлар ўз вақтида сифат назоратидан тўлақонли ўтказилганида бугунгидай аҳвол рўй бермас эди. Шунингдек, уйлар ёнидан ўтган зовур қамишзорга айлангани боис ер ости сизот сувлари оқишга ўзан тополмай, исталган жойни ўпириб чиқмоқда. Уй эгалари кредит тўлаш ва тобора харобага айланаётган уй-жойини таъмирлашдан орттириб, зовур тозалашу махсус қудуқлар қаздиришга имкон тополмаяпти. Бу уйларнинг аҳволи тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ёритилган бўлса-да, афсус, мутасаддилар ҳамон жим. 

Биз ҳам мутасаддилардан бирор садо чиқиб қолармикан, не орзу-ниятлар билан уй олган одамларнинг дардини биров эшитармикан, деган умидда қоғозга (йўғ-э, САЙТга!) туширдик." 

 
 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82