• 24 апрель GMT +05:00
  • 8068.17
  • 9899.64
Қуйи Чирчиқ - бомбадан кейинги ҳаёт ёки тараққиёт мўраламаган шаҳар
25.12.2017 16:25:27
2308 Ўзбекистон

 Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани, Дўстобод (аввалги солдатский) шаҳарчасига яқин орада бомба тушганини эшитмаган эдим. Бу афсуски хазил эмас. Дўстобод шаҳридан олган таассуротим шундай бўлди. Аниқки, бу ерга қачонлардир бомба тушиб шаҳарни кулини кўкка совурганга ўхшайди. Ахоли эса ҳамон бу талофатдан ўзига келмаган. Қуйи Чирчиқ хувиллаб қолган, гўёки у ерда ахоли йўқ, шароит ҳам. Шаҳарда эски бир нечта дўконлар ва ҳокимият маъмурий биноларидан ўзга ҳеч нарса йўқ.  Қизиқ ахоли нимани ҳисобига кун кўради? Далалар қаровсиз ахволда, иш берадиган бирон бир цех ёки корхонанинг ўзи кўринмайди. Йўл четида бир-икки эркаклар чўкка тушиб тамаки чакиб ўтиришибди. Лой кўчалар, эски уйлар ва бекорчи одамларни кўриб биз кўз тиккан буюк келажак ҳали анча узоқларда экан деган хулосага келасиз. Ишлов берилмаган, бир неча йиллик чирмовиқ босиб ётган ерлар далалардан ҳам фойдаланиб даромад олинмаётганига гувоҳлик бермоқда. Қуйи Чирчиқ ахолиси 20 мингга яқин ва асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Туман табиатига кўра бу ерда шу икки йўналишни ривожлантириш мумкин. Туманда ерлар сувга яқин жойлашгани ундан унумли фойдаланиш мумкинлигини англатади.  Бироқ, бу имкониятдан фойдаланилмаяпти. Одамларнинг турмуш шароити ҳам, ерлар ҳам танг ахволда.

Дала яқинидаги уй эгасининг айтишича ерлар 3-4 йилдан бери қаровсиз. Тадбиркор келиб, ерга қараб тарвуз экмоқчи эди, яхшигина чиқим ҳам қилди бунинг учун, дейди у. Аммо, ҳокимиятда унга ишлов берган ерига пахта экиши шартлигини айтишди. У ерга пахта экиб ташлаб қўйди. Оқибат фойда ҳам олинмади. Таиркорга ёрдам бериш ўрнига халақит бериб, уни касод қилишди, дея ҳикоя қилади у.

 Нима учундир гектарлаб ерлар қаровсиз, қаралмаган фойда олинмаган. Аҳоли Россияга иш қидириб кетиш пайида. Уларга шу ерда туриб, даромад олишга ишлашга нима ҳалақит қиляпти? Одамларнинг муаммоси билан бу ерда ким қизиқмоқда?

  Қуйи Чирчиқнинг одамлари эса ўз ҳаёти ҳақида шундай дейди:

- Эркаклар Россияга, Тошкентга иш қидириб кетади.

- Иш йўқ.

- Далада ҳам иш йўқ. Ер бермайди бизга. Ер берган билан унга қараш учун ҳам пул керак. Пулни қаердан оламиз?

Одамлар “пул йўқ”, дегани билан кўчада болалар мактабга қатнамоқда, дўконлар очиқ. Ҳаёт давом этмоқда.  Дўкондаги ахвол эса ачинарли хали пешин кирмасдан бир икки эркак ичкилик билан банд. Улардан ҳам одатий жавобни олдик:

- Иш йўқ

- Қайним Москвадан иш топса чақираман деган.

- Тошкентга бориб иш тополмай қайтдим. Милиционерлар хужжат сўраб безор қилди...

Дўкон сотувчисининг гапларига қараганда қарзга ичкилик олиб ичадиган мижозлари талайгина. Эркакларга иш йўқ, далада ҳам иш уқадар яхши эмас. Аёллар шаҳарда ёлланиб ишлашади. Уларга иш осон топилади, ресторанларда идиш ювиш, бозорда овқат сотиш кабилар, дейди сотувчи.

Бу шаҳарнинг газ, электр таъминотлари ҳақида ёзишнинг ўзи кулгили. Тошкентдан 1.5 соатлик узоқда жойлашган Дўстободга хали цивилизация мўраламаган. Шаҳар номидаги “обод” сўзи ҳам худди киноя тарзида айтилаётгандек. Электр мунтазам бўлмагани сабабли бу ерда қўшма корхона ёки кичик цех очиш бу ўз бўйнига сиртмоқ солиш бўлади. Қолаверса яна шу муаммо туфайли банк филаллари ҳам бу ерда бемалол иш юрита олмайди.

 Дўстободнинг 20 мингга яқин ахолисини айби нима? Уларнинг айби шу тараққиётдан буткул узулган ерда туғилганидами?

Оvмавий ахборот воситаларида депутатларнинг чекка-чекка қишлоқларда юрганликларини, уларнинг муаммоси билан қизиқаётганларини кузатамиз. Партия вакиллари қишлоқларда кам таъминланганларга хайрия совғаларини улашаётганларидан хабар топамиз. Қишлоқдаги вазиятга қараб, Дўстободнинг муаммоларини қоғозга тушириб кетган депутат ўша муаммога ғарқ бўлиб кетган, дея тахмин қиласиз. Ҳайрия улашган партияга эса нарса буюм, озиқ-овқат улашгунча ахолига иш ўринлари, пул топиш ва бойиш имкониятини яратиб бер, дегингиз келади. Саҳоватлик билан нарса улашиб, одамларни муаммосини ҳал қилиб бўлмас экан. Уларга оддийгина ишлаш имкониятини бериш керак.

Йўл четида тамаки тутатиб ўтирган амакиларни аввалига дангаса, деб ўйлаган бўлсам энди қайтишда улар ҳақида фикрим бошқа эди. Уларда имконият йўқ, оддий имконият – эрта тонгдан ишга бориб, кун қорайганда даромад, қўлда нон билан уйга қайтиш имконияти.

  

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82