• 16 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
"Ёшлар иттифоқи" мукофоти - ғоя яхши, мақсад яхши, ташкиллаштириш эса...
27.12.2017 02:52:14
836 Ўзбекистон

Дастлаб мукофот ҳақида

Фаол ёшларни ҳар йили турли номинациялар бўйича рағбатлантириб бориш мақсадида таъсис этилган “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти” ўз эгаларини топди.  Тақдирлаш маросими кеча 25-декабр куни “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтди.  Мукофот ёшларга давлат ва жамият бошқаруви,  иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги,  фан-таълим ва ижтимоий соҳа,  санъат,  маданият,  журналистика ва спорт соҳасидаги 33 та номинация бўйича берилиб,  унинг миқдори ҳар бир совриндор учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида белгиланган.  Бу йил биринчи марта ўтказилаётган танлов учун 700 нафардан ортиқ ёшлар номзодлар ариза топширишди.  Экспертлар комиссияси томонидан номзодлар ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб,  24 та номинация бўйича 70 нафар ёшлар саралаб олинди.  11 та номинация тақдири очиқ қолди.  Ҳар бир номинация бўйича сараланган номзодлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг сайтида жойлаштирилиб,  улар кенг жамоатчилик ва ёшлар томонидан очиқ овозга қўйилди.  Энг кўп овоз тўплаган номзодлар “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти” совриндори бўлди.

Ташкилий ишлардаги нўноқлик

Саҳнада Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри, асл мусиқа намуналари билан барчани хушнуд этиб турди. Саҳнанинг чап томонида эса бошловчилар учун жой, зина арчасимон “арча”. Саҳнага тўмтоққина ўрнатилган “арча” байрамона кайфият беришдан кўра кўпроқ бошловчиларга мониторни тўсиб туришга хизмат қилди. Бошловчи қўлидаги қоғозчани ўқийди, мониторда бошқа ёзув. Ғолиб маълум бўлгач, “арча”ни айланиб зўрға билиб олишмоқда. Қолаверса, мониторнинг ўзи ҳам у қадар аниқ ишламади. Номзодлар исми, ўрни алмашиб қолган ўринлар ҳам кўп бўлди. Кўпчилик танимайдиган номзодлар бўлса-ку, буни пайқамаслик мумкин эди. Аммо... “Йилнинг энг яхши ёш режиссёри” Азизова Мухлиса аниқланди (бу ижодкорни кўпчилик “Welcome to Bukhara”, “Prologue-2017”дан кейин яхши танийди), мониторда унинг расми. Титрда эса “Йилнинг энг яхши ёш ўқувчиси”нинг исми.

Залдагилар кимлар?!

Тақдирлаш маросими чиндан ёшлар кечасига айланди. Саҳнада ёшлар, залда ёшлар, хизматда ёшлар. Аммо... зални тўлдирган ёшларнинг ўзини тутиши жуда хунук кўринди. Тадбирга билетлар сотилмади, барча таклифномалар билан махсус таклиф қилинганлар эди. Таълим муассасаларининг энг намунали, фаол ёшлари ўз етакчилари ҳамроҳлигида ташриф бурюришди. Баъзилар ёнидагилар билан гаплашиб ўтирди, баъзилари уяли алоқа воситаларидан фойдаланиб. Баъзилар эса бемалол овқатлариб ўтирди. Мана сизга ҳукуматнинг ёшларга эътибор-у ғамхўрлигига муносабат. Етакчилар ҳам ўз фаолиятини доирасига нималар киришига аҳамиятли бўлса... ёшларни фақат етаклаб тадбирма-тадбир олиб юрмай, уларни жамоат жойида ўзини тутуш меъёларидан ҳам хабардор қилиб борса.

Айб кимда?

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи олти ой давомида ёшлар учун анчагина ҳайрли ишларга қўл урди. Бу мукофот ушбу саъй-ҳаракатларнинг қаймоғи, десак муболаға бўлмас. Ғоя яхши, мақсад яхши, уни амалга оширишга келганда эса... ташкилотчилар ҳам, таклиф этилганларнинг аксарияти ҳам ёшлар иттифоқи вакиллари. Кечикиб келиш ҳам, залда ўзини тутиш ҳам аввало ёшлар иттифоқига муносабатнинг белгиси. Қолаверса, ижрочиларнинг масъулияти ва ўз вазифасини бажаришининг мезони ҳам шу. Шунчаки зални тўлдириш учун чақирилганл деб эмас, чиндан бошқа тенгдошларидан кўра фаол ва эътиборга лойиқ, деб таклиф қилинганини ҳис қилса, ҳеч ким кечиқмайди. Залда ҳам хулқини назорат қилади. Кечиккиб келганларни киритмасликни онаси тенги аёлга буюраётган масъул йигитчалар шуларни ҳам инобатга олишса зарар қилмайди. Тадбир сеники, кечикиб келган меҳмон сеники, эшик ёнида туриб жой кўрсатаётган хизматчиларда нима айб?

Фақатгина саҳнада намунали бўлган “санъаткорлар”

Тадбирда жуда кўп санъаткорлар иштирок этишди ва олд қаторларни тўлдириб савлат тўкиб ўтиришди. Тадбир охирлаб қолганда эса, бу ўриндиқлар деярли бўшаб қолган эди. Ҳатто Анвар Собиров саҳнага чиқиб келганида гуруҳлашиб чиқишлар ҳам кузатилди. Саҳнани, санъаткорни ҳурмат қилмаганнинг ўзи ҳам ҳурматга лойиқ эмас. Ёпилиш қисмида 17 нафар санъаткорнинг чиқиши эса залнинг ёппасига қўзғалиши билан тугалланди.

П/С: байрамдан кир қидириб кимнидир айбдор қилмоқчи эмасмиз. Шунчаки, қилаётган ишимизга масъулиятли бўлайлик демоқчимиз холос. Айниқса, гап ёшлар масаласида бўлса.


 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82