• 15 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
Швейцария матбуоти Ўзбекистонни Осиё лочини деб атади
09.01.2018 14:04:22
919 Ўзбекистон

Швейцарияда нашр этиладиган “Diva International” журнали саҳифасида “Осиё лочинининг парвози: Ўзбекистоннинг 2018 йилга мўлжалланган юксак режалари” сарлавҳали мақола босилиб чиқди. Унда мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши ҳамда истиқболига оид маълумотлар атрофлича қаламга олинган, деб ёзади "Жаҳон" ахборот агентлиги. 

«Худди лочин ерни пастда қолдиргани ҳолда тобора юқорига кўтарилиши сингари Ўзбекистон ҳам ўзининг янги раҳбари бошчилигида ривожланиш ва фаровонликнинг янги қирраларини забт этиш йўлида чуқур ва туб ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш асносида қанотлари билан юксалмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган бошқаруви остида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишини айнан шундай таърифлаш мумкин. 2017 йилнинг декабрида у миллий парламентга Мурожаатнома тақдим этиб, ўтган йилнинг якунларини сарҳисоб қилгани баробарида яқин истиқболга мўлжалланган кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида ҳам батафсил тўхталди. 

Қайд этилганидек, давлат раҳбари Мурожаатномаси Ўзбекистон етакчисининг иқтисодиёт, жамият ва сиёсатдаги мавжуд муаммоларни нақадар теран англашини ҳамда уларни бартараф этиш бўйича жуда оқилона таклифлар билдирилганини намоён этди. Мамлакат парламенти аъзолари ҳамда сиёсатчиларга аниқ ва лўнда қилиб “Уйғониш вақти етди, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, дея даъват этгани тушунарли ҳолдир”. 

Мақолада Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бўлган мазкур Мурожаатномада ўз ифодасини топган айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. 

“Биринчидан, бу ўтган йиллар давомидаги ҳаққоний бўлмаган рақамлар ортидан қувиш ва номақбул иш услубларини танқид қилиш. Шу боис Марказий банк ҳамда халқаро молиявий институтлар томонидан текширилган аниқ-равшан рақамларга мувофиқ, 2017 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,5 фоизни ташкил этиши эълон қилинди. 

Шавкат Мирзиёев 2017 йил cентябрида валюта тизимини либераллаштиришга киришгани ҳолда иқтисодиётни ислоҳ этиш йўлида жуда дадил қадам ташлади. У, шунингдек, мамлакат фаровонлигининг қудратли ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кичик ва хусусий бизнес мустаҳкамланишининг жиддий тарафдори ҳамдир. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни давом эттиргани ҳолда Президент барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатишни таклиф этди. Шунингдек, давлат раҳбари 2018 йили Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошлашини ҳам маълум қилди”, деб ёзади Швейцария нашри. 

“Diva International” – инглиз, француз ва испан тилларида 2000 йилдан буён чоп этиладиган журнал. Нашр адади 5 минг нусха. Нафақат Швейцариядаги, балки дунёдаги бошқа мамлакатларнинг дипломатлари, халқаро ташкилотлар ходимлари, тадбиркор ва жамоатчилик арбоблари ушбу журналнинг асосий ўқувчилари ҳисобланишади.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82