• 24 апрель GMT +05:00
  • 8077.26
  • 9960.07
Журналистика ва оммавий коммуникация ОТМ ташкил этиш учун бизда мутахассислар етарлими?
10.01.2018 15:28:34
713 Ўзбекистон

Ўзимизнинг журналистика “муолажага” мухтож. Журналистларимизни янги техника билан қуроллантириш ва унда ишлашни ўргатиш ва ҳуқуқий билимларини ошириш, шарҳловчиликни ривожлантириш каби бир қанча масалалар бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Президент 22декабрдаги мурожаатномасида Журналистика ва оммавий коммуникация университетини ташкил этиш ҳақида гапириб ўтди. Бўлажак Университет билан  боғлиқ бошқа расмий хабарлар кўзга ташланмади? Хозирда ушбу Университет бўйича бир қанча масалалар журналистларни ўйлантирмоқда.

 Университет  қаерда ташкил топади?

 У ерда хорижий назариётчилар дарс берадими ёки талабалар нуфузли агентликларнинг мактабларида сабоқ олиб қайтадими?

Бўлажак Университетда дарс берувчи домлалар етарлими?

 Балки, мавжуд журналистика факультетларида хорижий етакчи нашр ва агентликларда тажриба орттириш амалиётини қўллаш лозимдир. Негаки хозирда журналистика факультетлари мавжуд (Миллий университет ва Жаҳон тиллари Университети таркибида) ва у ерда журналистика йўналиши бўйича тахсил олиш учун техник жиҳозланиш замон талабига жавоб берадиган даражада эмас. Шунингдек, бугунги замон талабига жавоб берувчи журналистни етиштириш учун домла ҳам ривожланган давлатлар журналистикаси билан бевосита таниш ва у ерда тажриба орттирган бўлишини талаб этади. Бизда шундай мутахассислар борми? Ушбу саволларга жавобни журналистика назариётчиларидан излашга харакат қилдик.

Жаҳон тиллари университети, журналистика факультети катта ўқитувчиси Беруний Алимов:  

Журналистика ва оммавий коммуникация университетининг очилиши ўзбек журналистика мактаби тарихида жуда катта тарихий бурилиш ясайди. Чунки журналистика амалиётининг ўзи бир жойда тўхтаб турмаганидек, журналистика назарияси ва таълими ҳам изчил ривожланишни талаб этмоқда. Умид қиламанки, янги университетда талабаларга таълим бериш методологияси тубдан ўзгаради. Хорижий ва миллий тажрибанинг энг самарали усулларидан фойдаланилади. Энг муҳими, ҳозирги замон амалиётига жавоб бера оладиган, керак бўлса уни орқасидан эргаштира оладиган назариячиларимиз юзага чиқади.

Табиийки, янги униврерситет моддий-техник жиҳатдан жаҳон стандартларига мос равишда жиҳозланади. Янги ўқув-услубий лабораториялар, ўқув радио-теле студиялари, маҳорат мактаблари очилади. Бу шубҳасиз. Аммо биз бунга фақат янги техник имконият деб қарамаслигимиз керак. Аксинча, ўзимизнинг устимизда тинмасдан ишлашимиз керак. Бўлғуси журналистлар бир қадам олдинга чиқишлари учун, соҳа мураббийлари икки қадам олдинда юра олишлари керак.

Шу сабабдан журналистика соҳасидаги ўқитувчи кадрлар салоҳиятини ошириш зарурати кундай равшан. Бу масалани ҳал этиш учун хорижий мамлакатлар экспертлари иштирокида ўқитувчилар учун ТоТ (тренерлар учун тренинглар) ташкил этишимиз керак. Мисол учун, рақамли журналистика, аудиовизуал журналистика, оммавий коммуникация, медиа маконда миллий манфаатлар каби йўналишлар бўйича энг илғор тажрибаларни ўзлаштирмасдан иложимиз йўқ.

Ўзбек миллий журналистикаси жаҳон журналистикаси архитектоникасига дадил кириб бориши учун, биз дунё стандартларига сўзсиз мослашишимиз зарур.

Бунинг учун нафақат янгича услуб, янги формат ва коммуникация каналларига ўтиш керак, балки ҳозирги замон ўқувчисининг ахбортга бўлган талабини тўла қондира оладиган даражага эришиш лозим.

Жаҳон ахборот маконида ўз айтар сўзимиз бўлиши керак. Ва бунинг учун албатта бўлғуси журналистларга хорижий тилларни янада пухтароқ ўргатишимиз зарур.

Мавзуни  Жаҳон тиллари Университети, журналистика факультети декани Алишер Матёқубов давом эттиради.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82