• 15 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
Артистларни номма-ном биламиз, олимларимизни-чи? Бизга артистларни кийиниши, очилган жойи қизиқ!
08.01.2018 15:34:37
5671 Ўзбекистон

Сайтимизда эълон қилинган "Шунга ҳам Президент аралашиб, “етар”, дейиши шартми сизларга?" мақоласига нисбатан юртдошимиз  Бекзод Аҳмадалининг муносабатларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Кўрсатувда математик боладан раққос устун қўйилгани катта шов-шув бўлди. Одамлар ажабланди, норози бўлди.

Мен эса ўша ажабланган одамлардан ажабланаман. Нега? Чунки, бу кўрсатув бизга кўзгу бўлди, аксимизни ўзимизга кўрсатди. Одамлар ўзларининг қандайлигини кўриб ажабланишмоқда. Ахир, бу бизнинг ҳақиқий юзимиз-ку! Сиз норози бўлганингиз тилда холос, амалингиз рози эканлигингизни кўрсатиб турибди. Болангизнинг илми учун сарф қиладиган пулингиз артистларга сарф этадиган пулингиздан бир неча баробар кўп! Тўй учун 10-20-30 минг доллар ишлатганларни эшитдим, фарзандининг таълими учун мактабдан ташқари минг-икки минг доллар ишлатган оилаларни эшитмадим. (Бор бўлса керак, лекин анқонинг уруғидек кам бўлгани учун мен эшитмадим.)

Контракт нархи баландлигидан нолиган одамларнинг нечтасини кўрдим, аммо артистларнинг қимматлигидан нолиган одамларни умуман кўрмадим, эшитмадим.

Атрофга қаранг, ҳамма томонда артистлар: телевизорда, радиода, газетада, тўйда, келин-саломда, рекламада, ҳакамликда (жюри), тадбирларда… Маслаҳат берадиганлар ҳам, муҳокама қиладиганлар ҳам, кийинишни, ҳаттоки овқат пиширишни ўргатадиганлар ҳам артистлар… Нега? Чунки бизга ана ўшалар керак, шуларнинг ҳаёти бизга қизиқ, кийиниши қизиқ, очилиб қолган жойи қизиқ, фикри қизиқ, иши қизиқ, ҳаттоки шуларнинг «ити» (кучуги) қизиқ. Артистларни номма-ном биламиз, олимларимизни, ихтирочиларимизни билмаймиз, танимаймиз. Шерали Жўраевни билмайдиган ўзбек борми? Бор бўлиши мумкин, у ҳам бўлса энди туғилган чақалоқ – эрта-индин у ҳам таниб олади. Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Тамарахонимларни биламиз. Ўша даврда ўтган академикларимизни билмаймиз. Олимлар билан уларни солиштиришнинг ўзи хато, лекин, юзимизни очиб бериш учун айтдим. (Юқорида номи келтирилган одамларга шахсий адоватим йўқ, уларнинг обрўсини тўкмоқчи ҳам эмасман, ёмон ибораларни ҳам ишлатмадим).

Четдан катта-катта телевизорлар кўтариб келаётганларни кўрдим, китоб кўтариб келаётганларни кўрмадим. Ваҳоланки, математикага оид (ва шунга ўхшаган) китоблар уларда ҳам кўпроқ, ҳам арзонроқ, ҳам сифатлироқ. Бизга раққосларни, артистларни кўриш учун телевизор керак, ўқииш учун китоб керак эмас. Телевизор, радио, газета, Интернет нашриётларимиз артистларнинг ҳаётини ёритади, уларни ибрат қилиб кўрсатади. Агар Стив Жобс ёки Илон Маск биздан чиққанида эди, улар дунёга танилмай ўтиб кетишарди. «Мабодо, адашиб чиқиб қолишса», демоқчи эдим.

Шунинг учун ажабланманглар, дўстлар. Бу бизнинг ҳақиқий юзимиз, бизга раққослар керак, математиклар эмас!

Бекзод Аҳмадали

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82