• 21 январь GMT +05:00
  • 8146.38
  • 9965.47
Тошкент аэропортининг карго хизмати: сифат паст, нарх баланд ва кассалардаги фириблар
29.12.2017 17:26:01
4819 Ўзбекистон

Блоггер Мирзо Субханов аэропортнинг карго бўлимида  талайгина шубҳали тўловлар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берди. Мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз. Мазкурмақолада жавоби очиқ қолган саволларга эса аэропорт маъмуриятидан жавоб кутиб қоламиз.

Туя ҳаммомни орзу қилганидек, мен ҳам Жанубий Кореядан ўзим учун товар сотиб олиб, Ўзбекистон Ҳаво Йўллари карго хизматларидан фойдаланмоқчи бўлдим.

Карго хизмати учун 4,5 млн сўм тўлаган бўлсамда, юкни Тошкент Аэропортидан расмийлаштириб олиб чиқишда  роса сарсон бўлдим.

Пулга бош оғриги сотиб олиш шундай бўлар экан.

Мижозлар ҳар бир дарчада соатлаб навбатда туришга мажбур, хизмат сифати эса жуда паст.

«Бу тартибсизликларнинг сабаби нимада ва бу чексиз навбатлар кимга фойда?» - деган савол туғилди.

Ҳар бир мижоз карго хизматлари учун жуда катта миқдорда пул тўламоқда ва шунга яраша хизмат кўрсатилиши керак эмасми?

Бу саволга жавоб, Тошкент Аэропорти унитар корхонаси тўлов кассалари олдига келганимизда аён бўлди.

Келган юкларнинг Давлат божхона расмийлаштируви учун тўловлар фақат банк кассалари орқали бўлиши лозим, аммо аэропорт омборхона хизматлари эса, корхона ички кассаларида амалга оширилмоқда.

Давлат корхонасига ички касса нима учун керак бўлиб қолди?

Нима учун Аэропорт омборхона хизматлари учун туловлар мавжуд банк кассалари орқали амалга оширилмайди?

Балки сабаб банкка топширилган пулларнинг ўғирлаб бўлмаслигидадир.

Аэропорт кассаларида қуйидаги эълон эътиборимизни тортмасдан қолдирмади:

Бу эълонда Аэропорт омборхона тарифлари кўрсатилган, аммо ҳужжатда на директор имзоси ва на расмий муҳр бор. Касса бошлиғига мурожаат этиб, ҳолат бўйича изоҳ сўраганимизда, муҳр орқали тасдиқланган ҳужжат мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Тошкент Аэропорти омборхона хизматлари учун корхона кассасига 211,0 минг сўм тўлаган бўлсамда, менга Товар чеки ҳам берилмади.

Тошкент Аэропорти Карго кассаларида Ўзбекистон қонунчилиги, ҳусусан Солиқ кодекси бўйича мажбурий берилиши керак бўлган товар чеки берилмас экан.  Шунингдек, электрон касса машинаси ҳам йўқ экан.

Товар чеки ўрнига инглиз тилида ёзилган «Multi purpose voucher» берилди:

Ишончимиз комилки бу «Ваучер» умуман бошқа мақсадларда ишлатилиши керак.

Кассирлар томонидан юридик мижоздан корпоратив карта орқали тўловларни қабул қилиш рад этилганлигига ҳам гувоҳ бўлдик.

Корпоратив карталардан фақат банклар орқали тўланиши мумкунлиги ва «Агар юкингизни тезроқ ва сарсонгарчиликларсиз олмоқчи бўлсангиз нақд пулда тўланг!» - деган талаб ҳамма масалага очиқлик киритди.

Товар чеки берилмас экан, Тошкент Аэропорти карго кассаларига топширилаёган нақд пулларнинг бир қисми ёки ҳаммаси кимнингдир чўнтагига бормаётганлигига ким кафолат беради?

Давлат корхоналаридаги ички кассаларга барҳам бериб, тўловлар фақат банк шаҳобчалари орқали кабул қилинмас экан Давлатимиз бюджетига бориб етиши керак бўлган маблағларнинг бир қисми йўлда қолиб кетиши мумкин эмасми?

Мирзо Субханов

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82