• 15 август GMT +05:00
  • 7790.20
  • 8888.62
"Тириклайин ёнган меҳнат муҳожирлари, уларни ўлигини санашдан қачон нарига ўтамиз?"
19.01.2018 15:30:11
6951 Ўзбекистон

Кеча Қозоғистонда рўй берган фожиадан кейин, фейсбукда норасмий мотам тутган юртдошларимиз сони ортмоқда. Ушбу фожиа юзасидан билдирилган таъзиялар, унга етаклаган омилларни танқиди ва таҳлили ҳам кўпаймоқда. Қуйида улардан бир қанчасини келтирамиз.

Нодира:

"Тириклайин ёнган меҳнат мухожирлари"- нақадар совуқ хабар. Қачон муҳожирлар ўлигини санашдан нарига ўтамиз қачон чоралар кўрамиз? 

 Санобар Меҳмонова:

Афсус,афсус.........

Биродарлар......

Етти тонналик,тўққиз тонналик ош қилдик.....

Хўжа кўрсин алламбало дабдабалар билан ўзимизни гўёки бутун дунёга намойиш қилиб, Гиннеснинг китобига ҳам кирдик......

Лекин,мана шу тириклай ёниб кетган жабрдийдалар шу ошларда кўрсатилганидек фаровонлик бўлганида аксарияти ҳали ўттизга ҳам кирмаган навқиронлар шу мусофир юртларга бир бурда нон топиш илинжида кетармиди?!?.....

Оила ўчоғимда, рўзғоримда қозон қайнаб, ўт ёнсин -деб,ўзлари тириклай ўтда ёнган бу алпларни ҳар тугул бекорчилик ва саргузаштталаблик шу қишнинг кунида Россияга етакламагандир.........

Кечадан буён тинмай постларда айланаётган гуриллаб ёнаётган автобус манзараси кўз ўнгимдан кетмайди.......

Мен бу ведеони очиб кўриш у ёқда турсин,шу мудҳиш манзарани бир киприги қилт этмай суратга олган томошабинлардан ҳам қаттиқ нафратландим. Боиси,фақатгина дийдаси қаттиқ одамларгина шундай ҳолатларда ҳам томошабин бўлиб тура оладилар.....

Нима бўлгани биргина Аллоҳга аён! Фақат,Угина кўргувчи, билгувчи, ягона Гувоҳдир! Нима бўлганда ҳам шу аксарияти ўттизга ҳам кирмасдан бу фоний дунёнинг оловида куйиб ўтганларни Парвардигор ўз раҳматига олсин!

Илоҳим,бу кўргулик кўрганларимизнинг охири бўлсин!

Буёғи юртимизда чинакам тўкинчилик,ободлик бўлиб,қайтиб бундай фожеани Халқимизнинг бошига кўргузмасин!

Эй бори Худоё!

Ўзинг Ҳазрат Иброҳим алайҳиссаломга оловни гулистон қилган Зотсан!

Шу шаҳид кетган биродарларимизни бу дунёнинг оташида куйганлари ҳаққи, охират оташидан саломат сақла!

Орқаларида қолган яқинларига сабри-жамил ато эт!

Мусибатларига ўз Зотингга муносиб Караминг ила ажр ва ризолигингни ато эт!

Омин! Я раббил-оламийн!

Аъзам Обидов:

Кетмайлик!

Осон эмас: иш топиш, бола-чақа боқиш, орзу ҳавасни чеклаш... аммо кетмасликнинг иложи бор! Тўғри, жуда, жуда қийин бўлади, фақат бошни баланд тутиб, янгича ғоялар, таклифлар киритиб, бор еримиздан, мавжуд имкониятимиздан тўлиқ фойдаланиб, ниятимизни тўғри қилиб, нафсимизни тийиб, қонунга суяниб, она Ватанда кўкариш, юксалиш йўлига ўтайлик! Миллионларимизни тўхтатайлик, шаҳару қишлоқларимизга йигитларимиз қайтсин! Еримиз кенг ахир! Фарзандларимиз бағримизда яйраб, униб-ўссин! Осон бўлмайди ҳеч, фақат иш излаб чет элларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кетмайлик! Кетмайлик!

Ҳотам Умаралиев:

Мен ҳам баъзида ўйлаб қоламан. Очарчилик йиллари ҳам ота-оналаримиз четга чиқмасдан яшашган. Далага бориб бошоқ териб, зоғора нон еб кун ўтказишган. Ҳозир юртда қолиб кун кўришни иложи йўқмикин, деб ўйлаб қоламан. Айниқса “муҳожирларни Россияда ўлдириб кетипти”, “аварияда фалонча муҳожир ўлипти”, “ёнғинда шунча муҳожир ўлипти”, деган хабарларни ўқисам...

Муслим Мирзажонов:

Бир неча кун олдинги укам билан суҳбат.

-Ака, ўқитувчиликдан бўшаб, Россияга кетсаммикан? Пул ишлаб кемасам, бўмайди. Ойлик умуман етмаяпти, ортмаяптиям. Борсам, бир-икки сўм орттирармидим, дейман-да.

-Шошилма, бир иложини қилармиз. Қўшимча ишларни ўйлаб кўр, имкон қадар ёрдам бераман...

* *

Бунақа суҳбатлар, менимча, вилоятларда тез-тез кузатилса керак...

Дилфуза Рўзиева:

Бундай суҳбатлар жуда кўп оилаларда бўляпти. Кечадан аввалги кун қишлоқдан қўшнимизнинг ҳали йигирмага тўлмаган ўғли Россиядан шу йўлдан автобусда қайтди. Ўқишга киролмагач кетган ҳеч бўлмаса репетиторга тўлаш учун пул топай деб.

Исажон Султон:

Рўзғоримда ўт ёниб турсин дея ўзи ўтда ёнган бекларимиз, алпларимизнинг жойи жаннатда бўлсин! Халқ омон бўлсин, Ватан омон бўлсин.

Ҳамидбек Юсупов:

Бугунги хабар кўпчилик қатори мени ҳам қайғуга солди. Оила, рўзғор ташвишида кетиб, қайтиб келмаса... Уларнинг кўпчилиги қайтаётганини уйидагиларга айтиб хурсанд қилиб қўйганлари аниқ, айримлари сюрприз қилиб кириб боришни кўзлаган бўлиши ҳам мумкин... Кутилаётган жигарбанди ўрнига шумхабар келиб турган хонадонларнинг дардини озми-кўпми тушунамиз, аммо... ўшандай ҳис эта олмаймиз барибир. Нима бўлганда ҳам, барчасига ҳамдардлик изҳор этамиз.

Ҳар гал шу каби хабар эшитганимда, болалигимдаги бир воқеа эсимга тушади.

Ўшанда далада ишлаётгандик, онам пиёз ўтар, мен эса юлинган ўтларни уйга ташиб келаётгандим. Бир пайт қарасам, онам йиғлаяпти. Сабабини сўрадим. “Фалончининг боласи Афғондан ўлиб келибди”, (Хоразмда шунақа айтилади) деди. Бола ақлим билан хаёлимга шундай фикр келганди ўшанда: “Бировнинг боласи учун йиғлашнинг нима кераги бор экан...”

Сал улғайиб, бошқаларнинг дардини ҳис этишни, ҳамдард бўлишни ўрганганимдан сўнггина онамнинг ўша пайтдаги ҳолатини тушундим. Эркаклардан кўра аёллар, айниқса оналарда ҳамдардлик кучлироқ эканини билдим. Боланинг бегонаси бўлмаслигини англадим...

Бугун – фақат ўша элликдан ортиқ хонадоннинг эмас, балки шу Ўзбекистон халқининг оғир куни. Энг аввало оналаримизга, опа-сингилларимизга ҳамдардлик билдираман. Отахону буважонлар, ака-укаларимизга бардам бўлинг, дейман.

Қўлимиздан яна нима ҳам келарди...

Ўтганларнинг жойлари жаннатда бўлсин... Барчага сабр тилайман.

Малика Салимова:

52 боланг ёнди дафъатан,

Э, воҳ, кулга қандай ўрайсан кафан.

Она бўл, бошинга оқ рўмолинг ёп,

Ота бўл, белингни боғла, жон Ватан!

Самолар зириллаб кетди фарёддан,

Дарвоза очилди тўғри Жаннатдан,

Оға бўл, Елканга тобутларни орт,

Сингил бўл, дод солиб йиғла жон Ватан!

Ўзбегим, сен қачон қочдинг меҳнатдан,

Қайга кетмоқ бўлдинг оғир қисматдан!

Шаҳидлар шаҳрига аҳолиларинг,

Сўнги карвонларга миндир жон Ватан!

Ногоҳ алангага бурканганда тан,

Калима келтириб улгурдимикан.

Ўзбекман деганнинг жон юрагидан,

52 қабр кавла жон Ватан!

Бири ўғлонмиди куёв бўлмаган,

Бири йигитмиди фарзанд кўрмаган.

Ёки етим қолган гўдакларининг,

Кўзларига қандай қарайсан, Ватан!

Мусофирлик фақат ўзбекдамикан,

Бизнинг камимиз бор қайси миллатдан.

Берма болаларинг алангаларга,

Бевақт ажалларга берма, жон Ватан!

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82