• 20 май GMT +05:00
  • 8025.83
  • 9597.29
Ҳоким Парламент минбаридан туриб, халқимиздан узр сўраши шарт!
26.01.2018 00:26:28
1772 Ўзбекистон

  Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ҳақоратли видеолари кўпчиликнинг ғазабига сабаб бўлди. Блоггер Мирзо Субханов мазкур вилоят ҳокими парламентга чиқиб халқдан кечирим сўраши лозимлигини ёзмоқда. Блоггер конституцион ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда Шуҳрат Ғаниев руҳий соғлиғини текшириш ва хизмат ваколатини суистеьмол қилганлиги юзасидан унга нисбатан «ишончсизлик вотуми» эълон қилиниши масаласини муҳокама қилиш учун Олий Мажлис номига петиция йуллашни лозим деб топди. Ҳамда ўз блоггерлик саҳифасида петиция учун рўйҳатдан ўтишни ташкиллаштирди.

“Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниевнинг 2018 йил 23 январда ўтказилган селектор йиғилишида Ақтўбе қурбонлирини «ҳаромилар» деб ҳақорат қилгани, уларнинг оилаларига берилган «беғараз» моддий ёрдамни миннат қилгани ва Тошлоқ туман аҳолисинининг ҳажга бориш ёки хорижга чиқишини чеклашга ҳаракати - пасткашликнинг энг пастки нуқтасидир.” – деб ёзади Мирзо Субханов.

Шунингдек, блоггер аввалги ҳокимнинг сўкиниши ва у тўлаган жаримадан қониқмаганлигини ҳам айтиб ўтади.

“2016 йилнинг 16 октябрида Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев мактаб директорларини уриб ҳақоратлагани учун жавобгарликка тортилган эди. Суд томонидан Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасига (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) асосан энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган эди ҳолос.  

Ўшанда, Дилмурод Раҳматуллаевга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) бўйича эмас, балки «Мансабдор шахснинг Давлат томонидан берилган ваколатларни суистеъмол қилганлиги» бўйича жавобгарликка тортилиши, ҳамда Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши унга нисбатан «ишончсизлик вотуми» масаласини кўриб чиқилиши керак эди.

Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниев Дилмурод Раҳматуллаевдан эстафета таёқчасини олиб, уни ортда қолдирди.

Ўз исмини айтишни истамаган ҳокимлик ходимларидан бирининг айтишича: «Ҳоким сўзларини келгусида бу каби фожиали ҳолатлар такрорланмаслигининг олдини олишдаги уриниш деб қабул қилиш керак.» экан.

Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасовнинг маълумотига кўра- «Ҳоким алам устида гапирган».

Айтиб ўтиш жоизки, бу Шухрат Ғаниевнинг биринчи сўкиниши эмас экан. Унинг оддий одамларни: «пешонангдан отаман», «чўчқа», «манга қолса ҳаммангнинг каллангни сапчадай узиб ташлайман» - деб камситишлари ҳакида маълуморлар эълон қилинган.

АҚШда ҳам, президент Дональд Трампнинг дискриминацион ва ирқий баёнотлари юзасидан бир гуруҳ АҚШ шифокорлари Президентнинг рухий соғлигини текшириш талаби билан чиққанлиги - дунё демократиясининг ютуғидир.

 Фарғона вилоят ҳокими оддий жарима билан қутилмаслиги керак.

Бундан ташқари, Ғаниев ўз айбига иқрор бўлиб, жамоатчилик олдида Ақтўбе курбонлари оилалари ҳамда Тошлоқ тумани аҳолисидан кечирим сўраши шарт!

 Конституциявий ҳуқуқларимдан фойдаланган ҳолда Фарғона вилояти ҳокими Шухрат Ғаниевнинг руҳий соғлиғини текшириш ва хизмат ваколатини суистеьмол қилганлиги юзасидан унга нисбатан «ишончсизлик вотуми» эълон қилиниши масаласини муҳокама қилиш учун Олий Мажлис номига петиция йуллашни лозим деб ўйлайман.” – дея фикрини якунлайди Мирзо Субханов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқланиши мумкин.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82