• 20 май GMT +05:00
  • 8025.83
  • 9597.29
Депутат “АВТОТЕСТ” монополиясига қарши чиқди. Адолат қарор топишига умид бор
27.01.2018 01:04:35
34054 Ўзбекистон

Тадбиркор сифатида халққа қайсидир хизмат кўрсатиш турини таклиф этсангиз-у, унга мижозлар келишини қонун ва қарорлар билан мустаҳкамлаб олсангиз.  “Кетмонингизни учгани” шу бўлса керак.  «Avtotest-Report» МЧЖ ўқув марказининг ҳам айни вақтда “кетмони учган”. Унда малака оширишга мажбур бўлган мижозларнинг адоғи йўқ.   “Мажбур бўлган”- дейишимизнинг сабаби бор, юридик шахсга тегишли улов  ҳайдовчилари «Avtotest-Report»да ҳар икки йилда малака оширишлари тўғрисидаги янгиликни кўпчилик оқламади. Буни ижтимоий тармоқдаги фикрлар орқали ҳам кўриш мумкин.  Сабаби қонунда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи  ёки махсус ҳайдовчиларни эмас, барча юридик шахсга тегишли автомобил ҳайдовчилари назарда тутилган

Мазкур қарорга интернет таҳлилий ахборот портали ҳам қарши чиқди аммо, самара бўлмади. Биз ҳам айни масалани яна қўзғаб, халқ вакиллари бўлган Олий Мажлис депутатларига мурожаат қилдик.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Юридик шахсларга тегишли улов  ҳайдовчиларнинг ҳар икки йилда айнан «Avtotest-Report» МЧЖда малака оширишлари мажбурий эканлигини оқламади.

“Нега айнан “ автотест”? Нима учун 5-6 йил эмас, икки йил? Нима учун биргина МЧЖга бундай ваколат топширилмоқда? ”- дейди депутат.

 Олий Мажлис Депутатининг фикрича Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор қайта ўрганиб чиқилиши керак.

Олий Мажлис депутати Қодир Жўраев ҳам ҳамкасбининг фикрига қўшилди:

“Менинг назаримда «Avtotest-Report» малака ошириш ўқув курслари тўғрисида ўтган йил 4 сентябрда қабул қилинган қарор ҳақиқатан айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Энг асосий камчилиги - фақатгина битта МЧЖга бундай ҳуқуқнинг (яъни мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик корхоналар хайдовчиларининг малакасини ошириш хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи) берилишидир. Бу ерда монополияга қарши қонунчилик талаблари инобатга олинмаганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат эса ўз навбатида бундай хизматларни кўрсатувчи субъектлар ўртасида рақобат мухитини шаклланиши ўрнига, аксинча, битта МЧЖнинг монополиясининг ўрнатилишига, рақобатчиларнинг бозордан сиқиб чиқарилишига йўл очиб берган.

 Хозирда ушбу ҳолатни бартараф этиш, 2017 йил 4 сентябдаги қарорни антимонопол қонунчилик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига депутатлик сўрови юборишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилмоқчиман.”

Депутатларнинг қарорни кўр-кўрона ёқламаганликлари, халққа ён босганлари ва бу масала бўйича депутатлик сўрови юборишлари бизни қувонтирди.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори нафақат монополияга қарши қонун нуқтаи назаридан балки, малака ошириш муддатининг қисқалиги бўйича ҳам қайта ўрганиб чиқилиши керак. Ҳар икки йилда фирмалардан ҳайдовчиларни ўқитиш учун қўшимча пул ва вақт ажратишни талаб қилиш ҳам назаримизда адолатдан эмас. Қолаверса, нега айнан фирмаларнинг ҳайдовчилари шунчалар қисқа вақт ичида малака оширишга муҳтожлиги мантиқсиздек. Ахир, улар учун йўл қоидалари алохида ёки мураккаброқ эмас-ку?

 Белгиланган муддатга оз қолмоқда. Жорий йилнинг 1 июлига қадар фирмаларга тегишли автомобиль ҳайдовчилари малака ошириб сертификатланишга шошилишлари лозим.

Халқаро пресс-клуб анжуманларининг бирида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимовга ҳам «Avtotest-Report» монополияси ҳақида савол берилган эди. Ислом Жасимов ҳам мазкур масала ўрганиб чиқилиши лозимлигини маълум қилган. Бироқ, орадан 2-3 ой ўтган бўлсада хозиргача бу борада ўзгаришлар киритилгани эълон қилинмади.  

Тадбиркорларнинг “кетмони учгани” яхши, бироқ у адолат мезонларини янчиб ташламаслиги керак.

Анора

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82