• 15 август GMT +05:00
  • 7790.20
  • 8888.62
Ҳайратга сол, янгилик бер! ВВС - ахборот гигантига ичкаридан назар
08.02.2018 22:29:39
1623 Ўзбекистон

         

 Катта ишхона

Лондон. Бу шаҳарни эшитмаган одам бўлмаса керак. Ҳақиқатдан буюк мамлакатнинг буюк пойтахи. Бу ерда сиз ўзингизни умуман бегона ҳис қилмайсиз. Чунки Лондонда бир хил ирқ яшамайди. Бу ерда бир хил миллат яшамайди. Лондонда бир ҳил тилда гапирилмайди. Бу ерда бир хил таом ейилмайди.

Турли миллатларнинг она шаҳри бўлиб қолган Лондон бугун Британия қироличасидек кекса эмас. Унда бутунлай янги миллат ташкил топгандек, гўёки Дианани қоралаган инглиз киборлари бутунлай яшамагандек. У янги пойтахтга, “дунё пойтахтига” айлангандек тасаввур уйғотади сизда. Бу ерда совуқ кунда калта енгли юпқа кийимда велосипед ҳайдаб кетаётган Японияликни, сизни Макдоналдсда табассум билан қарши оладиган хитойликни, бошини бироз сарак сарак қилиб, мехмонхонада кутиб оладиган хиндистонликни, Underground яъни метрода шўх шодон кулиб кетаётган афроамерикаликларни, тинмай нималарнидир тортишиб сухбатлашиб кетаётган Лотин Америкаси ёшларини, Турк ошхонасининг машхур таоми бўлган дурум сотувчилари-ю,сочлари қўнғироқ арабларни, хуллас барча миллат вакилларини учратасиз. Бу инглиз бўлса керак деб мурожаат қилганингиз ҳам ёки чех, ё поляк, ё француз ёки рус бўлиб чиқади. Шаҳар марказидаги кичик ва тор кўчалар четида бир муддат туриб атрофга қулоқ солсангиз интернационал Лондоннинг кечинмаларини тинглайсиз. Шу вақт Тошкентга “Парламент журналистикаси”га оид семинар машғулотларини ўтишга келган Би-Би-Си журналисти Буюк Британиялик  Бобнинг фикрлари ёдимга тушади. Ўшанда ундан БРЕКСИТа муносабати ҳақида сўрагандик. У эса бизга савол билан жавоб қайтарган: “Тасаввур қиламиз: Ўзбекистон катта иттифоққа қўшилди. Унинг бошқаруви Тошкентда эмас, айтайлик Бишкекда, унинг парламенти Душанбеда, Миллий Банки эса Остонада. Унинг ўзи эса, айтайлик... Марказий Осиё деган Иттифоқнинг таркибида... Ён атрофдаги истаган давлатингиз фуқароси сизнинг шаҳрингизга келиши ва сиз ишлаб турган иш ўрнига эга чиқиши мумкин. Шахрингиздан тожик, қирғиз, қозоқ ва бошқа давлатлар вакиллари уй олиши мумкин. Сизнинг фарзандингиз ўзбек эмас бошқа миллат вакилига тегди ёки уйланди неварангизда сизни эслатадиган бирон белги йўқ....чегаралар очиқ ва ҳар куни минглаб одамлар сизнинг шаҳрингизга кўчиб кела бошлайди. Сиз қандай муносабат билдирган бўлардингиз?!”   БРЕКСИТ ҳақидаги саволга берилган бу жавоб саволи Британия халқи нима сабабдан Европа Иттифоқидан ажралишни танлагани ҳақидаги тасаввурларимни ўзгартириб юборганди. Бир қарашда ҳаммаси яхши: Эркин савдо-сотиқ имконияти, эркин ҳаракатланиш, минглаб ишчи кучи, конвертацияга эхтиёжи йўқ бўлган халқаро валюта, Иттифоқнинг энг йирик молия муассасалари Лондонда ... Шунча имкониятдан бирданига воз кечилаяптими?  Ана шу вақтда Россия матбуоти томонидан сезилиб сезилмай тафаккуримда шакллантирилган тасаввурлар чил-чил синганди. Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши эса халқнинг ҳохиши эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Биз секин аста метрога тушамиз. Қизиғи бу ерда нақд пулга чипта олинмайди. OESTER деб номланувчи электрон карталарни сотиб олиш учун махсус ўрнатилган терминаллардан маблағ киритишингиз мумкин. Уларга энг қулай тўлов албатта, банк карталари орқали амалга оширилади. Нақд пулдан кўра банк карталари билан тўлаш анча қулай. Метронинг кираверишида Афроамерикалик қиз гитара билан жонли қўшиқ куйлаб турибди. Биз хазиллашамиз: “шундай чиройли овоз билан биров ташлаган чой чақага кўз тикиб ўтирибди, Ўзбекистонга бормайдими, бир тўйга чиқиб, оғизни қимирлатиб туришининг ўзига бўйнигача пул топади, чунки ҳорижлик қўшиқчини ўғлининг тўйига олиб келибди деган гап учун ўзбек оҳирги дўпписини сотишга ҳам тайёр....” Ҳа айтандай, беш кун Лондонда юриб биронта тўйга дуч келмадик. Қаранг катта ҳашамдор тўйсиз ҳам ҳаёт ўтар экан. Бизда эса ҳамма инновациялар “катта тўй саноати”га қаратилган. Кўчада ҳар икки бинодан бири ресторан, ҳар икки хизматдан бири тўй билан боғлиқ, ёки шифоҳона ёки дорихона...Ўзим санаб кетгандим Юнус Обод туманидаги Ахмад Дониш бекатидан то кейинги бекатгача йўл юзида 8  та дорихона бор. Лондонда эса бунинг акси дорихоналар анча кам, ҳашамдор тантаналар учун мўлжалланган ресторанларни эса бироз қидиришингизга тўғри келади.

Лондонда соғлом турмуш тарзига амал қилиниши яққол кўзга ташланади. Кўчада чекиб юрган кишиларни жуда кам учратасиз.Кичик йўлаклар бўйлаб югуришаётган, велосипед ёрдамида ўқишга ёки ишга бораётган кишиларни кўплаб учратишингиз мумкин. Чехралар эса албатта бахтиёр. Уларни тўйдан қолган катта қарзлар ташвишлантирмайди-да. Вестминстер университети олдида икки қатор турган велосипедлар талабаларнинг асосий ҳаракатланиш воситаси нима эканлигини шундай намоён этиб турибди.

Тун ҳам шаҳарда ўзгача тароватли.  Керакли жойгача кўз очиб юмгунча элтиб қўйган метро поездларининг тезлиги ва аниқлигига қараб хавасингиз келади.  Бу бекатларда жимжимали нақшлар  йўқ. Оддий ва кўримсиз. Тиғиз пайтда поезд вагонларига чиқишга шошмасангиз,  қолиб кетишингиз аниқ. Лекин бир-икки дақиқада кейингиси албатта келади. 

Мен ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган қатор тренингларда машғулотлар ўтган инглиз журналисти Жон Беллдан сўрайман: Ҳақиқий инглизлар камайиб кетяпти-ку сизни бу ташвишлантирмайдими?  У йўқ дегандек, бепарво елка қисади. “Келаётган кишиларнинг билимлари, хунарлари бор, мен уларни дунёнинг энг сара кишилари дейман, улар бизнинг иқтисодимизни янада кўтаради. Ҳавотирланманг, пойтахтдан ташқарида сиз консерватив инглизларни учратасиз. Лондон эса катта ишхона”.

Ҳақиқатдан ҳам шундай кўча бўйлаб кезаркансиз, парда ёки бошқа ойна ёпқичларисиз, шаффоф деразалар ортида ишлаётган идоралардаги кишиларни кузатиш имконига эга бўласиз. Ички эшиклар ва деворлар билан ажратилмаган катта-катта хоналарда хизматчилар ўз компьютерлари олдида нималарнидир қоралаб ўтиришибди. Хатто тушлик вақтида ўша компьютер ёнида фақат ўзи учун олиб келган тушлиги билан ишлашда давом этаётганлари ҳам бор.

Лондоннинг диққатга сазовор жойларига бориш ҳам насиб этди. Темза дарёси бўйлаб дарё транвайида, ҳайдовчисиз электропоездда ва энг асосийси Лондонниннг ташриф қоғози бўлган шахар транспорти икки қаватли автобуслар - Даблдейкерларда манзиллар томон ошиқамиз. Оз фурсатда кўп жойни кўриш имкони деярли йўқ. Ўзбекистонга бир неча мартта ташриф буюрган журналист Жон Белл эса ватанини яқиндан билишимизга катта ёрдамчи бўлди. Биз ундан миллий таомлари ҳақида сўраймиз. Афсуски, миллий таомларимиз ҳам секин аста камайиб бормоқда, ҳудди соф инглизлар каби дейди, Белл. У бизни анъанавий Англия пироги пишириладиган қахвахонага олиб бормаганда, балки ҳар кўчада учрайдиган макдоналдс гамбургерлари-ю, хитой ва турк ошхоналаридан бошқасини илғамай қайтиб келган бўлардик.

Музей экспонатларида дунёнинг турли мамлакатларидан келтирилган ажойиботларни учратасиз.

Тор кўчалар бўйлаб кетарканмиз, автомобилларнинг тартибли қатнови эътиборимни тортади. Ҳамма ҳайдовчилар ва пиёдалар йўл ҳаракатига риоя этишга ҳаракат қилганлариданми, 5 кун давомида биронта ҳам тўқнашувга дуч келмадик. Тошкентнинг кенг кўчаларида эса деярли ҳар икки кунда битта йўл траснпорт ҳодисасига дуч келардим. Қоидалар риоя этилгандагина ўз кучини кўрсатади. Афсуски катта жарималар ҳам қоидабузарларни йўлдан қайтара олмайди.

Ҳа айтгандай, айни дамда Британияда фунт стерлинг пул бирлиги амал қилаётган бўлиб, сафардан аввал пойтахтимиздаги KDB bank Uzbekistanнинг Юнус-обод филиалида фунт стерлинглар олган эдик. Бу банк томонидан берилган пуллар 2017 йил май ойида истеъмолдан чиқарилганлиги сабабли тўлов имконияти бўлмади. 2013 йил 11 сентябрда Англия банки томонидан эълон қилинган қарорга биноан бу мамлакат банкноталари полимер купюраларга алмаштирилмоқда. Шу сабабли Британияга бораётган кишилар янги банкноталарни олганликларига эътиборлари қаратишлари лозим бўлади.

Ўзининг ютуқ ва камчиликларига эга бўлган Лондондан олам-олам таъсуротлар билан қайтдик. Тошкентнинг нонини еган чумчуқ яна қайтиб келади, деб айтишади, халқимизда. Биз ҳам Лондонга албатта қайтиш ниятини дилга тугиб, катта режалар билан ватанимизга қайтдик. Тошкент Халқаро Аэропортида эса бизни табассум билан қарши олишди. Юклар ҳам аввалгидек, куттирмади. Юртимиздаги ўзгаришларни “бўсағадаёқ” сезаркансиз, келажакка бўлган умид ортади. Кентимизнинг Лондон каби ривожланган давлат пойтахти даражасига етишига унчалик ҳам кўп фурсат қолмаганига умид пайдо бўлади.

                          Журналистнинг орзуси

ВВС - бу катта ахборот гигантини 2002 йилдан буён кўришни орзу қиламан. Ўшанда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетида талаба эдим. Энди жаҳон журналистикаси фани кирганди.  Тарих эсимга тушади...

British Broadcasting Corporation — Британиянинг радио, интернет ва телевидение комплекси саналади. Медиакорпорация давлатга тегишли эмас, у англия қироличаси томонидан тавсия этиладиган 12 таъсисчидан иборат назорат кенгаши томонидан бошқарилувчи жамоат ташкилоти саналади. 1922 йил 18 октябр куни  British Broadcasting Company хусусий компанияси сифатида фаолият бошлаган бўлиб, дастлаб Бирлашган Қиролликда радиоэшиттириш узатиш билан шуғулланган.   1927 йилда у миллийлаштирилган ва номи British Broadcasting Corporation сифатида ўзгартирилган. 1936 йилда BBC Television Service метрлик телетўлқинларда эфирга узатила бошлаган. Ҳозирда Би-би-си Британия сарҳадларида 20 дан ортиқ телеканалларга эга. Мамлакат ташқарисида эса BBC World Service, (БиБиСи жаҳон хизмати) орқали кеча-ю кундуз инглиз ва 40 дан ортиқ хорижий тилда бериб бориладиган телевизион ва радиоэшиттришлари билан машҳур. Айрим маълумотларга қараганда унинг дунёдаги тингловчилари сони 150 миллиондан ортади.  BBC ўз фаолиятини Хартия асосида йўлга қўйган бўлиб, унда корпорация вазифалари, тузилмаси ва ўрни аниқ белгилаб берилган. Ушбу Хартия 1927 йилда кучга кирган ва ҳар 10 йилда янгиланиб туради. BBC ҳодимлар сони бўйича медиакорпорациялар орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Ҳозирда 20 мингга яқин киши унда фаолият олиб боради. Корпорациясининг барқарор ишлаши телевизор ёки реал вақтда видео кўриш имконига эга бўлган ускуналар, шу жумладан мобил телефонларга эга Британияликлар учун жорий этилган махсус тўлов-солиқ эвазига таъминланади. Шу тариқа ҳар йили унинг бюджетига 3 ммиллиард фунт стерлингга яқин маблағ келиб тушади. ББС журналистлари ким уларни молиялаштираётганини эсда сақлашади ва халқнинг манфаатига хизмат қиладиган материал тайёрлашни асосий вазифа сифатида кўрадилар.

Интернетда ҳам Би-Би-Сининг фаоллигини кўриш мумкин.  http://www.bbc.co.uk Европадаги энг машҳур информацион сайтлардан саналади — биргина Британияда унинг саҳифасига кунига 13,2 миллион киши ташриф буюради.

Би-би-си ўзининг қоидалари жамламасини ишлаб чиққан. Бу жамламада корпорациянинг телевизион кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, онлайн мақолалар тайёрлашда таянадиган ахлоқий тамойиллари ва таҳририй қадриятлари тўпланган. Би-Би-Си академияси саҳифасида шундай маълумотга дуч келасиз:

Би-би-си журналистик қадриятларининг ўзаги мана булар: Ҳаққонийлик ва Аниқлик, Бетарафлик, Мустақиллик, Жамият манфаати, Омма олдидаги ҳисобдорлик.

Биргина ахборот  агентлиги ёки Интернет ижтимоий тармоқларида хабар пайдо бўлганига асосланиб шошилинч хабар тарқатиш тўғри эмас, бу Би-би-си учун қабул қилиб бўлмас ёндашувдир.

Би-би-си журналистикасининг ҳисобдорлик бобида алоҳида мажбурияти бор. Авваламбор, Би-би-си жамоатчилик томонидан молияланади, Британияда телевизион лицензия тўловидан тушадиган маблағни олади, сўнгра эса Би-би-сининг барча журналистлари ҳар доим жамоатчиликнинг “нега бундай қилдинг?” деган саволига нега айнан шундай қарор қабул қилганини тушунтириб беришга тайёр турмоқлари лозим.

Би-би-си журналистлари, шунингдек, турли хил манфаатлар, турли маданиятлар, ижтимоий келиб чиқиши хилма-хил бўлган катта сондаги тингловчи-томошабинларга куннинг асосий воқеасини кам ёки кўп даражада ҳикоя қилиб бериб хизмат қилишга ҳам масъулдирлар.

Бу хизматни Би-би-си қуйидагича амалга оширади:

- ана ўша хизматга мос усулда, аниқ ва лўнда хабар тарқатиш билан

- тингловчи-томошабинга “юқоридан келиб” гаплашмаслик билан

- нима ҳодиса юз берганини тушунтириб бериш, нега бу муҳим деб кўрилиши, аудиторияга нақадар дахли борлиги нуқтаи-назаридан ойдинлик киритиш билан

- қабул қилинган таҳририй қарор учун омма олдидаги жавобгарликдан қочмаслик билан

- хатоларни тузатиш ва бу хатолар учун расман кечирим сўраш билан.

Хатолар

Янгилик тарқатадиган бирор бир ташкилот ҳам, бирор бир журналист ҳам хато қилмасликдан кафолатланган эмас.

Сиз аниқ, ҳаққоний ва холис хабар тарқатишга жон-жаҳдингиз билан ҳаракат қилсангиз ҳам баъзан қандайдир хатога йўл қўйишингиз мумкин. Бунга ё вақт тиғизлиги, ёхуд ҳали барча фактлар ошкор бўлмасдан туриб ахборот тарқатишга тўғри келиб қолгани сабаб бўлиши мумкин.

Вақт қисқалиги босими остида қарор қабул қилишга тўғри келган; жуда юзаки ёки эрта хулоса чиқарилган; экранда кўрсатилаётган кадрлар айтилаётган гапларга тўғри келмайди.

Кўплаб журналистлар учун “узр” дейиш бажарилиши энг мушкул юмуш бўлиши мумкин. Бироқ хатога йўл қўйганингизни тушуниб етганингиз ҳамоно тезлик билан кечирим сўраш аудиториянинг сизга бўлган ишончини қозониш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ишнинг бир қисми ҳисобланади

        Интернетда бу каби маълумотларни ўқиб борар эканман, Би-Би-Си  медия экшн биносига етиб борганимизни ҳам сезмай қолиман. Дастлабки машғулот видеожурналист Жонни Рутерфорд томонидан олиб борилди. Корпорация ҳодимларга кетадиган ҳаражатларни қисқартириш мақсадида, маълум вақт ўзи суратга олиб ўзи матн тайёрлаб ўзи монтаж қилиб эфирга узатадиган видеожурналист ҳодимларнигина ишга олишга ҳаракат қилган. Жонни Рутерфорд бу тажриба ҳаммада ҳам оқламаганини ва яхши видеожурналистлар саноқлигина бўлганини таъкидлаб ўтди. Унинг машғулотидаги энг асосий тамойилни эса албатта ёзишни лозим топдим. Бешлик тамойили: 5 та кадр, 5та савол, 5 та гап, 5 та хиссиёт.

“Демак, сиз ўз материалингизда нима,қачон,қаерда,нима сабабдан ва қандай, деган саволларга жавоб топишингиз керак. Унинг жавоби эса иложи борича лўнда ва аниқ бўлиши  ва бир жойдан камида 5 та тарафдан тасвирга олишингиз керак. 5 ҳиссиёт эса кўриш, эшитиш, сезиш, ҳид билиш ва жараённи тасаввур этишдан иборат. “Сиз томошабинга қандай қилиб жараённи исигача етказаман деб ўйлаяпсизми, бу жуда оддий сиз унга буни айтасиз ёки ишора берасиз” – дейди Жонни Рутерфорд.

 Семинарнинг иккинчи куни махобатли бош қароргох, Портланд Плейс даги Би-Би-Си Бродкастинг Хаусда ўтди. Бугунги кунда энг машхур шоулардан бири бўлган Виктория Дербишернинг дастури қандай тайёрланиши ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Ушбу дастур 2015 йилдан буён йўлга қўйилган бўлиб, унда ранг баранг мавзулар кўтарилади. Биз кўрган дастурда кўтарилган мавзулардан бири ижарада яшовчи кишиларнинг муаммолари, яна бири эса туғруқхонада тиббиёт ходимларининг нотўғри ҳаракатлари сабабли ногирон ёки ҳалок бўлган болалар ҳақида эди. Лавҳада келтирилишича, Лондонда айнан туғилиш вақтида шифокорлар томонидан бир кунда 122 та хато қайд этилган. Биз яна ўзаро имо ишора қиламиз. “Буларда ҳам тиббиётда муаммолар бор экан... “

         Бирон мавзу кўтарилишидан олдин у ижтимоий тармоқларда муҳокама қўйилади. Агар мавзуга катта қизиқиш билдирилса кейин у телеэкранга олиб чиқилади. Бу кўрсатувга кўпроқ ёшлар жалб қилинган бўлиб, асосан оддий халқни қийнаётган масалалар экранга олиб чиқилади. Муаммо фақат ҳикоя қилиш билан эмас, балки таҳлил билан эфирга чиқишга ҳақли. Яъни муаммонинг борлиги эфирга берилгандан сўнг уни халқ қандай қабул қилгани ва қўшимча далиллар тўўпланади ва масалани ечими қанддай бўлди, натижалар ҳақида яна лавҳа тайёрланади. Асосийси ҳамма вазифалар тақсимланган. Кимдир лавҳалар кетма-кетлиги ҳақида қайғурса яна кимдир, тинмай ижтимоий тармоқларда мавзу қидириш ва муносабатларни ўқиш билан оввора.

            ВВС интернет билан рақобатда ўз ўрнини жуда ажойиб йўл билан тиклашга эришди. Бир неча йил аввал биз учун айтайлик энг асосий рақобатчи радионинг эрталабки дастурлари эди. Ёки биз асосан кечки дастурларга энг асосий махсулотимизни асраб ўтирар эдик. – дейди, муҳаррир Верити Мерфи, - энди эса рақобат эмас, ҳамкорлик орқали ўз фаолиятимизни ривожлантираяпмиз. Яъни у ягона ВВС махсулоти сифатида эфирга берилади. Энди ўйлаб қарасам, биз ўша вақтда халқни эмас, ўзимизни ўйлаган эканмиз. 2008 йилда ўтилган умумий режалаштириш орқали бу холатларга чек қўйилди. Энди радио ёки сайт иккинчи даражали эмас. Ҳаммасига баробар эътибор қаратамиз ва мухлислар ҳам уларга баробар қарашади. Биз нимани кўрсак, шуни тасвирлашга ортиқча сиёх бермасликка ҳаракат қиламиз.  Масалан ҳозир мухолиф партиянинг хатоси эфирга тайёрланаяпти.

             Информацион дастурлардан бошқаларда, хусусий продакшн компаниялар билан имзоланган шартномаларга биноан мустақил муаллифлар кўрсатувлари ҳам буюртма қилинади. Корпорация таркибидаги телеканаллар алоҳида мавзу ва аудитория  бўйича ажратилган бўлиб, ВВС-1 да асосан янгиликлар ва долзарб мавзулар муҳокамаси, ВВС-2 ҳужжатли филмлар, маданий, ошпазлик дастурларини кўриш мумкин. ВВС-4 да эса маданияй маърифий дастурлар ва тахлилга эътибор қаратилади. ВВС-3 ёшларга биғишланган бўлиб, икки йилча аввал уни умумий эфирдан олиб ташланган ва уни фақат махсус буюртма асосида кўриш мумкин. Болалар учун эса алоҳида 2 та канал фаолият олиб боради. Шунингдек, Англия учун алоҳида, Шотландия ва шимолий Ирландия учун алоҳида ва дунё учун алоҳида дастурлар намойиш этилади.

BBC ўзбек хизматида

    Шу куннинг яна бир учрашуви ВВСнинг ўзбек хизмати вакиллари билан бўлди. Би-Би-Сининг Ўзбекистон тахририяти 1994 йил ноябр ойида ташкил этилган. 2005 йилгача Тошкнтда идораси фаолият олиб борган. Ҳозирда яна мухбирлик пункитини очиш усида музокаралар олиб борилмоқда. Ҳизматда 10 нафарга яқин киши фаолият олиб боради. Радиотўлқинлар орқали ва Интернетда бериб бориладиган лавҳа ва мақолалардан ташқари Афғонистон телевидениесига ўзбек тилида ҳар куни 10 дақиқалик янгиликлар дастури ҳам хизмат томонидан бериб борилмоқда. Ватандошларимиз билан бўлган сухбат қизғин ўтди, десам муболаға бўлмайди. Ўзбекистондаги кейинги ислоҳотларни кўриб рухландик, дейди ББС ўзбек ҳизмати муҳаррири Хайрулла Файз. Айниқса Оммавий ахборот воситаларидаги мавзуларнинг хилма хиллиги, муаммоларнинг бемалол кўтарилаётгани мени журналист сифатида қувонтиради. Асосан танқидий мақолалар билан ўз аудиториясига эга бўлган ўзбек хизмати мана шундай рақобат шароитида қандай стратегияни тутади, деган саволимизга, эса энди янада кўпроқ изланишимизга тўғри келади.- деб, жавоб берди Хайрулла Файз.-Дарҳақиқат бугун маҳаллий ОАВ томонидан энг оғриқли нуқталар ҳам тилга олинаяпти.

Аудитория

 ВВСнинг аудитория билан ишлаш амалиёти ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу сабабли ҳам медиатур давомида бир кун айни шу мавзуга қаратилди. Аудитория билан ишлаш маркази рахбари Ник Норзнинг таъкидлашича, дини, ирқи, миллатидан қатхъий назар кўрсатувлар ҳаммабоп бўлиши учун алоҳида эътибор қаратиладиган жихатлар мавжуд. Масалан интервьюлар олинганда бу балансга албатта эътибор қаратилади. Аудитория биздан нималарни талаб қилади, биласизми, сўзида давом этади Ник:

  • Янгилик бер,
  • Трендда нима? менга айт,
  • Чуқурроқ тушунтир,
  • Мени ўқит,
  • Ҳайратга сол,
  • Ҳамкорлик қил.

Биз айни шу талабларни бажаришга ҳаракат қиламиз. Аудитория билан ишлаш ВВСнинг асосий йўналишларидан саналади. 70 йилдан ортиқроқ вақтда айни шу қоидага амал қилинади. Бунда сўровлар ва тадқиқотлар каби усуллардан фойдаланилади. Янги йўналиш бу рақамли аналитика бўлиб, ҳозирга қадар икки миллионга яқин киши бу тадқиқотларда иштирок этиш ниятини билдирган. Ҳамма саволлар сўралади: Ким қайси канални кўраяпти, қайси дастурга қизиқиш баланд, қайси дастур ўз мухлисларини йўқотаяпти, ҳаммаси ўрганиб борилади. Интернетда сўровлар ўтказишдан ташқари махсус пултлар орқали ҳам бу жихатлар ўрганилади. Сўровда иштирок этаётган кишилар ўзига ёққан ёки ёқмаган кўрсатув берилаётганда  махсус пултни тегишли тугмачаларини босишади. Бу сўровларда аҳолининг барча қатламлари вакиллари иштирок этишади.

Мухтасар айтганда, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида 2017 йилнинг декабр ойида уюштирилган ушбу медиатур маълумотларга шу қадар бой эдики, унда иштирок этган ҳар бир журналист фаолиятида янги саҳифа очилишига туртки берди. 

      Нозима Тошпўлатова, журналист 

 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82