• 20 февраль GMT +05:00
  • 8182.73
  • 10158.86
Халқ қаттиқ меҳр қўйган АВТОТЕСТга DIA.UZ жавоби
13.02.2018 12:58:46
8983 Ўзбекистон

Сайтимизда 10 февраль куни  блогер Мирзо Субхановнинг  «Автотест фириблари фош бўлди» мақоласи эълон қилинди. Мақола эълон қилингач мазкур фирма раҳбарияти бизга қўнғироқ қилиб мақолани олиб ташлашни акс ҳолда прокуратурага мурожаат қилишга мажбур бўлишини айтди. Шунингдек, бизга расмий хат билан  чиқди. Хатда ва оғзаки равишда фирма вакили бизга блогер келтирган маълумотлар асоссизлигини айтиб, бизни халқда мазкур фирмага нисбатан адоват ўрнатишда ва омма фикрини заҳарлашда айблади.

Биз мувозанатни сақлаган ҳолда блогер ва «AVTOTEST REPORT» МЧЖ нинг ҳам расмий жавобини эълон қилишимизни айтишимизга қарамасдан, фирма номидан бизга чиққан шахс мақолани зудлик билан олиб ташлашни талаб қилди ва босим ўтказди. Шу билан бирга бизга интервью беришини ва барча саволларимизга ойдинлик киритишни, эшиклари биз учун очиқлигини ва бемалол бориб интервью олишимиз мумкинлигини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, биз мақолани олиб ташладик ва изоҳ қолдирдик.

Мақола олингач эса «AVTOTEST REPORT» МЧЖнинг бизга берган ваъдаси ёддан чиқди ва биздан фақат расмий ёзма саволлар жўнатилса уларга ана  шундай расмий жавоб бўлишини айтиб, “келиб интервью олишингиз мумкин”, деган ваъдаларни унутди.

Блогернинг изланишларига қайтсак. У аввал эълон қилган мақола асоссиз эдими?

Буни Мирзо Субханов шундай изоҳлайди:            

"Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика қўмитаси сайтидаги расмий маълумотларга кўра: «AVTOTEST REPORT» МЧЖ (СТИР302368520) «кичик тадбиркорлик субьектига мансуб эмас», «AVTOTEST SAMARQAND» МЧЖ (СТИР305121289) эса «кичик тадбиркорлик субьектига мансуб». Бу дегани «AVTOTEST SAMARQAND» МЧЖ ўзининг таъсисчиси «AVTOTEST REPORT» МЧЖ (СТИР302368520)дан 2,5 баравар кам солик тўлайди."

 

Блогер шундай ёзади:

"2000 йил 25 майда қабул қилинган Ўзбекистон республикаси «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига асосан: «Лицензиялар тегишли бланкларда расмийлаштирилади. Лицензияларнинг бланклари қатъий ҳисобот ҳужжатлари ҳисобланади, улар ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши лозим».

Юқоридаги ҚОНУН ҳужжатига асосан «AVTOTEST SAMARQAND» МЧЖ (СТИР305121289)га берилган қатьий рақамланган ва ҳимояланганлик даражасига эга лицензия бланкаси нима учун мавжуд эмас?

Юқоридаги қонуннинг 25-моддасига асосан: «Лицензияси мавжуд бўлган корхоналар туғрисидаги маълумотлар лицензияловчи орган (Вазирлар Махкамаси) нинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади» дейилган.

Вазирлар Махкамаси сайтида на «AVTOTEST SAMARQAND» МЧЖ (СТИР305121289), ва на бошқа вилоятларда фаолият олиб бораётган профилли корхоналар тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Шунингдек, Лицензиясиз фаолият юзасидан корхонага келиб тушган даромадлар тўлиқ равишда 100% давлат фойдасига мусодара қилиниши мумкинлигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

«AVTOTEST REPORT» МЧЖ нима учун вилоятларда филиал очмади?

Корхонанинг учинчи ширкатлар орқали лицензиясиз фаолият олиб бораётганлигини солиқдан қочиш ва даромадларни яшириш мақсади билан изоҳлаш мумкин.

Автотест, жаҳон тажрибасида кузатилмаган, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимидаги оламшумул инновацияларни яратган бўлсада, солиқ ва лицензия борасида яратган яна бир янги «инновация»си, унга панд бериб қўйди.

Автотест, монополист сифатида, ўзи қўйган «лицензион тузоқ»қа ўзи тушди.” – деб ёзади блогер.

Блогер маълумотлари Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосланмоқда. Уларни туҳмат дейишдан йироқмиз. Қолаверса автотест раҳбарияти билан телефон суҳбатда бизнинг “«AVTOTEST SAMARQAND» МЧЖ нинг  лицензияси борми? Бизга “ҳа” ёки “йўқ”, деб жавоб беринг”- деган саволимиз жавобсиз қолди. МЧЖ вакили бизга фақатгина Вазирлар маҳкамаси қарорини пеш қилди. Ҳўш, унда бошқа қонунларчи? Лицензиялаш тартибичи? Қаерда хатолик кетмоқда? Хулосани очиқ қолдирамиз.

Зеро, автотест вакили бизга  DIA.UZ  оммада уларга нисбатан салбий муносабат уйғотаётганини таъна қилди. Уларнинг фикрича одамлар «AVTOTEST REPORT» МЧЖнинг ҳар икки йилда малака оширишдаги фаолиятини қўллаб қувватламоқда. Ишонинг биз одамларда «AVTOTEST REPORT» МЧЖга нисбатан адоват уйғотиш ниятимиз йўқ. Шундай экан, ҳулоса очиқ қолсин. Муносабатингизни кутиб қоламиз.

Анора Содиқова

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82