• 15 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
Тошкент шаҳрининг қоқ марказидан тарихий фоторепортаж
26.03.2018 12:56:41
1467 Ўзбекистон

 "Ўқчи"га баҳор келди. Пойтахт-шаҳарнинг қоқ марказида катта қурилиш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, она табиат ўз сўзини айтмоқда — дарахтлар қийғос гуллаган, оқ, пушти ва сариқ гуллар, ям-яшил майсалардан баҳорий ифор таралади.

Бу ерлар бир вақтлар ҳунармандчилик, савдо-сотиқ марказларидан бири бўлган. Қадим карвонлар Тошкентнинг Қўймас (Қатағон) дарвозасидан «Ўқчи» маҳалласига кириб келган. Анҳорнинг сўл соҳилида қад кўтарган Тали Қўймас қўрғони ва дарвозани Қатағон ва Қиёт уруғига мансуб ўқчи сарбозлар қўриқлаган. Шу боисдан маҳалла «Ўқчи» номи билан юритилган (манба: «Тошкент» энциклопедияси, 2009 йил).

Энди бу ерлар «Ўқчи» деб аталмайди, эски, пана-пастқам уйлар, тор ва эгри-бугри кўчалар ўрнида замонавий ишбилармонлик маркази бунёд этилади. Маҳалла ўрнида маҳобатли осмонўпар бинолар қад ростлаб, чинакам савдо ва ишбилармонлик маркази — Tashkent City`га айланади.

Айни пайтда маҳалла аҳолиси кўчиш, уйларни бузиш, қурилиш ашёларини йиғиштириш ва олиб кетиш билан банд. Ҳар қаёқда юк машиналари, экскаватор, ишчиларни кўрасиз. Бир тараф уюм-уюм тупроқ бўлса, бир томон ҳали қўл тегмаган бинолар…

Қадимий маҳаллада кишини ғалати ўй-хаёллар қуршаб олади. Ўтмиш ва келажак чегарасида иккиланиб қоласиз ҳам: бу ерлар тарихий жойлар, бу иншоотлар ўтмишдан сўзлайди, мўъжаз туризм марказига айлантириш ҳам мумкин эди, дейсиз. Иккинчи томондан эса шаҳар марказида гўёки кимсасиздек кичик маҳалла ўрнида шаҳар ҳуснига ҳусн, кўркига кўрк бағишловчи, келгусида нафақат Тошкент, балки бутун Ўзбекистоннинг фаҳру ифтиҳорига айланиши мумкин бўлган халқаро ишбилармонлик марказининг бўлиши барча учун манфаатли деган фикрга борасиз.

Cанжар Рустамов

Фото:

gazeta.uz

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82