• 15 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
Боғчада болани урган тарбиячига қандай жазо берилди?
02.04.2018 10:13:11
3816 Ўзбекистон

 30 март куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги боғчалардан бирида тарбиячи болаларни ураётгани қайд этилган видеоёзув тарқалганди. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ушбу ҳолат юзасидан тезкор гуруҳ тузилиб, суриштирув ишлари олиб борди.

Суриштирувлар давомида мазкур видеоматериал 27 март куни Жиззах шаҳридаги №39 “Наврўз” мактабгача таълим муассасасида, шу боғчада амалиёт ўтаётган Жиззах давлат педагогика институти 1-курс талабаси томонидан суратга олингани ва ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилгани маълум бўлди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, боғча тарбияланувчиларини ураётган тарбиячи эса шу боғчада 2007 йилдан буён ишлаётган олий маълумотли, педагог (Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган), 1981 йилда туғилган Моҳира Имматовна Маматқулова эканлиги аниқланди.

Суриштирувлар чоғида тарбиячи М.Маматқулованинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчилик кузатилмаганлиги, ўша куни эса у оилавий муаммолари туфайли асабийлашганлиги ва кайфияти йўқлиги сабаб тарбияланувчиларни куч ишлатиш йўли билан тинчлантиришга ҳаракат қилганлигини баён этилган.

Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисмига биноан тарбиячи М. Маматқулова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, қонуний чора кўриш учун Жиззах шаҳар прокуратурасига ҳужжатлар топширилган. Ҳозирда прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, мазкур мактабгача таълим муассасасининг мудираси вазифасини 27 март кунидан буён бажариб келаётган Нафиса Гулмуротова, тарбиячи ёрдамчиси Дилбар Хамроева ҳамда ҳамшира Гулноза Холмаматовалар билан тузилган меҳнат шартномалари ҳам бекор қилинган.

31 март куни Жиззах шаҳрида Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти, Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси, туман ва шаҳар мактабгача таълим бўлимлари раҳбарлари, Жиззах шаҳридаги барча МТМ мудиралари ва тарбиячилари (жумладан, “Наврўз” номидаги №39 МТМ ходимлари) иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, бундай ноҳуш ҳолатларни такрорламаслик ва ҳар бир ходим ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди. 

Йиғилиш давомида ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи Фахриддин Қодиров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82