• 24 апрель GMT +05:00
  • 8068.17
  • 9899.64
ДАҲШАТ: Чинозлик эркак қабристондаги ертўлани уй қилиб яшамоқда
22.03.2018 07:48:56
4615 Ўзбекистон

Тошкент вилояти Чиноз туманидан Виктор Савкин ҳозир 51 ёшда. Ўзи яшаётган Обиҳаёт маҳалласидаги Ўқитувчилар кўчасида илгари ота-онаси билан яшаган уйи бўлган. Бироқ тақдир тақозоси ва кундалик турмушда учрайдиган айрим сабаблар оқибатида ота-онаси вафот этгач, тушкунликка тушиб қолади. Маҳалладаги ўзи яшаётган хонадон бошқанинг номида бўлгани учун қариндошлари уйни сотиб юборади. Бир муддат қариндошларининг уйидан паноҳ топгандай бўладию, аммо ўзи яшаб турган уйга сиғмаган инсон бировникига ҳам сиғмас экан. Қандайдир сабабларга кўра, В.Савкин борар жойи бўлмагач яна маҳалласига қайтади.
Бу масала юзасидан суриштириб, тумандаги “Обиҳаёт” маҳалласига бордик.
Маҳалла аҳолисининг таъкидлашича, мана бир неча йилдирки В.Савкин ноиложликдан ота-онаси дафн қилинган маҳалладаги христианлар қабристони атрофидаги бўш ерни ковлаб, ўзига “кулба” қуриб яшамоқда. Шундай бўлса-да маҳалладошлари уни ташлаб қўйгани йўқ. Ўз вақтида овқат, кийим бош билан таъминлаган. Қўшни “Ёввош” маҳаллада яшовчи Қалман ота Эргашев шундай инсонларга қўлдан келганча ёрдам беришга, оғирини енгил қилишга ҳаракат қилади. Унинг ўғли шу маҳаллада В.Савкин билан эски қўшни.
– Ҳар сафар набираларимни кўргани келганимда, бу одамни кўчада ҳорғин юрганини кўрсам ачиниб кетаман, – дейди Қ.Эргашев. – Ўғлимга ҳам доим қурби етганича Викторга ёрдам беришини айтаман. Бу ишни шу ҳолича қолдириш керак эмас. Ҳар ҳолда инсонмиз Виктор ҳам шу жамиятимизнинг аъзоси-ку.
Бу ҳолат бўйича Обиҳаёт маҳалласи раиси А.Тешабоев билан гаплашиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Аммо маълум сабабларга кўра, уни тополмай, қўл телефонига ҳам боғлана олмадик. Шундан сўнг, туман ҳокимлигида Халқ депутатлари туман кенгаши депутати Ханифа Собирқулова билан суҳбатлашдик.
– Фуқаро В.Савкинга маҳалла ва кенг жамоатчилик билан бирга ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламиз, – дейди Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Х.Собирқулова. – Бошига тушган бу савдоларга қарамай бошқалардан ёрдам олишга тортинади. Аммо бирор муқим жойда ишламаганлиги, тураржойи бўлмагач яшашга қийналади. Унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати ўзида эмас. Бир неча йил олдин ким олиб қўйганини ҳам билмайди. Ҳозирда шу масала бўйича иш олиб боряпмиз. Тез фурсатда В.Савкинга яшаш учун жой топиб, бандлигини ҳам таъминлашга ҳаракат қиламиз. Унинг эҳтиёжмандлигини ҳисобга олиб, саломатлигини тиклаб, моддий ёрдам кўрсатамиз.
Мутахассиснинг муаммога ечим топишини ва тез фурсатда фуқарога тураржой ажратишига умид қиламиз.
Давлатимиз томонидан ногирон, ёлғиз кексалар, аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларининг тўлақонли ҳаёт кечиришини таъминлаш учун уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундай экан ҳудудларда учрайдиган юқоридаги каби ҳолатларни ўз вақтида олдини олиш ва уларга қўлдан келганча кўмак бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Абдулазиз Мусаев

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82