• 21 июль GMT +05:00
  • 7787.81
  • 9100.06
Ўзбек кинокомиссияси тақдимоти 71-Канн халқаро кинофестивалида  бўлиб ўтади
14.04.2018 21:07:16
1077 Ўзбекистон

Эндиликда Ўзбекистонда суратга олинадиган хорижий фильмлар  кинокомиссия орқали амалга оширилади

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ёш киноижодкорлар кенгаши қошида Ўзбекистонда кино туризмини ривожлантириш ҳамда хорижий  кинокомпанияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни тасвирга олиш ишларида ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник хизматларни кўрсатиш бўйича доимий фаолият юритадиган махсус ўзбек кинокомиссияси ташкил этилди.

Юқорида номлари келтирилган ташкилотлар бундан буён республика ҳудудида фильмларни тасвирга олиш учун хорижий кинокомпанияларни кенг жалб қилиш ҳамда уларга халқаро тажриба асосида киносервис хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилишади.

Кинокомиссиянинг асосий вазифалари – хорижий инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш, хорижий кинокомпаниялар юртимиз ҳудудида қулай шароит яратиш, уларга ташкилий ва техник хизмат кўрсатиш, уларнинг маҳаллий киностудиялар билан ҳамкорликда фильмлар (копродукция) ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш, Ўзбекистонда суратга олинаётган хорижий картиналарга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш, республиканинг диққатга сазовор жойларида тасвирга олинган фильмларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини намоён қилиш ва кинотуризм соҳасини ривожлантиришдан иборатдир.

Ҳозирда кинокомиссиянинг сайти uzbekistanfilmcommission.com ишга туширилиб, унда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда комиссия томонидан кўрсатиладиган асосий хизматлар ҳақида ахборот акс эттирилган.

Кинокомиссиянинг фаолияти Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш, инфраструктурани ривожлантириш, мамлакатга инвестиция жалб қилишга қаратилган.

Мазкур кинокомиссия шу йилнинг май ойида Францияда бўлиб ўтадиган 71-Канн халқаро кинофестивали доирасидаги “Uzbekistan” павильонида тақдимот қилинади. 

Тез орада ўзбек кинокомиссиясининг штаб квартираси Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган халқаро кинокомиссия асоциациясига аъзо бўлиш масаласи ҳал этилиши кутилмоқда.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82