• 21 июль GMT +05:00
  • 7787.81
  • 9100.06
Ўзбекча жумбоқ: касалхонада йўқ, масжидда бор, тез ёрдамда йўқ, таксида бор
06.03.2018 16:48:33
6004 Ўзбекистон

Тез ёрдамга қўнғироқ ёки 30 йил ортга қайтиш...
Бугун мен бир вақтнинг ўзида икки тарихий даврда яшётганимни хис қилдим. Эрталаб ишга бориш учун таксига интернет орқали буюртма бердим. Такси интернет орқали манзилимни аниқлаб айтилган вақтда эшигим олдида хозир бўлди. Борар манзилимни айтганимдан сўнг таксичи навигацияси орқали манзилни топиб бир зумда элтиб қўйди, телефонимда кўрсатилган нархни унга тўлаб машинадан тушдим. Кечга бориб уйга қайтганимда фарзандимни мазаси қочди. Истмаси баланд бўла бошлади. Дори дармон ва бошқа муолажалар кор қилмагач “Тез ёрдам” чақиришга мажбур бўлдим. 103 рақамини терганимдан сўнг, гўшакнинг нариги тарафидан саволлар кетма-кетлиги ёғилди. “Ким касал?, Беморнинг ёши неччида? Нима бўлди?”, каби саволлардан сўнг, манзилни аниқлаштиришга ўтдик. “Фалон кўча, фалон рангли магазин ёнидан чапга....”   Аранг манзилни қайд қилиб олган ходим яна "тез ёрдам" шифокорлари уйимизни топа олмасалар  аниқлаштириш учун  қўл телефонимизга қўнғироқ қилишлари мумкинлиигини айтди ва хушёр туришимизни сўради. Орадан 20 дақиқа ўтгач "Тез ёрдам" машинаси адашиб ўтиб кетмасин, деб кўчага чиқиб пойлаб туришга қарор қилдик. Ҳаёлимда худди таксидаги инновациялар бошқа даврда юз берган-у, мен энди 30 йил ортга қайтгандек эдим.

Таҳоратхонадан касалхонага
 Деярли ҳар ойда юртимизнинг қайсидир бир гўшасида янги масжид таъмирланганини эшитяпмиз. Маҳалламиздаги жомъе масжиди ҳам бадавлат қўшнимизнинг саҳовати билан қайта таъмирланди. Таҳоратхоналари янгиланиб, одамлар учун тоза қулай шароит яратилди. Масжидимизни сайр қилиб тўғриси кўнглим кўтрилди. Масжиддан чиқиб, бетоб ётган қариндошимизни кўргани шаҳар касалхоналаридан бирига бордим. Бетоб танишим аҳволи бироз оғирроқ бўлгани учун унга  чой дамлай деб, касалхона ошхонасига кирдим. Ошхонанинг танг аҳволи, санитариянинг нол даражада эканлигини кўриб бу ердаги беморларга ачиниб кетдим. Хожатхонанинг аҳволини эса ёзишнинг ўзи ноқулай. Инсонни  касал аҳволда шундай шароитда сақлаш бу уни жазолаш билан тенг бўлса керак. Қайтишда касалхонадаги шароит билан агар уни “шароит” деб бўлса масжидда яратилган қулайликларни  солиштириб ўйлаб кетдим.  Назаримда шифохонанинг аҳволи кўпроқ масжидга ҳайрия қўлини чўзган саҳийларнинг ёрдамига мухтож эди.

Анора

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82