• 21 июль GMT +05:00
  • 7787.81
  • 9100.06
Самарқанддаги машина олиш орзусига етиштирувчи Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи сохта бўлиб чиқди
28.03.2018 05:22:23
4918 Ўзбекистон

Халқимизда тирноққа зор оилалар фалон  ерга, касалмандлар фалон жойга бориб жонлиқ сўйиши керак, зиёрат қилиши керак деган фикрлар кўп учраб туради. Шу каби афсоналардан бири Самарқанд вилояти, Нуробод тумани, Оқсой қишлоғидаги халқ орасида  Ҳазрати Довуд ёки  Темир Пири зиёратгоҳи деб номланувчи тепалик билан боғлиқ. Халқ орасида тарқалган афсонага кўра тезроқ машина олишни истаган одамлар Темир пири ғорини зиёрат қилса тезроқ орзуси ушалади. Оқсойдаги ғорда одам қўли панжаси билан боғлиқ излар бўлгани сабабли у ерда Темир пири бўлгани айтилади. Ислом дини манбаларига кўра темир, тош ва тоғлар Ҳазрати Довуд алайҳиссалом номи билан боғлиқ бўлгани учун бу ғорда Ҳазрати Довуд алайҳиссалом бўлгани ҳам айтилади.

Бир неча йиллардан бери Оқсой ғорига мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ойига 10 мингга яқин зиёратчилар ташриф буюради. Табиийки зиёратчилар кўп бўлганлиги сабабли бу жой вилоят ҳокимлиги томонидан таъмирланиб, сўлим гўшага айлантирилган. Ғор афсонаси минглаб маҳаллий сайёҳларни жалб қилиши ижобий ҳолат. Лекин, ғорни Ҳазрати Довуд алайҳиссалом билан боғлаш қанчалик ўринли? Ҳамда мусулмон одамларни бу ғорга кириб ният қилган одам машина сотиб олишига ишонтириш ва дават қилиш қанчалик тўғри?

Айнан шу масала юзасидан таҳририятимизга Самарқанд вилоятидан фуқаро хат билан мурожаат қилди.  Хам муаллифи Оқсой ҳори Ҳазрати Довуд алайҳиссаломга алоқадор эмаслиги ва у ер авваллари қўйхона бўлганини ёзади. Бу ҳақда у тегишли идораларга хабар бериб мурожаат қилган бўлсада амалий чоралар кўрилмаганини ёзмоқда.

ХЎШ АСЛИДА ДОВУД АЛАЙҲИСАЛОМ САМАРҚАНДГА БОРГАНМИ?

 Бу савол билан интернетга юзлансак бир қатор Довуд алайҳисаломнинг Самарқанддаги айни шу Оқсой ва Меҳнаткаш қишлоқлари ҳудудида жойлашган ғорга алоқадор эканлигини тасдиқловчи маълумотлар топилади. Аммо, бу маълумотларни бераётган манбалар илмий характерга эга бўлмаган сайёҳлик йўналишидаги бир қатор сайтлардир. Уларда келтирилишича Жинлар Довуд алайҳисаломни ҳордиқ чиқариш учун шу тепаликка олиб келган. Яна бир манбанинг (википедиа) далолат беришича Довуд алайҳиссалом зардўштийларга қарши курашиш мақсадида ушбу тоғ яқинига келади ва жангда улардан беркиниш учун Оллоҳдан паноҳ сўрайди. Оллохнинг инояти билан тоғ орасида ғор очилиб унга Ҳазрати Довуд алайҳисалом кирадилар. Самарқанддаги қатор зиналар олиб чиқувчи тепаликда айнан шу афсонада келтирилган ғор борлиги айтилади. Бироқ юқорида айтганимиздек бу афсоналарни келтирган интернет манбалари илмий ҳарактерга эга эмас.   Википедиаэлектрон энциклопедиясини ҳам академик  манба сифатида қабул қилиб бўлмайди. Айрим интернет сайтларида зиналардан чиқиб, ғорга кириб ният қилинса у албатта ижобат бўлиши ёзилади. Зиналар жуда узунлиги ва баландликка олиб чиқиши билан одамга қийинчилик туғдиргани сабабли у ерда от, эшак хизматлари пуллик таклиф қилиниши ҳақида зиёратда бўлган юртдошларимиз ва сайёҳлик сайтлари далолат бермоқда.

ИЛМИЙ МАНБАЛАР НИМА ДЕЙДИ?

“Пайғамбарлар қиссаси” рисоласида Довуд алайҳиссаломнинг Бани Исроилга подшоҳ бўлганлари айтилади. Довуд алайҳиссаломга ҳақиқатан тоғлар бўйсундирилгани ҳақида маълумот бор. Бироқ, у зотни Самарқанд ҳудудига сафар қилишлари борасида фактлар топилмади.

“Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни бўйсундириб қўйган эди. Тоғлар у зот билан бирга Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбеҳ айтар эди. Довуд алайҳиссалом Пайғамбар бўлишлари билан бирга, подшоҳ ҳам эдилар. У зотнинг салтанатини Аллоҳ таоло кучли қилиб қўйган эди. Довуд алайҳиссалом юз ёшга етганларида бу дунёдан ўтдилар.

Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди.”- дейилади манбада.

Шунингдек, диний нуқтаи назардан қаралганда  ҳар бир Пайғамбар қайсидир хурофотга қарши курашиш учун юборилган. Довуд алайҳиссалом Мусо ва Ҳорундан кейин келиб, қавмини ширк, бут ва санамларга сиғинмасликка чақиргани айтилади. Зўрдўштийлик ва оташпарастликка қаши курашганини тасдиқловчи фактлар йўқ. “Сохта” зиёратгоҳ “илм эгалари”нинг ва айрим интернет манбалар далолат беришича  Оқсой ғорига Довуд алайҳиссалом зардўштлик ва оташпарастликка қарши курашиб келиб қолган.

Яна ғорда зиёратчиларга Довуд алайҳиссаломнинг панжалари изи борлиги айтилади. Илмий манбаларга кўра ҳақиқатан Довуд алайҳиссаломга темир юмшоқ қилинган. “Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У зот темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, қўллари билан шуни ясай олар эдилар.” – дейилади манбаларда. Балки, шунинг учун ҳам зиёратчилар тоғ деворидаги панжалар Довуд алайҳиссаломга тегишли эканлигига ишонарлар. Яъни бу факт уларни чалғитар деган таҳминга ҳам бориш мумкин. Бироқ, юқоридаги манбаларга таянилса Ҳазратнинг Самарқандга борганларини тасдиқловчи исломий хужжатлар йўқ. Довуд Алайҳиссалом Бани Исроилда подишоҳлик қилиб, ўша ерда вафот этганлар. Бу ғорни Довуд алайҳиссаломга боғлаб  уни замонавий орзу-ҳавас машина орзусига элтувчи зиёратгоҳ дейиш билан Оқсойга келувчи маҳаллий сайёҳлар сонини орттириш мумкин. Бироқ, бу борада дин мутахассислари нима дейди?

 ДИН ПЕШВОЛАРИ НИМА ДЕЙДИ?

Биз бу масала юзасидан Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги, дин ишлари бўйича қўмитага мурожаат қилдик. Улар доимгидек хат билан чиқишни сўрадилар ва бу кўтарилган масала уларнинг ваколатига кирмаслигини айтиб ўтишди. Қўмита бизни Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш ҳайрия жамғармасига мурожаат этишимизни сўради.

Ҳайриятки мусулмонлар идорасида масалага жавоб топгандек бўлдик.  Маълум бўлишича Оқсойдаги ғор қадамжо сифатида мазкур жамғарма томонидан рўйҳатга олинмаган. 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси, фатво бўлими мудири  Ишматбеков Ҳомиджон бу ҳақида шундай деди:

“Илмий манбаларда Ҳазрат Довуд Алайҳиссаломнинг Самарқанд ҳудудига келганларини тасдиқловчи маълумотлар йўқ. Демак, уларнинг айнан ўша ҳудудда бўлганлари гумон остида. Бизда, Ал-Буҳорий, Мотурудий, Ат-Термизий каби дин пешволаримизнинг зиёратгоҳлари турганда одамларнинг гумон остида бўлган ерга бориб зиёрат қилишлари кишини ҳайрон қолдиради. Зиёрат қилишни истаганлар учун табаррук қадамжоларимиз талайгина-ку. Гумон остида бўлган ерга бориб, жонлиқ сўйиш, ғорга кириб ният ижобат бўлишини сўраш мусулмонларнинг иши эмас. Биз Ал-Бухорийдек ислом тараққиётига катта ҳисса қўшган буюк алломалар авлодимиз, биз учун бундай ширк келтириш оддий тил билан айтганда жоҳилиятга берилиш уят эмасми? Буюкларни зиёрат қилишни истасак Буҳорий қабрини зиёрат қилиб, ҳаққига дуо қилайлик. Ғорларга бориб ният қилиш ўрнига, тирик уламоларимизни борида қадрлайлик, улардан илм ўрганайлик.  Умуман олганда Нақшбандийнинг ҳассаси дея атрофини айланиб ният қилиш ҳам жоҳилиятдан бошқа нарса эмас. Ислом тараққиёти маркази қуришга бел-боғлаб, ислом илмини ўрганишга эътиборни кучайтириб, Қуръон мусобақалари ўтказиб юрган бир вақтимизда “Шу ғорга кирсам ниятларим ижобат бўлади”, деб ўйлайдиган мусулмон биродарларимиз бизни уялтириб қўйишмоқда. Араб давлатларидан, Малайзиядан келган меҳмонлар ислом тараққиётига катта ҳисса қўшган уламоларнинг авлоди дарахтга ип бойлаб, атрофида айланиб юрганини ёки ғорга кириб ният қилиб ўтирганини кўриб устимиздан кулмайдиларми? Аслида, илмий далиллардан бехабар бўлган одамларни айблаш ҳам ўринсиз. Бу масала юзасидан вилоятдаги дин пешволари чора кўришлари керак эди. Самарқанддаги дин пешволари ҳам бу вазиятни ўнглашга масъулдирлар деб биламан ва бу жоҳилиятга индамай қараб келаётганларини қоралайман. Оқсой ғори Ҳазрати Довуд алайҳисаломга тегишли бўлмасдан бошқа авлиё қадамжоси бўлган тақдирда ҳам ўша ғорга кириб ният айтиш, жонлиқ сўйиш ножоиз ишдир. Қадамжоларни зиёрат қилишдан мақсад ўтганларни эслаб, Қуръон каримни тиловат қилиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилишдан иборатдир”.

ТУРИЗМ ҚЎМИТАСИНИНГ МУНОСАБАТИ

Ўзбекистон туризм давлат қўмитаси таҳлиллар бўлимининг маълумотларига кўра Нурободдаги Оқсой ғорига Темир Пирини зиёрат қилиш ниятида Ўзекистоннинг турли ҳудудларидан одамлар оқиб келади.  Бироқ, “Темир пири” хозиргача  хорижий сайёҳларни жалб қилган эмас. Ички туризмни ривожлантиришда мазкур ғорнинг ёлғон афсоналарга асосланганлиги ёрдам беради. Ёлғон афсоналардан Италия каби туризмда етакчи бўлан давлатларда ҳам фойдалаилади. Бироқ, диний  пайғамбар каби буюк шахслар номи билан одамларни алдаш нотўғри, дейди таҳлилий бўлим вакили.

ХАТ МУАЛЛИФИГА ЖАВОБ

Хат эгаси бизга “сохта” зиёратгоҳ аслида қўйхона бўлганини исботловчи далилларни келтирмаган. Шунингдек, биз ҳам Оқсойдаги ғор атрофида қўйхона ёки молхона бўлганини тасдиқловчи далилларни топа олмадик.  Оқсойдаги тепалик балки, ҳақиқатан қўйҳона бўлгандир аммо, хозирда мазкур жой сўлим гўшага айлантирилганлиги салбий ҳолат эмас. Қолаверса бу жой орқали кўпчилик даромад топмоқда, одамлар иш билан таъминланмоқда. Халқимиз орасида одамлар машина сотиб олишдан аввал шу ғорни зиёрат қилишлари айтилади. Баъзилар учун бу ахмоқгарчилик. Нима бўлган тақдирда ҳам одамларни Темир Пирига ишонишига қарши боришга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Шу билан бирга “сохта” зиёратгоҳдагилар Ҳазрати Довуд алайҳиссалом номи билан одамларни алдашини жимгина кузатиб ҳам туролмаймиз.  Бир неча дин мутахассислари Ҳазрати Довуд алайҳиссаломнинг бу ғорга алоқалари йўқлигини ва у ерда ислом динига зид амаллар бажарилаётганини тасдиқлади. Бу “томоша”га чек қўйилиши учун назаримизда вилоятнинг дин вакиллари далиллар билан тегишли идораларга мурожаат қилишлари керак. У ердаги бажарилаётган хурофотлар ҳар кимнинг иймонига боғлиқ шахсий масала. Бу амалларни бажаришга ишонтириш ва ундаш   ваколати ҳам ҳеч кимга берилмаган. Оқсой ғоридаги тадбиркорлар одамларни динга зид амалларни бажаришга даъват қилмасликлари керак.  Оқсойдаги ғаройиб ғор, гўзал манзаралар эса бу билан зиёратчиларсиз қолиб кетмас. Мазкур жойни маданий-манавий ҳордқ чиқарувчи гўша сифатида сақлаб қолиниши ва ривожлантирилиши тарафдоримиз.

Анора содиқова

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82