• 20 май GMT +05:00
  • 8025.83
  • 9597.29
АҚШ телеканалининг Саудия шаҳзодасидан олган интервьюси журналистикага қарши жиноятдир
24.04.2018 11:22:43
1302 Ўзбекистон

«Бор йўғи 32 ёшли йигит бўлишига қарамай, Муҳаммад ибн Салмон ўта жасоратли ва қатъиятли кўринади. У қисқа вақт ичида яқин даврларнинг энг аҳамиятли араб етакчисига айланди».

«60 Дақиқа» кўрсатуви (18 март) якшанба оқшомида Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон билан ўтказилган интервьюни айнан ана шу сўзлар билан бошлади.

Ўз фаолиятини “CBS” каналида илк бор 1968 йилда бошлаган «60 Дақиқа» кўрсатуви «Америка телевидениесидаги энг эътиборли ахборот журналларидан бири» дея таърифланган ва бошқа ҳар қандай дастурлардан кўра кўпроқ «Эмми» мукофотини қўлга киритган. Бу ахборот дастури ўзини «кескин ва танқидий журналистик текширувлар, интервьюлар, махсус сегментлар ва шахслар профиллари» етказиб берамиз деб таъкидлайди.

Тушунарли бўлдими? Мукофотлар совриндори. «Эътиборли». «Танқидий».

Хўш, ундай бўлса нега Саудия шаҳзодаси ҳақидаги кўрсатув Қироллик ҳукумати ҳақидаги жиддий ёки танқидий руҳдаги интервьюдан кўра кўпроқ оддий рекламага ўхшайди? «Унинг Саудия Арабистонида ўтказаётган ислоҳотлари инқилобий бўлди», - дейди ёш подшоҳ билан Риёзда қилган махсус интервьюси олдидан мухбир Нораҳ О`Доннелл. «У аёлларни озод қиляпти, мусиқа ва кинони олиб киряпти ҳамда коррупцияга қарши қаттиқ чоралар кўряпти».

О`Доннелл хоним тимсолида Саудлар ўзи учун АҚШ матбуотида янги маддоҳ топган кўринади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муассасалари томонидан «жаҳоннинг энг аянчли гуманитар инқирози» дея таъриф берилган Саудиа Арабистонининг Яман бомбардимони ва қамаличи? Бу мавзу 30 дақиқалик интервью мобайнида атиги икки дақиқагина ёритилди, холос. Саудия Арабистонининг инсонларни бўлар-бўлмасга қатл этиш ва тошбўрон қилишига оид даҳшатли давомати ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бу ҳодисалар Риёздаги «60 Дақиқа» кўрсатуви жамоаси тарафидан ҳатто бир маротаба ҳам тилга олинмади. Бунинг ўрнига, биз О`Доннелл хонимнинг Саудия шаҳзодасининг нақадар ёшлиги, унинг меҳнаткашлиги ва ҳайдовчи аёлларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги бўрттирилган мақтовларинигина эшитдик.

Шуни таъкидлаш жоизки, бу суҳбат бошдан охиригача ҳеч қайси бир муҳим мавзуга алоқаси бўлмаган олди-қочди саволлардан иборат эди. (Масалан: «Нима сиз учун энг катта синов бўлган?» Яна бир бошқаси: «Сиз отангиздан нимани ўргандингиз?»).

Шундай қилиб, конструктив танқид руҳида ва АҚШ матбуотининг Саудия шаҳзодасига бўлган жуда бир ғалати муҳаббатига қарши ўлароқ айтаманки, «60 дақиқа» кўрсатуви шаҳзодадан сўраши мумкин ёки шарт бўлган жиддийроқ ва долзарб саволлар қуйидагича кўринишда бўлиши керак эди:

•  Сиз ўзингиз 2015 йилда Ямандаги урушни бошлашга ёрдам бердингиз ва шунга қарамасдан, ҳозиргача барча зўравонлик ва азоб-уқубатларга сабабчи сифатида ҳусий исёнчиларини айбламоқдасиз. Бироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ямандаги тинч аҳоли орасидаги ўлимларнинг энг кўпига Саудия Арабистони уюштирган ҳаво ҳужумлари сабабчи эканини айтади. Шу қаторда, Халқаро Амнистия ташкилоти «Саудия Арабистони бошчилигидаги коалициянинг 34 та ҳаво ҳужуми халқаро гуманитар ҳуқуқларни бузган ва бу ҳужумлар тинч аҳоли ва касалхоналар, мактаблар, бозорлар ҳамда масжидлар каби фуқаролик объектларини қасддан нишонга олган кўринади» дея таъкидлаган. Бошқа юртларда олиб бораётган урушга оид жиноятларингиз билан бир қаторда ўз юртингизда қандай қилиб «ислоҳотлар» ўтказмоқчисиз?

•  Ушбу интервьюда сиз Ямандаги Ҳусий исёнчилари «очлик ва гуманитар инқирозни юзага келтириш мақсадида инсонпарварлик ёрдамини тўсиб қўйди» дея маълумот бердингиз. Аммо айнан ана шу инқирозни келтириб чиқаришда ўзингизнинг тутган ўрнингиз қандай? БМТ мутахассислари «Саудия Арабистони Яманга инсонпарварлик ёрдамининг етказиб берилишига қасддан тўсқинлик қилмоқда» деб топди. Нима деб ўйлайсиз, Яқин Шарқдаги энг бой мамлакатлардан бири учун айнан шу Яқин Шарқдаги энг қашшоқ мамлакатни очарчиликка ташлаши ахлоқий зўравонлик эмасми?

•  Сиз Эроннинг сайланмаган ва ўзига хос «олий йўлбошчиси» Оятуллоҳ Ҳумайнийни Адольф Ҳитлерга таққосладингиз. Бироқ ўзингизнинг автократик бошқарув услубингиз ҳақида нима дейсиз? Сизга мухолиф бўлганларга руҳонийлар, зиёлилар ва фаолларни тутқунликка солиш орқали ҳужум қилдингиз ва бошқа шаҳзодалар эса тутқунликда таҳқирга учради деган хабарлар ҳам бор. Шундай экан, саудиялик машҳур журналист ва қироллик оиласининг собиқ маслаҳатчиси Жамол Хашогги сизни Владимир Путин билан қиёслаганининг ва сизни Саудия Арабистонининг ўз «олий йўлбошчиси» деб атаганининг нимаси ажабланарли?

•  Сиз бу шаҳзодаларни коррупцияга қарши кураш доирасида ҳибсга олиниши керак эди дея таъкидладингиз. Аммо Саудия аҳолиси сизнинг ҳам порахўр эмаслигингизни қандай билса бўлади? Ахир сиз Франция жанубида дам олишда эканингизда Россияга тегишли ҳашаматли яхтани кўриб қолиб, сўнг уни ўша заҳотиёқ 550 миллион долларга сотиб олган шаҳзодасиз-ку! Бунча пул қаердан келган?

•  Сиз ушбу интервьюда Эроннинг «Ал-Қоида» билан ҳамкор эканини айтдингиз. Ҳолбуки, Сенат Интеллигенция Қўмитасининг собиқ раҳбари Боб Граҳамнинг айтишича, 2002 йилги Конгресс Қўшма Текширувининг махфий тутилган 28-саҳифасида «11 сентябр террорчилик воқеаси билан Саудия Арабистони қироллиги, Саудия хайрия ташкилотлари ва бошқа Саудиялик манфаатдорлар ўртасида мустаҳкам боғлиқлик бор»лиги кўрсатиб ўтилган. Саудия Арабистони ҳукумати ўзининг «жиҳодий» террористларни молиялаштириш, қуроллантириш ва қўзғашда тутган узоқ муддатли ва кенг кўламли ўрнини тан олиш вақти келмадимикан?

•  Саудия таълим тизимининг тоқатсизлик ва экстримизм алангасини ёқиши бор гап эмасми? ИШИДга Раққадаги мактаб ўқувчиларига тарқатиши учун дарсликлар керак бўлганда, у Саудия давлати дарсликларининг онлайн нусхаларини босиб чиқаргани ҳақидаги далилни қандай изоҳлайсиз?

•  Сиз ушбу интервьюда эронликлар минтақада «кенгайишни хоҳлайди» дедингиз. Лекин Араб ҳукуматининг сайланган раҳбарларидан бир эмас, иккитасини – Яман президенти ва Ливан бош вазирини уларнинг қаршилигига қарамай ушлаб турган Эрон Ислом Республикаси эмас, балки сизнинг раҳбарлигингиз остидаги Саудия Арабистони Қироллиги эмасмиди?

•  Сиз ва вазирларингиз сиз қилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни «инқилоб» деб атадинглар. Шундай экан, нега сайловда ўз номзодингизни қўйиб, Саудия Арабистони фуқароларига ўз раҳбарларини эркин танлашларига имкон бермайсиз? Ахир мутлақ монарх ҳали ҳам мамлакатнинг мутлақ бошқарувида экан, уни қандай қилиб «инқилоб» дея аташ мумкин?

Интервьюни олиб борган О`Доннелл хоним кўрсатувнинг бошидаёқ бу Муҳаммад ибн Салмоннинг «Америка телевидениеси билан илк интервьюсидир», дея мақтанди. Аммо у ва унинг мукофотлар совриндори бўлган «60 Дақиқа» кўрсатуви ташкилотчи ва тадқиқотчилари жамоаси ҳокимиятга сайловсиз келган ҳукмдордан ҳисоб сўраш мумкин бўлган камера олдидаги ягона имкониятни ҳавога учирди. Шармандалик жиҳати, О`Доннелл «демократия» ёки «сайлов» сўзларини ақалли бир марта ҳам тилга олмади. Аксинча, ҳатто суҳбатнинг сўнгги дақиқаларида CBS мухбири бу шаҳзоданинг Саудия Арабистонини умрбод бошқариши истиқболи тўғрисида ижобий мойиллик кўрсатгандай бўлди.

«Сиз ҳозир энди 32 ёшдасиз. Бу мамлакатни яна 50 йил бошқара оласиз», - деди у ҳаяжон билан ва қўшимча қилди: «Сизни тўхтата оладиган бирор нарса бормикан ўзи?!»

CBS канали бу томошани «танқидий» журналистик материал дея таърифлаши мумкин. Лекин мен буни журналистикага қарши жиноят деб аташни афзалроқ деб биламан.

“The Intercept”, Меҳди Ҳасан.

Марям таржимаси

azon.uz 

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82