• 16 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
МАТБУОТЧИЛАР УЙИ: КРЕДИТ, ҚАРЗ ВА ГАРОВ УЮШТИРИЛГАН СПЕКТАКЛМИ?
05.05.2018 23:00:25
1576 Ўзбекистон

Тошкентнинг марказида жойлашган “Матбуотчилар уйи” 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида журналистларнинг ижодий маркази бўлиб келган. Бу масканда 1984 йилдан буён устоз-шогирд анъаналари билан қанчадан-қанча журналистлар, ижодкорлар етишиб чиққан. Бу ер кўпгина ижодкорлар учун муқаддас маскан. Ўзбекистоннинг қайси вилоятидан бўлмасин журналистлар пойтахт қалам аҳли билан учрашиш учун тўғри матбуотчилар уйига қараб йўл олади. Бу маскандаги ижодий муҳит ва унинг ўтмиши алоҳида бир китобга жо бўлишга арзийдиган мавзу. Афсуски, бугун ушбу бино тарихга айланиш арафасида.

Жорий йилнинг 21 апрель куни “Матбуотчилар уйи” аукционга қўйилгани ОАВда эълон қилинди.

Маълум қилинишича, халқ орасида “Газета корпуси” номи билан машҳур бўлган бино 15 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликка эга. Бугунги кундаги газеталарнинг танг аҳволи шундай катта миқдордаги қарздорликни келтириб чиқардими? Нима учун журналистлар “ижодий уйи”дан ажралиб қолмоқда? 

Аниқ маълумотларда қайд этилишича, “Матбуотчилар уйи”да мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётини ёритиб келаётган журналистларнинг “газета корпуси” ортидаги 15 миллард сўм қарздорликка умуман алоқаси йўқ. Янаям аниқроғи пулларни ишлатган бошқалар-у, “тўлаётган” жабр кўраётган қалам аҳли бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” Миробод тумани юристининг ахборот беришича “Матбуотчилар уйи” Тошкент шаҳар “Тошбозорсавдо” уюшмаси томонидан мазкур банкка гаровга қўйилган. Сўровимиз юзасидан “Тошбозорсавдо” уюшмаси вакилининг далолат беришича, Тошкент шаҳар ҳокимияти қарори билан “Тошбозорсавдо” уюшмасига кредит олиш мақсадида гаров таъминоти сифатида “Матбуотчилар уйи” қўйилган. Бироқ “Тошбозорсавдо” уюшмаси нодавлат, нотижорат мақомга эга бўлиб, уюшма “Матбуотчилар уйи”ни гаровга қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Гаровга қўйиш ҳуқуқи ва қарор Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан 2016-2017 йилларда амалга оширилган. Буни қарангки, ҳокимият 2016-2017 йилларда бозорларни таъмирлаш, қуриш эвазига “Матбуотчилар уйи”ни, яъни маърифат масканини қурбон қилган. Айтишларича, кредит “Тошбозорсавдо” уюшмаси харажатлари учун олинган ва сарфланган.

газета6.jpg

Қизиқ, “Тошбозорсавдо” уюшма вакилининг айтишича, 2016, 2017 йилларда “Матбуотчилар уйи” гаровга қўйилиб, маблағ олинган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай бозорга сарфланган кредит қопланмаган. Бизга олинган кредит миқдори очиқ айтилмади, лекин мустақил иқтисодчи экспертларнинг далолат беришича агар кредит “Тошбозорсавдо” уюшмаси томонидан Тошкент бозорларини реконструкция қилиш ва қуришга сарфланган бўлса, бозорлар даромади орқали шунча йил ичида осонгина кредит қопланиши керак эди. Бозор даромадли жой. Шундай эмасми? Агар, кредит қопланишининг иложи бўлмаган тақдирда ҳам “Тошбозорсавдо” уюшмаси харажатларига нима учун маънавият ва маърифат маркази бўлган “матбуотчилар уйи” тавон тўлаши керак? 

КРЕДИТ, ҚАРЗ ВА ГАРОВ УЮШТИРИЛГАН СПЕКТАКЛМИ?

“Ўзсаноатқурилишбанк” “Матбуотчилар уйи” ким томонидан гаровга қўйилганини очиқлаган бўлса-да, кредит миқдори ва бошқа тафсилотларни ошкор қилмади. Тошкент шаҳар ҳокимияти “Газета корпуси”ни гаровга қўйиш орқали, кимдир аукционда осонгина унга эгалик қилишига эришмоқдами?

газета4.jpg

Юқоридаги банк, кредит ва гаров ҳудди уюштирилган спектаклга ўхшайди. Тошкент марказида жойлашган “Матбуотчилар уйи” шаҳар марказида жойлашгани туфайли унинг хозирги биносидан бошқа иқтисодий йўналишда фойдаланиб, катта даромад қилиш мумкин. Мисол учун, шаҳар марказидаги меҳмонхона “Матбуотчилар уйи”га нисбатан кўпроқ даромад келтиради. Лекин, даромаддан ҳам устунроқ тарих, маънавият ва маданият деган тушунчалар бор ёки бу ҳақда ёзиш урфдан қолдими? Шундай даромадли масканни гаровга қўйиш орқали унга кўз тикиб турган йирик бизнесменларга йўл очиб бериш мумкин. Бу, албатта, тахминдир холос. 

  

Гаров мулки сифатида ушбу бино Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан бошланғич баҳоси 18 миллиард 750 миллон сўм билан аукционга қўйилди. Аукцион онлайн тарзда бўлиб ўтади. Аукционда қатнашиш учун давлат божи ҳамда бино учун қўйилган дастлабки нархнинг 5 фоизини тўлаб, онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш лозим. Бинони сотиб олишга даъвогар бўлган шахслар сони фақатгина аукцион вақтида маълум бўлади. Аукцион бугун — 5 май куни 9:00 дан 18:00 га қадар бўлиб ўтади. 

ТАҲРИРИЯТЛАРДА НИМА ГАП? 

Ҳозирда "Матбуотчилар уйи"да бир қанча давлат ва хусусий газеталари фаолият юритиб келмоқда. Ижарада турган таҳририятлар уч томонлама шартнома тузади. Шартноманинг бир қисми давлат мулкини ижарага бериш маркази, иккинчи томони мазкур бинони эксплуатация қилиш ҳуқуқига эга бўлган МЧЖга тегишли. Бинони эксплуатация қилиш ҳуқуқига эга бўлган МЧЖ масъулининг айтишича, улар томонидан қарздорлик қайд этилмаган. Улар бинонинг ҳуқуқий эгаси бўлмагани учун “Матбуотчилар уйи”нинг гаров, кредит ва қарз тарихларидан хабардор эмас. Шунингдек, МЧЖ масъулининг сўзларига кўра, мазкур бино аукционга қўйилганидан матбуот, яъни интернет орқали хабар топган.  

ТАРИХГА НАЗАР

Гаров таъминоти сифатида қўйилган "Матбуотчилар уйи"нинг ўз тарихи бор. Устоз журналистларнинг далолат беришича, 1983 йилларда ҳозирги “Шарқ” нашриётининг 16 қаватли биносида жойлашган кўпгина газеталар “Матбуотчилар уйи”га кўчиб кела бошлаган. 1984 йиллардан мазкур бинода таҳририятлар тўлиқ ишлаган. “Матбуотчилар уйи” 1966 йилларда пойдевори қурилиб, салкам 18 йил қолиб кетган. 

газета5.jpg

Устоз журналистлар гувоҳлик беришича, бу йиллар оралиғида бу бино “бандитлар қароргоҳи” бўлган. Кўримсиз ва кимсасиз чала қолган қурилиш кўпгина кўча безорилари учун жанжалли вазиятларни ҳал қилиш жойига айланган эди. Кейинчалик, айнан журналистлар фаоллиги билан қаровсиз қолган бино қурилиши тезлаштирилиб, таҳририятлар кўчирилиб, ҳақиқий ижод уйига айлантирилган.

  Шунинг учун ҳам бугунги кунда журналистикамизнинг устозлари бўлган ҳар бир ижодкор учун "Матбуотчилар уйи" муқаддас жой ҳисобланади. Уни матбуот журналистикасининг рамзи ҳам дейиш мумкин. 

РАМЗИЙ МАЪНОДАГИ ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТНИ ЧЕТГА СУРИБ ҚЎЙИШ ҚАНЧАЛИК ТЎҒРИ?

“Матбуотчилар уйи”ни аукционга қўйиб сотиш, уни даромадли объектга айлантириш, рамзий маънодаги тўртинчи ҳокимият бўлган ОАВни четга суриб қўйиш қанчалик тўғри? 

 Бу борада “Қишлоқ ҳаёти” газетаси Бош муҳаррири Чори Латипов шундай деди: 

 — “Матбуотчилар уйи” Тошкент шаҳар ҳокимиятининг мулки ҳисобланади. Биз таҳририятимиз билан бу жойни бўшатиб бермаймиз, дейишга ҳаққимиз йўқ. Лекин бу ердан журналистларнинг кетказилиши оқибатида келиб чиқадиган муаммоларни эслатиб ўтишни истардим. 

Журналистларнинг, умуман, ижод аҳлининг бир қўним масканига мослашиш одати бўлади. Ижодкор ўз курси, ўз масканига кириб келгунча ёзишга қўли бормайди. Ижодкорда шундай хислат бор. Уни доимий ўрганиб, ижод қиладиган жойидан кўчириш унинг ижодига салбий таъсир кўрсатади ҳам қалам аҳлининг ижоддан кўнгли совийди.

Билишимизча, қайсидир қарзни узиш учун бу бино сотилаётган экан. Яширмаймиз, шундоғам кўнгилчанликка мойил бўлган ижод аҳли бу ҳаракатларни ўзларига бўлган салбий муносабат, деб қабул қилиши табиий.

  ТАНЛОВ.jpg

  

Шунингдек, бу бинода техник ва ижодий жиҳатдан қулайликлар бор. Бинодан журналистлар кўчирилса, улар ҳар тарафга сочилиб кетади, ижодий масофа узоқлашади, ижодий муҳит, ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашиш деган нарсаларга путур етади. Барча ижод аҳлининг бир-бирига яқин бўлиши, бир-бири билан мулоқот қилиб туриши зарур, деб ўйлайман.

Қолаверса, нашрлар билан боғлиқ бўлган фуқаролар ишида ҳам оворагарчилик кўпаяди. Ҳозирги шароитда нашрлар билан иши боғланган инсон бинога келгач, унисида бўлмаса бунисида иши битади. Таҳририятлар шаҳар бўйлаб сочилиб кетганда эса қайсидир ҳудуддан нашрга бир юмуш билан келган одамга бизнинг нашрда бу ишингиз битмайди дейилса, иккинчи бир нашрни излаб шаҳар айланишига тўғри келади. 

  Яна бир жиҳати, бу ерда ижара ҳақларида имкониятлар назарда тутилган. Бошқа жойда ижара нархлари ошиб кетади. Бу аниқ. Чунки бу бино таъмирталаб, қолаверса, идоравий фаолиятгагина мослашган бинони сотиб олган янги эга буни бошқа бир фойдали фаолиятга мослаши (келажакда фойда кўриш учун сотиб олади) учун уни сотиб олиш нархидан кам маблағ сарфламайди. Ҳар ҳолда газеталарнинг ижара пули уни қаноатлантирмайди. Газеталар айни дамда моддий қийинчиликда, қоғоз нархлари 2.6 баробар ошган.

Агар бинони бўшатиб бериш керак бўлса, энди нашрлар олдида жой қидириш муаммоси пайдо бўлади. Тармоқ газеталарига муассис жой ажратади, деган фикрлар бор. Лекин мисол учун “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 22 та муассиси бор. Газета энди 22 жойга бўлиниб борадими..?

Бу ўринда келиб чиқадиган муаммолар талайгина. Санасак саноққа сиғмайди. Бу бинога, яъни "Газета корпуси" дея манзилига етиб келадиган, нашрларга келиш учун манзил сўралганда шундай атама билан тушунтирадиган ижод аҳли бу атамани қандай унутаркан. 

  Энг таъсирлиси, шаҳар ҳокими "Матбуотчилар уйи" номи бугунги кунда бундай номланишга мантиқан мос эмаслиги боис бошқа номга ўзгартирилсин!", деган ҳужжатни имзолаган бўлса керак. Бу табиий. Матбуот йўқ кўчада бу ном нима қилади? Ҳеч бўлмаса ҳар куни бу кўчада тинмай сайр қилиб юрган сайёҳларга кулги бўлмаслик учун ҳам бу ҳужжат имзоланади.

Яна билмадим, балки бу ўринда ечим топиб қўйилгандиру, биз бундан хабардор эмасдирмиз. Балки бу ҳамкасблар фаолиятига тегишли шарт шароитлар масаласининг ижобий томонга силжишига сабаб бўлувчи бир ҳолатдир. Нима бўлганда ҳам оқилона ечим барибир бўлади, деб умид қиламиз. Менимча, баъзи ижтимоий тармоқлар овоза қилганидек, газеталар аҳволи энди не кечади, қабилидаги хавотирга ўрин йўқ. 

МАТБУОТ РАМЗИ АҚШДА “НЬЮ-ЙОРК ТАЙМС” БЎЛСА, БИЗДА “ГАЗЕТА КОРПУСИ” ЭДИ... 

Хорижий давлатларда бўлганингизда, ҳар бир сайлгоҳ ва биноларнинг ўзига хос тарихини эшитиб, ўша давлат маданияти, сиёсий тарихи ҳақида фикрга эга бўласиз.

газета8.jpg

  
Нью-Йорк, “Таймс” сайилгоҳи, 56 қаватли “Нью йорк таймс” газетаси ва бошқа етакчи нашрлар жойлашган осмонўпар бино. 
 

“Нью Йорк таймс” таҳририяти яқинидаги сайлгоҳда доим одам гавжум. Бу ернинг ҳам ўзига хос тарихи бор. Айтишларича, газета журналистларидан бири ўша ерда одамлар диққатини тортиб, баланд овозда бўлажак мақоласи фикрлари билан бўлишган, улардан муносабат сўраган. Бора-бора ўша майдон одамлар билан гавжум сайлгоҳга айланган. Бугун бу сайлгоҳ сайёҳ ва маҳаллий аҳоли орасида жуда машҳур ва ҳамон гавжум маскан. Ўйлаб қоласан қаердадир одамлар тарих яратади, яна қаердадир яралган тарихни бузишга интилади.


Америкаликлар ҳам жуда яхши билади, газетчилар биноси ёки ҳиёбони катта даромад олиб келмаслигини, аммо фикрлар хилма-хиллиги, жамият равнақи учун хизмат қиладиган ОАВларни ўзидан узоқлаштирмайди.

 
Ўзбекистоннинг етакчи нашрлари жойлашган “Матбуотчилар уйи”ининг ҳам ўзига яраша тарихи ва “босиб ўтган” сиёсий даврлари бор. Бу бинолар ким учундир оддийгина кўп қаватли ойнали деворлардир, лекин маърифат аҳли учун улар йиллар тўфонига бардош бериб, авлоддан-авлодга тарихнинг бир бўлагини, руҳини олиб ўтаётган маскандир. Матбуот билан хайрлашмайлик, журналистларнинг рамзий уйига айланган масканни тижорат мақсадида қурбон қилмайлик. Бизгача шаклланиб етиб келган тарихни, анъанани бузишга ҳаққимиз борми? 

ГАЗЕТАЛАР ТАҚДИРИ ҲАЛ БЎЛГАНМИ?

“Матбуотчилар уйи” бугунги кунда таъмирталаб бўлиб, танг аҳволга келиб қолган. Бу худди бугунги кундаги журналистикамиз вазиятини изоҳлагандай кўринади. Гўёки, қалами ўткир, муаммоларни забардаст кўтариб чиқувчи ижодкорларга ҳокимиятдан эътибор, ҳурмат йўқдек.

газета1.jpg

Ушбу бинони қайта таъмирлаб, хорижлик меҳмонларга журналистикамиз тарихи ва бугунги кунгача босиб ўтган йўлни кўрсатувчи масканга айлантириш, қалам аҳлига замонавий шароит яратиб бериш мақсадли иш бўлмасмиди? 

Хорижий давлат сиёсий арбоблари ёки ижодкорлари матбуотимиз билан танишиш учун “газета корпуси”га бориши табиий. Ҳукуматнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётини ёритувчи, давлат мафкурасини етказувчи, давлат ва халқ ўртасида кўприк бўлувчи журналистларнинг тарихий жойини замонавий кўринишда таъмирланиб, ўз ўрнида қолдирилиши лозим эмасми? 

“Журналистлар уюшмаси”ни ҳам шу жойга кўчириб, уни матбуотимиз юзига айлантириш керакмиди..? 

Янги мулкдор журналистларга қандай муносабатда бўлади? Тошкент шаҳар ҳокимиятидан бу масалага адолатли ечим кутса бўладими?.. Саволлар кўп фақат унга бериладиган жавоблар керак. 

Маърифат уйини қарзга ботирган бошқалар, “уйсиз” қолаётганлар эса журналистлар. Бу орада марказда жойлашган мўмай даромадли бинога эга чиқаётганлар яна бошқалардир. Матбуот уйини ким қутқаради..? 

АНОРА Содиқова

манба: ЎзА

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82