• 20 май GMT +05:00
  • 8025.83
  • 9597.29
Президент: Юракдан чиқариб айтяпман, дўст бўлсангиз, бу ишларни тўхтатинг
14.04.2018 23:42:47
3138 Ўзбекистон

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўча супуришга мажбур бўлаётган ўқитувчилар ва президент учун ҳозирланаётган кўзбўямачиликлар ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

«Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, [кўзбўямачилик] менда нафрат уйғотмоқда.Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, «тайёргарлик»​ка жалб этиш - сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат», дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари деярли 4,5 соат давом этган йиғилиш бошланиши биланоқ «мақтов ва қарсакбозлик» даври тугагани, энди «садоқат билан ишлаш» зарурлигини яна бир марта таъкидлади. Шунингдек, президент учун ҳозирланаётган кўзбўямачилик уни ранжитишини айтади.

«Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, [балки] лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз (маҳаллий ҳокимият раҳбарлари - таҳр.) мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг.

Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир «меҳмон» келади, деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин, менинг юрагимда бу худдики, мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар [қилмиши учун] қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам, у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда.

Ахир, биз фаолиятимизнинг биринчи кунидан бошлаб, ҳалол ва адолатли, бир-биримизга хизмат қилишга келишиб олдик. Энди бундай кўзбўямачилик кимга керак?! Мени юрагимда катта армон, азоб бор. Халқимизнинг қандай аҳволда яшаётганини мендан бошқаси яхши билмайди. Ўзим кулиб юрганим билан, дардим ичимда. Юракдан чиқариб айтяпман, дўст бўлсангиз, бу ишларни тўхтатинг. Шунча йилда ҳеч нарса қилмаганмиз, бир ярим йилда буларни қила олмаслигимизни ҳам биламан. Айрим пайтларда ҳеч кимга ишонмай қоляпман, йиғилишларда ҳам ҳаммаси тайёрланган одамлар... Мен халқни эшитишга, дардини тинглашга келганман, баландпарвоз гапларни айтманг»​, дея мурожаат қилди давлат раҳбари.

«Одамларимиз ҳам баландпарвоз ваъдалардан чарчагани - ҳақиқат. Сўнгги вақтларда вилоятларга ташрифим юзасидан [фикр билдирсам], мен кўп тайёргарлик қилишларини сўрамайман. Атрофимдаги каттаконларга ҳам топшириқ бераман: ана шу ҳокимлар ва маҳаллий органлар президент ташрифига алоҳида безак бермасин»,

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82