• 17 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
Шифокорга оқ халатни ким беради? Қонунда бор, амалда йўқ меъёрлар
19.04.2018 13:20:37
2273 Ўзбекистон

Шифокорларни иш берувчилар оқ халат ва бошқа бир марталик гигиена воситалари билан таъминлаши керак. Аслида шундайми?

Шифокорларнинг ҳар 6 ойдаги тиббий кўриги харажати ҳам иш берувчи томонидан қопланиши керак. Буни шифокорларимиз биладими?

Кечаси билан иситмалаб, эрталабдан маҳалламиз поликлиникасига чиқишга мажбур бўлдим. Поликлиника эшиги ёнида Бош ҳамширанинг шанғиллаб янги келган ҳодимни силтаб уришаётгани устидан чиқдим. “Оқ халат тагида тўқ кўк эмас, қора классик шим бўлиши шарт. Эртага шиминг ранги қора бўлмаса, ишдан ҳайдайман.” , дейди ҳамшира ёш шифокор йигитга ўдағайлаб. Шу тобда улар ўртасига тушмасам бўлмасди, касбий касаллик-да, тўғри тушунинг.
— Опа, поликлиника ходимларига фақат шунақа шарт қўядими ёки уларни талаб қилинаётган махсус форма билан ҳам таъминлайдими?  
Саволимдан ажабланган ҳамшира шундай жавоб қилди:
— Эсингиз борми? Нега биз берар эканмиз. Халатни ҳамма ўзи сотиб олади. Мен ҳам ўзим олганман. Ким айтди сизга давлат халат билан таъминлайди деб?
Суҳбатимизга поликлиникага кўрикка чиққан пенсионер аёл ҳам қўшилди.
— Оқ ҳалат сифатлиси 50-150 минг сўм атрофида, оқ шиппак яна 50 минг сўм, тиббий кўрикдан ўтиш учун яна шунча (100 минг атрофида) пул, йўл кира, тушлик – бу ҳали маош олмаган ҳамшира фарзандимнинг ишга бориш учун сарфлаши керак бўлган ҳаражатлари. Илк маоши 590 минг сўм атрофида эмиш. Солиқ олиб ташланса қўлига 490 минг атрофида тегар.  
Бир қарашда арзимаган харажатлар. Лекин шундай бўлса-да “шифокорларни махсус кийим билан таъминлаш кимнинг бўйнида? Ҳамма ўзи сотиб олишга мажбурми?” яна ўша касбий касаллик туфайли ушбу саволларга жавоб олишга қизиқдим.  
Арзимаган оқ халат. Шифокор бир йилда 1 ёки 2 та халат сотиб олар. Умумий ҳисобда маълумотларга кўра Ўзбекистонда 500 мингга яқин шифокорлар бўлса, шунча оқ халат учун агар бюджет пул ажратаётган бўлса, бу пулларнинг қанчаси шифокорларга халат “кийдиряпти”..?  
Қонунчиликка кўра Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексининг 217-моддасида Ходимлар «махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланадилар.
Бундай ишларнинг рўйхати, бериладиган нарсаларнинг нормалари, таъминот тартиби ва шартлари жамоа келишувларида, жамоа шартномаларида, агар улар тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади», дейилган. Яъни шифокорлар оқ халат, шиппак, ниқоб ва бошқа гигиена воситалари билан таъминланишлари керак. Демак, поликлиникага қон топширишга чиққанингизда гигиена учун перчатка кўтариб чиқишингиз, аслида шарт эмас.  
Тиббий кўрикдан ўтиш шартлари ҳам қонунчиликда очиқ кўрсатилган. Айни шу меҳнат кодексининг 214- моддасида Иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шартлиги кўрсатилган. Шунингдек, “Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар”, деб белгиланган.  
Бу қонунчиликдаги меъёрлар, аммо амалда қандай? Қайси тиббий муассаса шифокорни оқ халат билан таъминлаб ҳар 6 ойда тиббий кўрикдан ўтишини бепул ташкиллаштириб бермоқда?
Тошкентнинг аксарият касалхоналари шифокорларини суриштириб билишимизча улар оқ халатни ўз ҳисобларига сотиб оладилар. Бир неча касалхона ва поликлиникаларни суриштирувида “Халатни ҳамма ўзи сотиб олади”, каби жавобларни олдик.
Шифохоналар сметаларига умуман оқ халатни киритишмайди. Демакки сметага киритилмаса пул ҳам ажратилмайди. Тумандаги тегишли идоралардан амаллаб олган маълумотларимизга кўра умуман оқ халат учун пул ажратилмайди. Ҳатто ҳисобхонадаги аёллар шифокорларнинг қонунан бунга ҳақлари бор эканлигидан ҳам бехабар. Маълум бўлишича ҳамширалар ўзлари шифохонада ишлаб туриб, нима учун яна ҳар 6 ойда янгиланувчи тиббий кўрикларини пуллик топширишларига норозилик билдирганлар. Аммо шунга қарамасдан муассасалар кўрикни текинга ташкиллаштиришни ўз бўйнига олмаган. Тегишли идораларга кириб, оқ халат ҳақида савол берарканмиз, бизга худди ойдан тушган одамлардек қаратилган нигоҳларга дуч келавердик. Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексида келтирилган 217, 214-моддаларни “бўлмаган гап”га чиқараверишди.
Тиббиёт муассаси оқ халатларни талаб қилишдан аввал, Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрлари борлигини ҳам унутмасликлари керак. Зеро ҳамшира ойлиги 590 минг сўмдан бошланади, санитарка маошини-ку ёзмай қўя қолайлик. Кеча ўқишни битириб келган категориясиз шифокорнинг маоши ўртача 873 минг сўм.(солиқлар билан ҳисобланганда) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2009 йил 25 августда 1998-cон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2009 йил 10 августдаги 49-Б-сонли буйруғига Иловасида махсус кийимларни тиббий муассасанинг қўлга киритиш ҳуқуқлари ҳам кўрсатилган.  
Давлат тиббиёт муассасасининг тегишли ҳодими сметасига ходимларнинг махсус кийим, пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан таъминлашни ҳам киритиб, тегишли идорадан талаб қилишга ҳақли экан. Касалхона юқоридаги идоралардан халат учун пул ёки халат ундира олмаганини пеш қилишга ҳақли эмас. Чунки, давлат шифохонаси ўз ходимини оқ халат билан таъминламаса меҳнат кодексини бузган ҳисобланади. Бунинг учун уни судга бериш мумкин.  
Арзимаган оқ халат, бир поликлиника ва касалхона миқёсида олсак неча минг киши. Республика миқёсидачи? Албатта, биз бутун Республика касалхона ва поликлиникаларида суриштирув олиб бормадик. Лекин, биз сўроқ қилган Тошкентнинг аксарият касалхона ва поликлиникаларида саволимизга ажабланган ҳолда “Эсингиз борми? Халатни ҳамма ўзи сотиб олади.”, деган жавобларни олдик. Қонунчиликда кўзда тутилган оддий ҳуқуқни талаб қилсангиз-у, сизга “Эсингиз борми?”, деб жавоб қайтаришса кулгили эмасми?  
Шифокорни оддийгина оқ халат билан ҳам таъминлай олмасдан яна уларни порахўрликда айблаш, хорижга иш қидириб кетганларини ортга қайтаришга уринишларимиз мантиқсиз эмасми?

Анора Содиқова   манба: uza.uz

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82