• 17 июль GMT +05:00
  • 7813.42
  • 9176.86
Собир Сайҳон: Муҳожиротда Ўзбекистонни ривожлантиришга ҳисса қўшишни истаган одамлар кўп
24.04.2018 10:34:49
1774 Ўзбекистон

Туркияда истиқомат қилаётган ўзбек ёзувчиси Собир Сайҳон бугун Тошкентда ижодий учрашув ўтказди. Бу оддий ижодий учрашув эмас, 90 йиллик орзу, 26 йил кутилган учрашув эди. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар ва ҳусусан Туркия билан муносабатлари илиқлашуви Собир Сайҳонни ватанига, у ердаги ёзувчилар даврасига яқинлаштирди. “Ўзбекистонда мени ҳайратга солган ўзгариш бу қатор-қатор янги иморатлар эмас, балки ёш, куч-ғайратга тўла ва илмга интилувчи ёшлар бўлди.”, дейди ёзувчи. Умр бўйи бошдан дўпписини ечмаган ёзувчининг ватанни тарк этиш  тақдири шундай бўлганди...

Фарғона 1930 йиллар, очарчилик. Таг-тугли, илмли инсонлар сиёсий қирғинга учраган. Ана шундай оилалардан бири оч-нахор қўшни давлатга қочиб ўтади. Афғонистонга дарё кечиб ўтатганларга шундай шарт қўйиларди.  Яъни, сувни кечиб ўтиш вақтида фарзанди йиғлагудай бўлса,уни бўғиб ўлдириши шарт.   Чунки,у йиғлаб соқчилар эътиборини тортиши мумкин. Оқибатда соқчилар қочаётганларнинг барини отиб ташлайди. Шу шартга кўнган оила қўлида 30 кунлик чақалоқ билан ватанини тарк этади. Қалтис йўлда Оллоҳнинг амри билан йиғламай ўтган ўша чақалоқ ёзувчи Собир Сайҳон, умр бўйи ватанини қўмсаб, ўтди. Умрида кўрмаган ватан соғинчи, қочқинлик йилларидаги сарсон-саргардонлик хотиралари ёки кўнгил тубидаги азоблари, тақдири уни  ёзувчига айлантирди.  Ватандан йироқда туриб, у ҳақда асарлар, ғазаллар ёзди ва ўзбек адабиётидаги асарларни турк тилига таржима қилди. Совет даврида ватанга қайтиш улар учун хавфли эди.  Ватанда эса унга ўхшаш қочқинлар ҳақида бошқача афсоналар юрарди. Гўёки улар олтинлар-у, битмас бойликлар билан омон қолиш мақсадида Афғонистонга қочишган. Улар гўёки душмандек, эди. “Биз оч-ялонғоч ватанни тарк этганмиз. Аввал, Афғонистон кейин Покистон, Ҳиндистон, Ироқда бўлиб кейин Туркияда қўним топганмиз.”, дея изоҳлайди ёзувчи. Мустақилликдан сўнг, Собир Сайҳон ватанига қайтди. У йироқда бу кунларни қанчалар кутганди. “Бошқа юртларни байроғига қараб туриб, бизни ҳам ўз байроғимиз бўлишини орзу қилардим”, дейди Собир Сайҳон. Кўксига байроғимиз бўлакчасини қадаб юришга одатланган ёзувчининг гаплари муболаға эмаслигига ишонади одам.  Аммо,у умр бўйи ёзган асарларини ўз юртида чоп эта олмади.  Уни ҳамон илиқ қаршилашда кимлардадир ҳадик бор эди. 26 йиллик ҳадикларнинг ҳам якуни бор экан. Уни ватанда ёзувчилар, илм-аҳли юксак эътироф этиб кутиб олишди. Учрашувда ёзувчи ёшликдаги хотираларини эслаб шундай дейди: “Тўққиз ё ўн ёшлик бола эдим. Мозори Шарифда узоқдан Термиз шаҳри кўриниб турар эди. Онам ўша тарафга қараб, “ватан” деб кўп йиғлаганлари ёдимда. Ўшанда нима экан у онамни қийнаётган “ватан” дея, уни топишни истаб, Термизга ишора қилинган тарафга қараб кетиб қолганман.    Онам мени қидириб роса ҳавотир олган. Одамлардан сўраб мени топиб келган-у юзимга бир шапалоқ туширган. Онам “Ўзи, сарсон-саргардонликда юрганимиз камлик қилгандай, энди сендан ҳам айрилиб қолайликми?” деганда мен, “Она мен ватанни қидириб кетгандим”, деганман. Шунда онам мени бағрига босиб аччиқ йиғлагани ёдимда.”

Ота-онасидан  ватан соғинчини мерос олган ёзувчи изтироблари “Тижорат ва ҳалол ош” маърифий-тарбиявий рисоласи,   “Адашганлар”, “Тўлғаной” ва “Емирилган ғурур” ҳикояларига, “Ватан қидирган йигит”, “Самарқандиён”, “Номус”, “Армон”, “Надомат”, “Юрт соғинчи” каби асарларига кўчди. Адиб асарлари асосида “Ватан ягонадир”, “Бир сиқим тупроқ”, “Бировнинг қариндоши” каби ўнлаб телевизион фильмлар яратилди.

“Мендан “Ўзбекистон қандай юрт?”, деб сўрашса, ортиқча таърифламайман. Уларга қисқагина “Ўзбекистон ҳақидаги яхши-ёмон гапларни четга суриб сиз уни бир бориб кўринг, одамлари билан суҳбат қилинг.”, деб жавоб қиламан.”, дейди Собир Сайҳон.

Ёзувчининг фикрича ватандан олисда бўлган киши уни бошқача севади, у ҳақида бошқача сўзлайди. Ўз юртида бўлган одам бахтлидир. Аммо, юртдан олсида бўлганларни ватанни севмасликда айблаш ноўрин. Мухожиротда Ўзбекистонни севувчи уни ривожлантиришга ҳисса қўшишни истовчи ва бу ишга қодир одамлар кўп. Кимларни қай тақдирлар, қаерларга етакламаган. Ватан улар учун, тилдан чиққан оддийгина беш дона ҳарф эмас, юрак тубидан чиқиб, томирларида оқиб юрган туйғу.

Биз билан боғланиш: +998 71 244-25-30; +998 93 577-05-82